Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

24.09.2021


БЮРОКРАТИЯ ФАШИЗМДАН ҲАМ ЁМОНРОҚ

Сараланган сатрлар

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига саноқли кунлардан сўнг 32 йил тўлади. Биласиз, бу борада кўп қарорлар қабул қилиниб, жойларда ҳокимларнинг тил масалалари бўйича маслаҳатчилари бошчилигида давлат тилига риоя этилиши юзасидан чора-тадбирларга қўл урилаётир. Натижа қандай бўлаётганини эса ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз...

Айни ўринда кўчалар, аҳоли гавжум нуқталар, савдо шохобчаларида ажнабий ёзувлар болалаб кетгани ва ушбу масалада назорат етарли бўлмаётгани хусусида фикр билдиргимиз йўқ, ёинки ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш даркор, дея ақл ўргатиш ниятида ҳам эмасмиз.

Энг яхшиси, тилимиз мақоми юксак даражада тараннум этилган асарларни кўпроқ мутолаа этиш зарур, шундагина нутқимиз бойийди, ном танлашда қийналиб қолмаймиз, фахрланишга арзигулик тилимиз имкониятларидан унумли фойдалана оламиз, демоқчимиз, холос.

Бинобарин, қуйида адиб ва таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров қаламига мансуб асарлардан парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Зеро, бу битикларда ўзбек тили жозибаси яққол бўртиб туриши баробарида даврнинг шиддати, куннинг муҳим саволлари акс этган...

* * *

Бизда ҳақни ҳимоя қилиш, ҳақиқатга завол етказмаслик, ҳақиқатни қарор топтириш усул-идоралари шаклланиб етмаган.

Бошқа ҳеч қайда эмас, фақат бизда бир ҳақиқат атрофида мингта "аммо" пайдо бўлади. Ҳақиқат, ижтимоий, ғоятда зарур ҳақиқат юзлаб "аммо"ларга чирмаб ташланади. Миллий тиллар давлат тили, давлатчиликни юритадиган, усул-идорани бошқарадиган тил бўлиши керак деймиз. Лекин дарҳол "аммо" деймиз... ва юз турли тўқиб чиқарилган баҳоналарни ўртага ташлаймиз, уларни муҳокама қилишга берилиб кетамиз. Аён кўриниб турган нарсани "аммо"лаб, буткул шубҳаларга кўмиб ташлаймиз.

* * *

Болаликда кишининг кейинги бутун ҳаётига таъсир кўрсатадиган, онгли ҳаётининг асл моҳиятини белгилайдиган воқеалар, ҳодисалар, башоратлар бўлади.

* * *

Дунёда аҳди паймони бир ва боши қовушган тирик ғоя атрофида бириккан, тил бирлиги, қолаверса, давлат бирлиги ва анъаналар бирлигига эга қавмларни миллат деб қарашга одатланилган.

Миллий тафаккур тарзи кенг маънода фикрлаш шаклларини яратади. Аммо ташқарига қаранг: ҳамма-ҳамма ёқларда глобализация... У инсоният яшаб ўтган барча асрлардан тамомила фарқли... У барча инсонларни умумийлаштиришга, маҳражини йўқотиш, фақат суратни қолдиришга зўр беради. Бундай шароитда миллий ўзига хослик фақат миллий тил ва унинг бойликларида, ифода имкониятларидагина сақланиб қолади.

* * *

Диогендан "Ер юзидаги энг оғир нарса нима?" - деб сўрашибди. Диоген: "Энг оғир нарса - нодонлик", деб жавоб берган экан.

* * *

Фауст бир ўринда: "Тўхта, эй дақиқа, гўзалсан ғоят!" - деб нидо қилганди. Дунё пайдо бўлгандан буён қанча нидолар бўлган. Аммо Фаустнинг бу нидоси барча ўша нидоларнинг гултожидир. Бу лаҳзаларни ўз сатрларига муҳрлаб қолдира оладиган ягона рост шеъриятнинг нидоси! Зеро, шеъриятгина ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайдиган лаҳзаларни тўхтатиб мангу лаҳзалар ярата олади!

* * *

Амалдорлар ичида "мен билан баҳслашиб кўр-чи, қисқичбақалар қишлайдиган жойни кўрсатиб қўяман" дегувчилар озми? Улар буни тилда айтмасалар ҳам дилда айтадилар. Жасоратли ишлар жасоратли инсонларга насиб этади.

* * *

Ҳа, ростдан ҳам ихтиро бўлмасайди, одамзод бунчалар узоқ яшамасди, урушлар, очарчиликлар, таъқиблар, зулму зулматлар, шафқатсизликларга, қирғинларга дош беролмасди. Буларнинг ҳаммасига қарши ихтиролар қилиб, у табиатда муваққат ғолиб бўлиб чиқди. Бошқалар юрган йўллар бор ва бошқалар юрмаган йўллар ҳам бор. Бу ҳақда Навоийдан ўтказиброқ ҳеч ким айтмаган бўлса керак.

* * *

Чўлпон Чеховнинг "Эски қўра" ("Старый дом"), "Битаётган авлоднинг сўнгги қизи" ("Последний из могикан"), "Бўйинга осилган Анна" ("Анна на шее"), "Егер" сингари ҳикоялари таржималарида бундай ноёб сўзларни бот-бот қўллайди. Чунончи, курок - кулангир, тощий - арвак ёки арвоқ, бледнолицая - заҳл (лекин бу сўзни контекст тақозосига кўра "оқ юзли" деб ўгириш маъқулроқ эди), застенчиво - уялчан, дичь - илварсин, вольный дух - саёқлик савдоси, воспитательный дом - гўдакхона сингари кутилмаган сўзлар воситасида табдил қилинганига дуч келамиз. Ҳали мукаммал ишланмаган кўп томли икки тилли луғатлар бўлмаган шароитда бундай изланишларни, ҳозир қандай нотабиий бўлиб кўринмасин, ўша бадиий таржимадаги изланишлар даври учун характерли ҳодисалар деб биламиз.

* * *

Навоий биздек бўлса "Хамса" ҳеч қачон ёзилмасди. Владимир Даль биздек бўлса, ҳеч қачон улуғ луғат дунёга келмасди (нафсиламирга бир Далнинг ўзи қилган ишни ҳозир йирик-йирик институтлар, неча-неча олимларни бирлаштирган луғат секторлари қилиб улгуролмаяпти). Беруний биздек бўлса "Осор" яратилмасди... бундай улуғ иш яратган шарафли зотлар оз эмас. Лекин уларнинг ҳаммалари ҳам гўдакликдан, икки-уч яшар чоғидан буюк китобларни ёд ўқиганлар, шеър-достон дунёсининг асири бўлганлар, илму-урфонда кўшиш кўрсатганлар. Улуғ одамлар ўз-ўзидан яратилмайди. Улар гўдакликдан яратилади. Улар гўдакликдан нимагаки қўл урмасинлар, уни камол нуқтасида адо этиш пайида бўлганлар...

* * *

Нега ҳокисор одамлар бу қадар яхши бўладилар ва бу қадар яхши ёзадилар? - Шу сирни ҳануз англолмайман... Ҳокисорлик, албатта, тупроқ билан тенг бўлиш дегани эмас. Ҳокисорлик - халққа, юртга хизмат қилиб, яна ҳеч қандай хизмат қилмагандай бўлиб юриш, юксак маънавий мезонлар билан яшаш, энг чуқур ишчан маънога эга инсоний камтарликдир. Халқ учун қайғуриш реал ишлар, реал маънавият билан белгиланади. Бошқа ҳамма ҳолларда халқимиз, халқимиз, деб кўкракка уриш манфаатпарастликларни пардалаш ва бориб етган кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас ва бўлолмайди ҳам.

* * *

Ҳар қандай кескинлик энг юксак гуманизмни кўзлагандагина ўзини оқлайди.

* * *

Бюрократизм фашизмдан ҳам ёмонроқ. Чунки у ўз халқига зиён етказади. Чунки у турланади. Олим эмас - олимман деб турланади, золим золим эмасман, ҳақиқатчиман деб турланади. Бюрократия мана шуларни ғоятда ёқтиради, авайлаб ардоқлайди. Улар кучи билан кун кўради. Оми раҳбар - офат. Тажрибалар шуни кўрсатди.   Бюрократия оми раҳбарларни вояга етказди. Халқни оми қилиш учун курашди. Ташқи хавф билан бизни қўрқитди ва шу хавф олдида бизни ожиз қилиб қўйди. Орқада қолганимиз боиси шу.

* * *

Ўзбек тилининг келажаги порлоқ. Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Навоий универсал адабий ўзбек тилини яратган эди. У тилимизни форс, қадимги туркий, араб ва бошқа тиллар ҳисобига беҳад бойитган эди. Сўнг биз бу бебаҳо хазинадан фойдаланишни ўринлай олмадик. Энди бу хазина қайта куч олиши, ўзининг неоренессанс даврига кириши керак. Бу неоренессанс янги авлод асарларида юзага чиқади ва устувор бўлади. Умидворликка асослар етарли. Мен онасини таҳқирлашга, заволга ташлашга йўл қўядиган фарзандни тасаввур қилолмайман. Она тили ўз номи билан она-да...

* * *

Мен доим ўзимга Достоевский "Иблислар"ни ўзбек тилида қандай ёзарди? деб савол қўяман. Тасаввурларимда бу саволга жавоб топишга, ўзбекча Достоевскийча жумлалар яратиш, поэтика тизимини шакллантириш пайида бўламан. Анча вақт, куч, меҳнат, диққат кетади бунга. Алоҳида ноёб сўзлар фақат керак жойда эстетик, бадиий қиммат касб этади. Бўлар-бўлмасга "ноёб" сўзларни қўллайверишнинг ҳеч маъноси йўқ. Менга бир катта ёзувчи ўз вақтида "Осень патриарха"ни "Падарнинг таназзули" деб олинг дегандай қимматли маслаҳат берган эди. Қандай яхши! Аммо яланғоч, поэзия йўқ. Қидириб-қидириб бизнинг халқимизнинг тарихида, Шош, Самарқанд, Пайканд сингари улуғ маданий шаҳарларнинг илк дунёга келиши, шуҳрати дунёга ёйилишида Афросиёбнинг - Алп Эр Тўнганинг ўрни ҳақида ўйлаб ўтириб, хаёлимга бирдан "бузрук" деган сўз келди. У "куз" деб ички оҳангдорликни ҳам топди. Рамзий-символик қиммат касб этди. Ва Г.Маркеснинг "Бузрукнинг кузи" романи ўзбек ўқувчиси қўлига шу ном билан етиб борди. Сўзнинг қиммати, эстетик гўзаллиги фақат керак ўринда, унга талаб бўлганда очилади.

* * *

Китобга биров эрмак, биров овунчоқ, биров билим ва биров ҳаётнинг ҳикояси деб қарайди. Китобларда ёлғон гаплар ёзилади деб ўйлашади. Ёлғонликка ёлғон, лекин бир фарқи китобларнинг ёлғони ростдан яхши. Мен китоб ўқиш мақтанарли бир нарса деб билмайман. Одам нон ейиши, сув ичиши, ҳаво олиши билан ҳеч қачон мақтанмайди-ку, тўғрими? Аммо мен уруш ва айниқса, урушдан кейинги эллигинчи йилларда нонни аввал кўзига суриб, қанча оч бўлмасин, уни ниҳоятда авайлаб, бир ушоғини ҳам ерга туширмай еган, ейдиган одамларни кўрганман. Бу ҳолларни гарчи тушунмасам ҳам, лекин бу нарсада тушуниб бўлмайдиган муқаддаслик яшириниб ётганлигини юракдан туйганман. Бир куни девор кавагига нон парчаси қистириб қўйилганлигини кўриб ўзимдан ўзим йиғлаганман. Бу ниманинг нишонаси бўлиб кўринган, ёмонликка бўлса керак деб ўйлаганман. Китоблар ҳам одам учун шундай: нондай, сувдай, ҳаводай, ўтдай зарурат. Одам шу тўрт унсур бўлмаса яшолмайди. Ҳаёт йўқолади. Китоб эса бешинчи унсур. Китобсиз яшаб бўлади, аммо бу яшаш ёввойи яшаш бўлади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo