Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • Бу йил ёзда стационар болалар оромгоҳларида қарийб 21,5 минг нафар ўғил ва қиз ҳордиқ чиқаради

Шоҳиста БОЗОРОВА

02.06.2023


Бу йил ёзда стационар болалар оромгоҳларида қарийб 21,5 минг нафар ўғил ва қиз ҳордиқ чиқаради

Ёз – 2023

Жорий йил ёзги мавсумда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги сўлим гўшаларда жойлашган 16 та стационар болалар оромгоҳида 21 минг 440 нафар болажонни дам олдириш режалаштирилган бўлиб, вилоятда мавсум 6 июнь кунидан бошланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши томонидан Шаҳрисабз шаҳридаги “Беруний” оромгоҳида бўлиб ўтган болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича вилоят комиссиясининг семинар-йиғилишида маълум қилинди.

2023 йилги ёзги мавсумнинг очилишига бағишланган  бу тадбирда комиссия аъзолари, болалар оромгоҳлари директорлари, бош тарбиячи ва ошпазлар, оромгоҳларга бириктирилган тиббиёт соҳаси ва ички ишлар, фавқулотда вазиятлар тузилмалари ходимлари, ҳомий ташкилотлар ва тасарруфида оромгоҳи бор корхоналар раҳбарлари, спорт йўриқчилари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Джураевнинг таъкидлашича, болажонларнинг ёзги таътил давомида кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари кейинги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлашлари учун замин ҳозирлайди. Президентнинг 2022 йилнинг 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши эса болалар оромгоҳлари бўйича янги даврни бошлаб берди деса, асло муболаға бўлмайди. Мазкур қарор билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклаштириш жамғармаси ва Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилди.

Семинарда мутасадди ташкилотларнинг мутахассислари томонидан  оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз равишда етказиб бериш билан бирга дам олиш масканларининг санитария-гигиена талабларига жавоб беришини назорат қилиб бориш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, оромгоҳларда фаолият кўрсатиш учун ҳар бир соҳадан малакали ходимларни жалб этиш бўйича тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. 

Шунингдек, семинарда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига ҳам урғу берилиб, мутасаддиларга  мавсум давомида оромгоҳларда ташкил этиладиган барча маънавий-маърифий ва маданий,  спорт тадбирларини мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди. 

Оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш ва уни ўтказиш ишларини доимий равишда ўрганиб бориш мақсадида касаба уюшмалари вилоят кенгаши ва тармоқ касаба уюшмалари ходимларидан иборат вилоят штаби ва тезкор ишчи гуруҳлари шакллантирилган. Мавсум давомида интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик ўлкашунослик, техник ижодкорлик, ижтимоий мослашув, тарбия ва спорт-соғломлаштириш, бадиий ижодиёт каби ихтисослаштирилган оромгоҳлар ҳам ташкил этилади.

Семинар давомида тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo