Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Болага туғилишидан то 18 ёшга тўлгунга қадар бир жойда комплекс тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди

Шоҳиста БОЗОРОВА

09.11.2023


Болага туғилишидан то 18 ёшга тўлгунга қадар бир жойда комплекс тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди

 

12 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни

Қашқадарёда Президент ташаббуси билан Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг ташкил этилиши нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, балки бутун вилоятимиз аҳолисининг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқарди. Зеро, 3,5 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилаётган, туғруқлар сони бўйича республикада 3-ўринда турадиган воҳамизда ана шундай туғруққача ва туғруқ ёшидаги аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган замонавий шифохона керак эди.

Қарши шаҳрининг Отчопар маҳалласидаги 3,9 гектар майдонда, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази яқинида 71,6 миллиард сўм маблағ эвазига янгидан қад ростлаган улкан иншоотда 200 ўринли вилоят перинатал маркази, 200 ўринли шаҳар туғруқхонаси, 50 қатновли скрининг ҳамда 50 қатновга мўлжалланган репродуктив марказлар бирлаштирилган ҳолда қайта ташкил этилди. Шу тариқа болага туғилишидан то 18 ёшга тўлгунга қадар бир жойда комплекс тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди.

- Давлатимиз раҳбари 24-25 октябрь кунлари вилоятимизга қилган ташриф чоғида марказимизда яратилган шароит ва қулайликлар билан танишди, - дейди Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори вазифасини бажарувчи Салима Очилова. - Германия, Беларусь ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида шифокорларнинг малакасини ошириш, марказда профилактика ва даволашнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Филиалда бирламчи бўғин муассасалари билан ҳамкорликда ўсмир қизлар, аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оналикка тайёрлашдан бошлаб, ҳомиладорликда антенатал парвариш, скрининг, туғруқ ва кейинги она ва бола парвариши жараёнлари бир жойнинг ўзида олиб борилади.

Шунингдек, каминвазив ва лапароскопик амалиёт турлари 42 тага етказилиб, тубэктомия, кистоэктомия, миомоэктомия ва вентрофиксация амалиётлари йўлга қўйилади.

- 2007 йилдан буён вилоят перинатал маркази болалар бўлимида ишлардим, - дейди неонатолог Ратха Қурбонова. - Перинатал марказидаги шароитлар тўғриси яхши эмасди. Қурилганига кўп йиллар бўлгани сабабли хоналар анча нураб қолган, жиҳозлари ҳам эскирганди. Шу боис ишлашга анча қийналардик. Бу ердаги шароитлар эса ўйлаганимиздан ҳам аъло экан. Барча бўлимлар ва туғруқ залларида энг замонавий жиҳозлар ва ускуналар ўрнатилган. Хоналар шинам, иссиқ. Бундай шароитларда фақатгина виждонан, самарали меҳнат қилишимиз керак.

Марказ 860 дан ортиқ маҳалла доялари билан мунтазам алоқада бўлади. Ягона электрон база орқали вилоятнинг барча ҳудудларидаги ҳомиладорлар ва туғиш ёшидаги аёллар қамраб олинади. 17 та марказий кўп тармоқли поликлиника таркибидаги аёллар маслаҳатхонаси ва 18 та туғруқ мажмуаси билан алоқа ўрнатилади.

 - Шу орқали марказ хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради, - дейди Салима Очилова. - Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказамиз. Ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаймиз. Исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, соғлом оилани режалаштириш чора-тадбирларини амалга оширамиз. Натижада муддатидан олдин 500 граммдан ортиқ вазнда туғилган чақалоқларнинг яшовчанлик даражаси 2 баробар ортади, йилига 8400 та патологик туғруқларни қабул қилиш орқали оналар ҳаёти сақлаб қолинади, вилоятда оналар ва гўдаклар ўлими ҳамда ногирон ва туғма нуқсон билан туғилувчи чақалоқлар сони 2 баробар камайишига эришилади.

Бир сўз билан айтганда бундай  илғор ва самарали амалиёт Янги Ўзбекистоннинг келажаги учун муносиб ворисларни соғлом ва баркамол вояга етказади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo