Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 май, шанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • БОКС МАКТАБЛАРИДА ЎҚИШ 7-СИНФДАН ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, БЕШ ЙИЛ ДАВОМ ЭТАДИ

Ўз мухбиримиз

04.05.2021


БОКС МАКТАБЛАРИДА ЎҚИШ 7-СИНФДАН ТАШКИЛ ЭТИЛИБ, БЕШ ЙИЛ ДАВОМ ЭТАДИ

Спортимиз келажаги

Қашқадарёда бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаби ташкил этилиб, унда воҳамиз вакилларидан ташқари Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари  ёшлари ҳам спортнинг ушбу тури сир-синоатларини астойдил ўрганишади.

Мамлакатимиз Президентининг "Боксни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси сифатида ташкил этиладиган бундай мактаб нафақат Қашқадарё, балки Андижон, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳам очилади.

Қарорда белгиланганидек, бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларининг фаолияти иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиб, уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади. Бу муассасаларда ўқиш 7-синфдан ташкил этилиб, таълим олиш муддати 5 йилдан иборат бўлади. Мактаб ўқувчиларига бепул таълим олиш, олимпия захиралари коллежларининг ўқувчилари учун бир кунлик озиқ-овқат меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат билан таъминланиш ҳамда ўқувчилар турар жойида бепул яшаш ҳуқуқи берилади. Раҳбарлар, тренерлар, спортчилар ва бошқа ходимларга ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Бокс мактабларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи этиб Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги "Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонаси, бош лойиҳачи этиб "ТошуйжойЛИТИ" акциядорлик жамияти белгиланди. Бош пудратчи ташкилот эса танлов (тендер) савдолари орқали аниқланади.

Давлат раҳбарининг қарори билан Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳам тасдиқланиб, унда ҳудудларда бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш юртимизда бу спорт турини ривожлантиришнинг асосий мақсадларидан бири сифатида эътироф этилган ва шу орқали мазкур жабҳада кадрлар захирасини шакллантириш бўйича узлуксиз тизим йўлга қўйилиши таъкидланган.

Концепцияни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"да эса шу йил октябрь ойига қадар бокс мактаблари учун бино ва иншоотлар ажратиш, шунингдек, уларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун 2022-2023 йилларда марказлашган капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини таъминлаш чора-тадбирлари акс эттирилган.

Ўз мухбиримиз

 

Report typo