Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

20.10.2022


Боқийсан, ифтихоримсан, она тилим!

Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг 33 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида “Боқийсан, ифтихоримсан, она тилим!” мавзусида танлов ўтказилди.

Ўзбек тили нуфузи ва мавқеини янада юксалтиришга қаратилган мазкур танловда умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, танлов икки босқичда ташкил этилди. Дастлаб туман ва шаҳарлардан ғолиблар сараланиб, улар шарафи баланд она тилимизнинг беқиёс имкониятларини иншо шаклида ифода этишларига қараб аниқланди.

Қарши шаҳридаги Маънавият масканидаги танловнинг вилоят босқичи эса 3 та шарт асосида ўтказилди.

Дастлабки шарт “Уйга вазифа” деб номланиб, унда иштирокчилар давлат тили қадри, унинг мақомини янада юксалтириш бўйича тайёрлаб келган видеороликларини намойиш этишди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, ҳокимлик, ОАВ вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати ижодий ишларни кўриб, баҳолаб боришди.

Кейинги шартда диктант асосида қатнашчиларнинг саводхонлик даражаси аниқланди.

“Сўз латофати” шартида иштирокчиларнинг ўзбек тили имкониятлари, сўзлар келиб чиқиш тарихини нечоғлик билишлари синовдан ўтказилди. Бунда иштирокчиларга бирор сўз, атама ёки иборани шарҳлаш, келиб чиқиш тарихи, тилимизда қўлланиши, маъно хусусиятларини тушунтириб бериш сўралди.

Якуний натижаларга кўра, Ғузор туманидаги 42-мактаб ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Лайло Чоршанбиева1-ўринни эгаллади. Косон туманидаги 38-мактаб тарғиботчиси Шаҳло Жумаева 2- ва Нишон туманидаги 30-мактаб тарғиботчиси Шаҳло Жалолова 3-ўринни қўлга киритди.

Қайд этиш лозим, 1-ўрин ғолибига телевизор, 2-ўринга микротўлқинли печь, 3-ўринга телефон совға қилинди. Қолган иштирокчилар ҳам қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов иштирок этди.

Б.САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo