Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

18.03.2022


БИР КУН ОСМОНЛАРГА АЙЛАСАМ ПАРВОЗ...

Мана, бу йил олтинчи Наврўзни ўзбекнинг ардоқли фарзанди Абдулла Ориповсиз қарши олаяпмиз. Лекин байрам шоир қаламига мансуб шеърлар ва улар асосида басталанган кўй-қўшиқларсиз ўтмайди. Энди ижодкор жисман ёнимизда бўлмасада, руҳан биз билан бирга. У ўзидан қолдирган улкан адабий мерос оҳанги яна минг-минг йиллар давомида жаранг сочади, шеърият мухлислари қалбига ҳайрат, сурур, ибрат, маҳорат уруғини қадайди.

Албатта, Наврўз Абдулла Ориповнинг энг севимли байрамларидан бири бўлган. Буни шоир ижодида баҳор, кўклам, она табиат мавзуларига кенг ўрин берилганидан ҳам пайқаш қийин эмас. Қолаверса, у кишининг ўзи ҳам айнан байрам санаси - 21 март куни туғилган ва ҳаёт бўлганида бу йил 81 ёшни қарши оларди.

Биз Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, Ватан мадҳияси матни муаллифи, бетакрор шоир сифатида қадрлайдиган Абдулла Ориповнинг асарлари ва шеърларини бугун нафақат халқимиз, балки дунё севиб ўқимоқда. Бугун у кишини хотирлаш асносида умрининг сўнгги йилида ёзган ижод намуналаридан ҳаволалар келтиришни маъқул кўрдик.

Аччиқ чой

Ярим давлат эмиш ниятинг гоҳо,

Қорни тўйган куни йўқсил бой эмиш.

Муҳаббат чиройни танламас асло,

Уйқу босиб келса, тош ҳам жой эмиш.

 

Майли қишлоқдасан ёки шаҳарда,

Эгамга бир феълинг ёқса агарда,

Хизр йўлдош бўлгай доим сафарда,

Бошингга қўнган қуш, у Ҳумой эмиш.

 

Магар чаппа кетса ишинг, омадинг,

Ўттизга кирмасдан ёйдир қоматинг.

Яшашга чайла ҳам қура олмадинг,

Элликка борганда ҳолинг "вой" эмиш.

 

Худойим бердими ақл ва юрак,

Уларга муносиб муҳит ҳам керак.

Кимга элу юрти бўлса гар тиргак,

Қариган чоғда ҳам тошқин сой эмиш.

 

Саломат етдингми қутлуғ бир ёшга,

Шукур қил, ҳамдамсан ойга, қуёшга.

Ва лекин шаробнинг йўриғи бошқа,

Ўрнини босгувчи аччиқ чой эмиш.

29.05.2016

 

 

Хаёл ва ҳаёт

Магар чиқиб кетсам тоғларга томон,

Бўлардим айиқлар билан суҳбатдош.

Дўлана терардим балки ёнма-ён,

Меҳрибон дўстлардек туну кун йўлдош.

 

Шўнғиб кетсам агар теран уммонга,

Сувларнинг остида юрардим яшаб.

Балиқда тоқат йўқ шовқин-суронга,

Улар бақирмайди бизларга ўхшаб.

 

Бир кун осмонларга айласам парвоз,

Турналар сафида чаппор урардим.

Танишдир юлдузлар чалиб турган соз,

Базмига қўшилиб, жўр ҳам бўлардим.

 

Бу гаплар амалга ошмагай асло,

Энди хаёл билан қолганман буткул.

Бошқа бировни-ку айтмангиз, ҳатто

Набирам кўнглига тополмасман йўл.

 

Ҳануз тараққиёт тўхтаган эмас,

Ғордан чиққан каби шу зум одамзот.

Турфа синовларга кела олди бас,

Лекин ўзлигини унутди, ҳайҳот!

 

Афсус, қалбсизликка юз бурди Инсон,

Ақчадир суянган мураббийси ҳам.

Туйғулар бир четда қолдилар ҳайрон,

Бевақт нафақага чиққандек одам.

 

Ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ зарра,

Майли, кўк тоқига чироғингни ос.

Исмингни сўрашмас ҳатто бир карра,

Фалон рақамдаги бандасан, холос.

30.04.2016.

Авлиё қиссаси

Чилла ўтирмоқни қилди-ю ният,

Ғорга кириб кетди бир кун авлиё.

Муҳиблар дедилар гувраниб ғоят:

- Дуонгиз ижобат бўлсин, илоё.

 

Лекин авлиёни вақт ўтган сайин,

Унута бошлади муриду толиб.

Недир юз берганди ўртада тайин,

Қандайдир фалокат келганди ғолиб.

 

Пайт ўтиб, тугади чилла муддати,

Авлиё ғорини тарк этди у кун.

Қалбида жўш уриб меҳру шафқати,

Муҳиблар қошига йўл олди мамнун.

 

Кеча соме бўлган кимсалар аммо,

Ёвуз назар билан қарши олдилар.

- Иблис келди, - дея кўтариб ғавғо,

Уни эл ичидан ҳайдаб солдилар.

 

Рост йўлдан адашгай банда ҳар маҳал,

Магар юрагида заифдир имон.

Кор қилмас энди ҳеч дуо-ю амал,

Сарсондир авлиё, пирлар саргардон.

 

Ҳаттоки эзгулик топгайдир барҳам,

Юмилгай виждоннинг иккала кўзи.

Авлиё ғор томон қўйганда қадам,

Қалбларга кирганди Иблиснинг ўзи.

15.04.2016

 

Ҳаёт ибратлари

Кўчадан келдиму ҳовлимда ногоҳ,

Ари уясига бошимни тиқдим.

Қайси кун, жарчи қуш қилса ҳам огоҳ,

Қашқир тўдасига бирдан йўлиқдим.

 

Ёз пайти сафарга чиқиб бир замон,

Дафъатан тушганман қишнинг забтига.

Аёзда йўл босдим, эгнимда чопон,

Бироқ дучор бўлдим ёзнинг тафтига.

 

Жаннатни кўрай деб, мен шўрим қуриб,

Қанча синовларга айладим бардош.

Ва лекин дунёдан кетмасдан туриб,

Дўзах аҳли билан бўлдим даврадош.

 

Ахир эзгуликка тиккандим-ку кўз,

Дилимда яшарди улуғ ибодат.

Барча юкунишлар ҳайф экан, афсус,

Агарда бўлмаса улар ижобат.

 

Қирқ йил камситдилар эринмай, секин,

Кирар эшигимни қаттиқ ёпмадим.

Ўзимча барчани тушундим, лекин

Мени англайдиган зотни топмадим.

29.03.2016

 

Тоифалар

Сизга баб-баробар ёқмасман сўзсиз,

Гарчи шеър ёзаман ёқмоқ қасдида.

Бирингиз нарвоннинг тепасидасиз,

Иккинчингиз эса унинг пастида.

 

Бир жойдан чиқмаган фикрингиз асло,

Бирингиз тегирмон, иккинчингиз дон.

Мен-чи, тегирмончи кимсаман гўё,

Гапим уқдиролмай, ўртада сарсон.

 

Бирингизга ёқар офтобли кунлар,

Бирингиз ёмғирли кунга ошиқсиз.

Бирингизда мудом ҳасратли унлар,

Бошқангиз ҳамиша кўнгли очиқсиз.

 

Сиз шайдо ва лекин фарқингиз анча,

Дидингиз турлидир, ҳатто қоришиқ.

Бир вақтнинг ўзида, уринмай қанча,

Айтиб беролмасман икки хил қўшиқ.

 

Балки қалбларингиз англамоқ учун

Йиллар ўтиб кетар секин ва оғир.

Келишиб олгайсиз, иншоллоҳ, бир кун,

Қолмас орангизда жумбоқ билан сир.

 

Ҳозир-чи, дардингиз турфадир мутлоқ,

Рози ҳам бўлмайсиз мендан шу фурсат.

Бировингиз учун кўринсам-да оқ,

Иккинчингиз учун қораман фақат.

16.03.2016 й.

 

Шарқ қисмати

Шарқликман,

Эмасман йўлидан озган,

Санъатга ўрайман айтар сўзимни.

Тагор ҳинду бўлиб мадҳиям ёзган,

Мулла Тўйчи айтган "Қора кўзим"ни.

 

Кашфиёт қилай, деб уринмай ҳарчанд,

Йўлимни муттасил тўсди хурофот.

Фикрим коинотни қучса ҳам гарчанд,

Мудом ҳамроҳ бўлди ароба-ю от.

 

Мен ҳатто қуёшнинг ҳидини сездим,

Юлдузлар ифорин туйдим бехато.

Гар севсам, Карбало даштида кездим,

Кирди тушларимга Тожмаҳал танҳо.

 

Бошқалар яратди, мен эса тун-кун,

Унга мафтунликдан айламадим ор.

Афсус, энг чиройли гулнинг ҳам бир кун,

Сўлиб, оёқ ости бўлмоқлиги бор.

 

Бойлик қазиб олдим ернинг остидан,

Тугаб қолишини ўйламай асло.

Тўй қилиб, айрилган бор бисотидан,

Ношуд бойваччанинг ўзиман гўё.

 

Энди англаб етдим, шуҳрат-шонимни

Таъмин этган экан буюк даҳолар.

Ёвларнинг ўқидан хонадонимни

Асраб келмиш доим эзгу дуолар.

02.03.2016

Report typo