Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 апрел, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

18.12.2020


БАНК МАНСАБДОРИ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

Муаммо ва ечим

Тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларда қонун  бузилишларга йўл қўйгани учун вилоятдаги тижорат банкларининг   22 нафар мансабдор шахсига нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга тақдим қилинди.

Бу ҳақда маълумот берган Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарёда фаолият кўрсатувчи ходимлари қўшимча қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишларда банклар томонидан содир этилган 20 дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, 19 та ҳолатда тадбиркорлар мурожаатлари белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган, 2 та ҳолатда ваколатли давлат органларига тегишли маълумотлар тақдим қилинмаган, яна бир ҳолатда эса имтиёз ва преференцияларни қўлламаслик ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳисоб рақамидан асоссиз маблағ кесиб қолиш каби қонунбузарликлар кузатилган.

Мисол учун, "Агробанк" АТБ Қарши тумани филиали томонидан ўз ҳамкори - шу ҳудудда фаолият юритувчи "Shokirbek" хусусий корхонасига (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) нисбатан коронавирус пандемияси даврида берилган имтиёз ва преференциялар қўлланилмаган. Бундан норози бўлиб мурожаат қилган тадбиркорнинг важларини ўрганиб чиқиш жараёнида аниқланишича, ушбу молия муассасаси масъуллари пандемия даврида тадбиркорлик субъекти олган кредитни қайтаришга қаратилган тўловларни кечиктириш чораларини кўрмаган ҳолда, корхона ҳисоб рақамидан апрель ва май ойлари учун муайян суммани ечиб олган.

Қайд қилинган ушбу қонунбузарлик ҳолати юзасидан банк филиали бошқарувчиси Х.Қултоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2416-моддасига асосланиб маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ушбу баённома тегишли тартибда кўриб чиқиш учун Қарши тумани маъмурий судига юборилиб, суднинг 2020 йил 17 июндаги қарори билан Х.Қултоевга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима қўлланилди.

Ўз мухбиримиз

Report typo