Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

07.12.2023


“БАХТУ КАМОЛИМИЗ СЕНДА МУЖАССАМ, КОНСТИТУЦИЯ!”

Танлов

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Бахту камолимиз сенда мужассам, Конституция!” танлови ташкил этилди.

“Конституция – халқчил, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғоя асосида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида Асосий қонунимизни кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган ушбу танловда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари талабаларидан иборат жамоалар ўзаро беллашди.

Танлов икки босқичда ташкил этилди. Дастлаб олий таълим муассасаларида Бош қомусимиз билимдонлари аниқланиб, алоҳида жамоалар шакллантирилди. Кейинги босқич 3 та шарт асосида ўтказилди.

1-шарт “Менинг Конституциям!” деб номланиб, унда жамоалар томонидан Конституция тарғиботига бағишланган, вақти икки дақиқадан кўп бўлмаган ижтимоий роликлар намойиш қилинди. Бунда Бош қомусимизнинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни, аҳамияти, барқарор ва бардавом тараққиёт асоси эканлиги ўзига хос, таъсирчан услубда, аниқ ҳаётий мисоллар орқали бадиийлашган ҳолда ўз ифодасини топди. Мавзунинг очиб берилиши, ижро маҳорати, креатив ёндашувга алоҳида эътибор қаратилди.

2-шарт “Тафаккур баҳси” деб номланиб, жамоалар 2 дақиқа давомида Бош қомусимиз билан боғлиқ 3 та мантиқий саволга жавоб беришлари талаб қилинди.

3-шарт – “Қиёс ва таҳлил” деб аталиб, жамоалар эътиборига рақам танлаш орқали маълум мавзудаги сурат, лавҳа тақдим этилди. Иштирокчилардан сурат ёки лавҳада акс этган ҳолатни Конституциямиз билан боғлаган ҳолда тушунтириш ва таҳлил этиш сўралди. Фикрларнинг ўзига хослиги, теранлиги ва аниқлигига асосий эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, Халқаро инновацион университети талабаларидан иборат “Инновация” жамоаси 1-ўринни эгаллади. Қарши давлат университетининг “Юксалиш” жамоаси 2- ва ТАТУ Қарши филиалининг “Ал-Хоразмий” жамоаси 3-ўринга муносиб кўрилди.

Ғолиб жамоалар ва фаол иштирокчиларга диплом, қимматбаҳо совғалар, китоблар тўплами топширилди.

Б.САЙФИЕВ

Report typo