Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

18.08.2022


БЎРИЛАР ИЧИДА ЯШАШ УЧУН БЎРИЛАРЧА УВЛАШ КЕРАК

Сараланган сатрлар

"Энг сара асарларни ўқинг, қолганини ҳаётнинг ўзи ўргатади", дейишади билгичлар. Жаҳон адабиётининг йирик намояндаларидан бири, шоир, драматург, ёзувчи, театр арбоби Бертольт Брехтнинг "Кураж она ва болалари" пьесаси шундай асарлар сирасига мансуб.

Брехт ўз ижоди орқали урушга, фашизмга қарши курашади. Жумладан, "Уч пуллик опера", "Кураж она ва унинг болалари", "Галилей ҳаёти" "Сичуанлик мурувватпеша" каби асарларида замонавий долзарб муаммолар инсонпарварлик, антифашистик руҳда ўртага ташланган. Шу боис Германия рейхстаги 1933 йилда уни ватанидан қувғин қилади. Ўша йили Берлин опера майдонида фашистлар томонидан уюштирилган китоб ёқиш маросимида Брехт асарлари ҳам оловга ташланади. "Ўлик солдат ҳақида афсона"си учун эса 1935 йилда уни Германия фуқаролигидан маҳрум қилишади.

Қуйида адибнинг "Кураж она ва болалари" асаридан эътиборга молик лавҳаларни сараладик. Ўйлаймизки, битикларда акс этган аччиқ киноя, ҳаёт ҳақиқати ва шафқатсизлиги сизни бефарқ қолдирмайди.

* * *

Дунё урушсиз қиттак тинчиб қолдими, бас инсонлар айнийди-қўяди. Уруш бўлмаса, тартиб, интизом қаёқда дейсиз? Тинчилик бўлдими, одамлар чигирткадек кўпайиб, текинтомоқ бўлиб олишади. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр, деганларидек чимхўр бўлиб қолишини айтмайсизми?! Нон қаймоқсиз ўтмайдиган бўлиб қолади… Мен етмиш йил уруш кўрмаган бир юртда бўлдим. Суриштирсак, ҳатто биронта  одамнинг фамилияси йўқ экан…

* * *

"Ҳамма нарсани ҳам бошлаб олиш қийин. Урушни жўнаштириб юборгунча бироз тер тўкиш лозим бўлади. Уёғига ўзи кетаверади. Ҳатто уруш тўхтаб қолмасмикин деб қўрқиб турасан. Уруш ҳам қиморга ўрганишдек гап. Қиморга бир ўтирдингми, туролмайсан. Лекин қийини ўтиргунча. Одамлар ҳам урушга ўргангунча юраклари дов бермай туради".

* * *

Балиқчи чувалчангга: юр, балиқ тутгани борамиз, деган экан.

* * *

Агар биз урушга ҳадеб ёпишаверсак, у бизни шу қоғоз сингари майдалаб ташлайди.

* * *

Онасини ташлаб кетмоқчи, кўрнамаклар. Буларга уруш ҳавасга ўхшаб қолди! Сенларга уруш бир сайилгоҳу, боришимиз билан полковникликка кўтариб ўтказгани жой тополмайди, деб ўйласаларинг керак!

* * *

Онасининг измидан чиқмаган бола ёмонлик кўрмайди. Сени ёш, ҳеч нарсага ақли етмайди, деб эрмак қилишмоқчи бўлишса, сен шундай иш қилки, куламан деганлар кулги бўлсин.

* * *

Унга жасур аскарлар керакми - ярамаслиги шу! Агар яхши бўлса жасур аскарларни нима қилади? Шусиз ҳам қўли баланд. Билиб қўй, қаердаки жасорат, қаҳрамонлик ҳақида сафсата кетдими иш расво деявер.           

* * *

Худо ақл-фаросатдан қисган қиролми, ё командирни олиб кўр. Қилар ишни қилиб, дўпписи тор келиб қолди, дейлик. Хўш, унда аскар нима қилади? Жасорат, қаҳрамонликсиз иш чиқаролмайди! Кўрдингми, жасорат қанақа ерда керак бўлади. Ёки бирон хасисни олиб кўр. Зиқналик қилиб, кам аскар йиғади-да, ҳаммасидан қаҳрамонлик кўрсатишни талаб қилади. Энди ношуд бошлиқ ҳолини кўр. Агар унинг ҳар бир аскари тулкидай айёр, бўридай олғир бўлмаса иши пачава! Бундайларга нафақат қаҳрамонлик, садоқат ҳам керак! Хуллас, буларга аскарнинг хислати қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ўз айбларини бегуноҳлар қони билан ювадилар. Агар юрт обод, қирол яхши, ҳарбий қўмондон каллали бўлса, жасорат, жасоратли одамлар ҳақида жар солишга ҳожат қолмайди. Одам бўлса бўлгани. Ўша аҳмоқ бўлмаса бас. Менга қолса, қўрқоқ бўлса ҳам ҳечқиси йўқ.

* * *

Гапиргандан гапирмаган яхшироқ, гапирувдим тегди бошимга таёқ, деганлар. Гапирмайсан ҳам, таёқ ҳам емайсан. Соқовлик - сенга худонинг   марҳамати...

* * *

"Бу полякларни айтаман, тақдирга тан бериб ўтирмайдими. Уларга жўжахўрозликни ким қўйибди? Бизнинг қиролимиз лашкар тортиб келган бўлса, тартиб ўрнатай, тинчлик сақлай деб келган. Ҳа булар бўлса, ҳе йўқ, бе йўқ, қиролга уруш очиб бошига балони орттирди-олди. Қирол уруш-жанжалсиз лашкари, тўп-аслаҳаси билан тинчгина турувди. Ана энди тинчликни бузган, шу полякларни ўзи бўлиб чиқади. Нимаики айби - баҳона бўлса, шуларнинг ўзига тўнкалаверади".

* * *

Енгдикми, енгилдикми, ҳали худо билади. Бу валинеъматларимизнинг ғалабаси ёки мағлубиятига қараб ўз омадимизни ўлчаб бўлмайди. Нега десангиз, кўпинча ҳолвани ҳоким, калтакни етим егандай, шведларнинг ғалабаси бизга жабр бўлади. Гоҳида улар талафот кўриб, думни хода қилишади, биз эса бирон нарсалик бўлиб қоламиз.

* * *

- Нима десанг, деявер, лекин мен ноҳақликка чидай олмайман.

- Тўғри-ку-я, лекин қачонгача чидай олмайсан? Бир соат чидай олмайсан, икки соат чидай олмайсан. Кейин-чи? Кейин исканжага тушиб кўзинг мошдай очилиб ақлинг кирадию, кечикиб киради.

* * *

Журъат деганда ҳаммамиз ҳам бир гўрмиз. Хўш, нега? Шунинг учунки, бизни бутунлай - туриш-турмушимиз, эрк-иродамиз билан қўшиб сотиб олишган. Ўзимиз ҳам шунга кўникиб қолганмиз.

* * *

Менинг шиорим: "Ҳамма нарса тўкис бўлсин ёки ҳеч нарса керак эмас".

* * *

Бўрилар ичида яшаш учун бўриларча увлаш керак. Қўл қўлни ювади. Кун нурини игнангга ўтказолмайсан.

* * *

Ғалабани жар солиш бўлса - катталарингни суяги йўқ, ҳаммаси ҳозиру нозир, аскарларга ҳақ тўлашга келганда, биттаси ҳам думини тутқизмайди.

* * *

Мана шу қўмондонию императорининг қилиқларига қараб туриб ачинасан киши. Ўзларича, жасорат кўрсатаяпман, бир кун келиб, ўтганимиздан кейин бизга ҳайкаллар қўйиб, одамлар умрбод эслашади, деб жонлари ҳалак. Бунақаларнинг уйқусига ҳам бутун дунёни забт этиш тушига кириб чиқади. Бошқа нарсани хаёлларигаям келтиришмайди. Кар эшитганини, кўр тутганини қўймайди, деганларидек, булар ҳам билганидан қолишмайди-да, оқибатда ҳоки-туроб бўлиб кетишади. Бу ишлар ким учун қилинади, десангиз, халқ учун дейишади. Хўш, халққа нима керак? Фақат бир нарса, бир кружка пивою маишат керак. Қанақадир буюк ишлар эмас. Шундай бўлгандан кейин хомхаёл режаларнинг охири вой бўлиши турган гап. Буларнинг ҳаммаси ақилсизлик оқибати.

* * *

- Уруш ҳали бери тугамас экан-да?

- Қўмондонни ўлдиришгани учун шундай деяпсанми? Ёш бола бўлманг. Дарахтни бир тепсангиз, қўмондонлар ёғилади. Эррайимлар ҳамма вақт топилади.

* * *

Урушда ҳаётнинг қизиғи йўқми? Бор, ҳа бўтам, бор! Биринчидан,  уруш инсонларнинг ҳузур-ҳаловати учун бўлади. Иккинчидан, уруш бўлиб турган аснода ҳам, уруш ўз ижодкорларининг тинчини ўйлайди, ғамини ейди. Акс ҳолда, уруш бунчалик чўзилмаган бўларди. Мана ўзингни олиб кўр: шу уруш шароитида тинчгина бошпананг бор, маишатинг учун май мавжуд. Уйқу элитса, бирон ўтлоққа буриласану таппа ташлайсан. Фақатгина жанг кетаётган пайтдагина карта ўйнай олмайсан. Ҳа, энди, деҳқон ҳам ер ҳайдаётганда бундай неъматдан бенасиб бўлади-да! Лекин ҳар ғалабадан кейин сен бунинг ҳиссасини чиқариб юборасан.

* * *

Жазава, журъат - мана одамларга нима керак! Шундай юзсизроқ бўлмаса иш чатоқ. Оғзидагиниям олдириб ўтираверади. Хозирги урушли кунларда эртанги қуёшни кўриш учун журъатли ҳам, юзсизроқ ҳам, бетийиқлик ҳам қиласан. Эртаси йўқ кунда бола-чақа, рўзғор қилиш учун ҳам одамлар шунга мажбур. Фақат жазавада ҳар дақиқа бир-бирининг кўзига тик боқиб, жон олиб-жон бериш мумкин. Ана шунда император ва Рим папасини амригаям, ўзларини ўлимигаям чидашади!

* * *

Кўзга яқин қиз-жувонларнинг тақдирини кўравериб бу кўзларни қадоқ босиб кетган. Чиройлиларнинг куни қурсин! Нима кўргилик, бундай, ҳадиксиз боққа чиқолмаса. Чиройли гулни ғунчалигидаёқ дуч келган олиб узсаю, ғижимласа. Қинғир-қийшиғига ҳеч ким қарамайди, умриям узоқ бўлади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo