Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 июль, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

17.05.2024


АСРЛАРНИ ҚАРИТГАН ҚАДРИЯТЛАР

Ёшлар сайли

Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти томонидан “Миллий қадриятлар сайли” ўтказилди.

        Ёшлар сайли халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ўзига хос ва мос бўлган урф-одатлари, маданияти, миллий ўйинларини намоён этди.

- Биз уч минг йиллик тарихга эга халқмиз. Шундай экан, ҳар бир урф-одатимиз, анъанамиз ва ҳатто миллий ўйинимиз бўладими, уларнинг барчаси халқимизнинг асрлар давомида кузатишлари, тажрибалари, хулосалари асосида шаклланган, пайдо бўлган, - деди институт ректори Орифжон Бозоров. - Шунинг учун ҳам улар фарзандларимиз, ёшларимизнинг тўғри тарбия топишига, жисмонан соғлом бўлиб улғайишига, маънан етук бўлишига хизмат қилади.

Сайилда талабалар томонидан тайёрланган турли дастурлар барчага манзур бўлди. Айниқса, арқон тортиш, тош кўтариш, кураш, мак-мак, беш тош, чиллак ўйинлари, келин салом, бахши термалари, лапарлар меҳмонларга ўзгача кайфият улашди.

- Уч ой давомида шу институтда амалиёт ўташ учун келганман, - дейди Малайзиядаги Петронас технологиялар университети талабаси Конни Чан. – Очиғи, бугунги тадбирда намойиш этилган удумлар, миллий ўйинлар мен учун янгилик бўлди. Шундай байрамда қатнашганимдан жуда хурсандман. Бу халқингиз ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишимга ёрдам берди. 

Миллий қадриятлар сайлида институтда яқинда ташкил этилган “Талабалар ҳунармандчилик маркази” аъзолари – талаба қизлар томонидан тайёрланган миллий либослар ва буюмлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Суратларда: сайилдан лавҳалар.

 

Report typo