Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Қашқадарёда "зарбдор йил"да қанча ариқ ва канал бетонлаштирилади?

Темур НИЗОМОВ

14.12.2023


Қашқадарёда "зарбдор йил"да қанча ариқ ва канал бетонлаштирилади?

Вилоятимиздаги кўпгина канал ва ариқлар бетон қилинмагани сабабли улар орқали етказиб берилаётган сувнинг 30-35 фоизи ҳеч қандай иқтисодий самара бермасдан йўқотилиб исроф бўлмоқда. Айниқса, Косон, Нишон, Муборак, Миришкор туманларида бу кўрсаткич 40 фоиздан юқори.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг жорий йил 4 декабрдаги "Вилоятда сув истеъмолчиларига хизмат қиладиган ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ва сув сарфида йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилган.

Ушбу ҳужжат шу йил 29 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, тупроқ ўзанли ирригация тизимлари ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш орқали суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш, канал, ариқларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш, сув ресурсларини тежаш мақсадида қабул қилинган.

Эслатиш жоизки, Президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланаётгани таъкидланган эди. Масалан, юртимизда бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг куб метр сув сарфлангани ҳолда, иқлими ва ери бизникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти. Шу боис сув хўжалигида "каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил" эълон қилинди.

Шунингдек, видеоселектор йиғилишида юртимизда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар 1 куб метр сувга ўртача 212 сўм харажат қилинаётгани, лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда бу 2-3 баробар қиммат экани ҳам билдирилган. Боз устига сув етказиш таннархи жуда қиммат бўлган Қашқадарёда сув тежовчи технологиялар асосида суғориладиган ерлар атиги 16 фоизни ташкил этиши, сув тежашда энг содда агротехник тадбир саналган ерни лазерли текислаш ишлари амалга оширилган майдонлар Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 10 фоиздан камлиги кўрсатиб ўтилган. 


Қашқадарёда сув хўжалигида бир йилда қарийб 2,5 триллион сўм (шундан 2,3 триллион сўм электр энергияси учун) маблағ сарфланиб, 1 куб метр сувнинг таннархи республикада энг қиммат 401 сўм (Амударё ҳавзасидан 482 сўм)ни ташкил этмоқда.


Вилоят ҳокимининг қарорига асосан сув йўқотилиши юқори бўлган каналларни сифатли бетонлаштириш, суғориш тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш, улардаги гидротехник иншоотлар ҳамда насос агрегатларни таъмирлаш ишларини ташкил қилиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи таркиби ҳамда кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги канал ва ариқларни бетонлаш, яроқсиз ҳолатга келган лоток ва бетон суғориш тармоқларини таъмирлаш ва алмаштириш кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мазкур кўрсаткичларга мувофиқ, вилоятимизда яқин тўрт ой ичида жами 1 минг 800 километр, жумладан, жорий йил декабрда 230 километр, келгуси йил январь, февраль ва март ойларида эса мос равишда 480, 550 ва 540 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилган. Шу вақт ичида туманлар кесимида, айниқса, Қарши (186 километр), Чироқчи (165), Миришкор (160), Кўкдала (158) ва Косон (155) туманларида кўп канал ва ариқлар бетон қилиниши керак.

Вилоят ҳокимининг қарори билан, шунингдек, воҳамиздаги сув хўжалиги ташкилотлари ва ихтисослашган қурилиш-пудрат корхоналарига тегишли махсус техникалар (97 та экскаватор ва 15 та бульдозер) туманларга бириктирилди. Бу борада энг кўп машина ва механизмлар Миришкор (12 та), Қарши ва Косон (11 тадан), Ғузор, Чироқчи, Кўкдала (9 тадан) туманларида жалб қилинади.

 Ҳужжатда келтирилган маълумотларга қараганда, вилоятимизда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобида 256 та магистрал ва хўжаликлараро каналлар бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 2 минг 476 километрга тенг, шундан 1 минг 502 километрлик қисми бетонлаштирилган. Кластер ва фермерлар ҳисобида 20,4 минг километр ички каналлар мавжуд бўлиб, шундан 6,2 минг километр лоток, 2,2 минг километр бетон қопламали суғориш тармоқлари, 864 километр ёпиқ тармоқлар ва 11,1 минг километр қисми тупроқ ўзанли сув йўллари ҳисобланади.

Дарвоқе, воҳамиздаги канал ва ариқларни бетонлаштириш билан боғлиқ вазифалар вилоят ҳокимининг жорий йил 7 декабрдаги қарорида ҳам белгиланган. Унда, шунингдек, 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида магистрал ва хўжаликлараро ирригация тармоқлари ҳамда агрокластер, давлат-хусусий шерикчилик ташкилотлари, фермер хўжаликлари, хўжалик ички суғориш тармоқларини тозалаш, ушбу тармоқлардаги гидротехника иншоотлари ва гидропостларни, вилоят насос станциялари ва энергетика бошқармаси ва бошқа мулкдорлар тасарруфидаги насос агрегатларини, суғориш қудуқларини таъмирлаш, фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини жиҳозлаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш,  носуғориш мавсуми учун қишлоқ хўжалиги, саноат ва  бошқа эҳтиёжлар учун чекланган сув тақсимоти тасдиқланган.

Темур НИЗОМОВ

Report typo