Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Қашқадарёда қуёш фотоэлектр станцияси қуриш учун БАА компанияси 250 миллион доллар ҳажмда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этади

Темур НИЗОМОВ

28.03.2024


Қашқадарёда қуёш фотоэлектр станцияси қуриш учун БАА компанияси 250 миллион доллар ҳажмда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этади

Яшил энергетика

Вилоятимизда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуввати 300 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси (ҚФЭС) ҳамда 75 мегаватт бўлган электр энергиясини сақлаш (аккумулятор) тизими қурилади ва бошқарилади.

Осиё тараққиёт банкининг молиявий ва техник кўмагида рўёбга чиқариладиган мазкур лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 мартдаги қарорида белгиланган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, 2021 йил декабрь ойида мамлакатимиз энергетика вазирлиги Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган ҚФЭС қурилиши лойиҳаси доирасида  мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар учун тендер босқичи бошланганлигини эълон қилган эди. Ўтган йилнинг май ойида эса вазирлик  мазкур тендерда "Abu Dhabi Future Energy Company PJSC - Masdar" (Бирлашган Араб Амирликлари) ва "ACWA POWER-Saudi Listed Joint Stock Company" (Саудия Арабистони) компаниялари қатнашиб, "Masdar" компанияси ғолиб бўлганини билдирди.

Президент қарорида янада батафсил тарзда ушбу халқаро тендер "Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ҳамда 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва бошқариш" лойиҳасини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, ишга тушириш ва синовдан ўтказиш, унга эгалик қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб бериш (сотиш), шунингдек, қуёш фотоэлектр станциясини ягона электр энергетика тизимига улаш учун қуриладиган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва бошқа электр инфратузилмасини барпо этиш бўйича ўтказилгани таъкидланган. Унинг натижасига кўра, тендер ғолиби - "Abu Dhabi Future Energy Company PJSC - Masdar" томонидан лойиҳани амалга ошириш учун хусусий шерик сифатида мамлакатимизда "Nur Kashkadarya Solar PV" МЧЖ таъсис этилиб, 2023 йил 30 ноябрда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда хусусий шерик ўртасида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим тузилганлиги қайд қилинган.

Ушбу битимга мувофиқ, "Nur Kashkadarya Solar PV" МЧЖ лойиҳани амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ҳамда 75 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини лойиҳалаштиради, молиялаштиради, қуради ва эксплуатация қилади. Айни пайтда хусусий шерик юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича жами 250,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этади.

Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва хусусий шерик ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида битим имзоланган. Унга мувофиқ "Nur Kashkadarya Solar PV" МЧЖ ўз зиммасига ишлаб чиқарилган электр энергиясини ва уни сақлаш тизимидаги қувватни давлат шеригига кафолатланган тарзда сотиш ҳамда фотоэлектр станциясини ягона электр энергетика тармоғига улаш учун ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриб,  ишга туширилгандан сўнг уларни "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга топшириш мажбуриятларини олган. Ўз навбатида давлат шериги 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиши шарт.

Маълумотларга кўра, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлар доирасида ишлаб чиқарилган 1 киловатт-соат электр энергияси учун чет эл валютасида деноминацияланган 0,03 АҚШ доллари ва электр энергиясини сақлаш тизимидаги фойдаланилган ҳар бир мегаваттига (соатига) 6,33 АҚШ доллари миқдорида тариф ўрнатилган.

Яна бир эътиборли томони - Президент қарорига асосан лойиҳани амалга ошириш муддати давомида янги барпо этилаётган ҚФЭСдан 500 метр радиус ичида станцияга соя тушишига сабаб бўлувчи объектлар қурилмаслиги лозим. Бундан ташқари, 5 километр радиус ҳудудда станцияда ҳаво ифлосланишига олиб келувчи (радиация камайишига сабаб бўладиган) янги саноат объектини қуриш, қазилмалар қазиб олиш ёки чиқиндилар билан амалиётларнинг, шунингдек, мавжуд сувнинг камайишига сабаб бўладиган ишлар ҳам амалга оширилмаслиги зарур.

Мутахассисларнинг изоҳига қараганда, Қашқадарёда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуввати 300 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ҳамда 75 мегаватт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш ва бошқариш лойиҳаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 гигаватт бўлган ҚФЭСларни қуриш дастури доирасида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мазкур дастур, ўз навбатида, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва 2030 йилга қадар мамлакатимизда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш учун 7 гигаваттгача қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича стратегиянинг асосий таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

"Masdar" компаниясининг расмий сайтида эълон қилинганидек, Ғузор туманида  300 МВт қувватига эга қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВтлик электр энергиясини сақлаш тизимининг барпо этилиши натижасида ҳар йили атмосферага ташланаётган карбонат ангидрид ҳажми 401 минг тоннага камайиб, ҳудудда 60 мингта хонадоннинг электр энергияси билан ишончли таъминланиши учун замин яратилади. Лойиҳа доирасида қуриладиган объектлар 2025 йилда фойдаланишга топширилади.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

Report typo