Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

30.05.2022


ҚАРШИДА САБАНТЎЙ БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Қарши шаҳрида вилоят татар-бошқирд миллий маданий маркази ва яна бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Сабантўй байрами ўтказилди.

Баҳорги дала ишлари тугаши муносабати билан ҳар йили кенг нишонланадиган Сабантўй (бошқирд тилида Ҳабантўй) татар ва бошқирд халқларининг энг қадимги ва энг севимли байрамларидан саналади. Унинг номи “омоч тўйи” маъносини англатиб, даставвал ушбу тантана деҳқонлар меҳнатини тараннум этишга бағишланган бўлса-да, бугун Сабайтўй нафақат ҳосилдорлик ва тўкин-сочинлик, балки миллий анъаналар, қадриятлар ва дўстлик байрамига ҳам айланган. Айни пайтда Сабантўй татар ва бошқирд халқлари вакилларини, улар қаерда яшашидан қатъи назар, ўз она тили, маданияти ва буюк аждодлари тарихи билан боғловчи мустаҳкам ришта сифатида юксак қадрланади.

Ушбу жиҳатлар Қарши шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида ҳам яққол сезилиб турди. Унинг доирасида вилоят мусиқали драма театри биноси олдидаги майдонда миллий таом ва либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда татар ва бошқирд миллатлари вакилларининг юртимиз ва хусусан воҳамиз тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида дарак берувчи китоблар ва ҳужжатлар кўргазмаси ташкил қилинди. Вилоятимиздаги миллий маданий марказларнинг фаоллари, “Ойдиной” ва “Насаф” фольклор-этнографик ансамбллари аъзолари, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан ажойиб қуй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.

Вилоят татар-бошқирд миллий маданий марказининг директори Фирюза Ихсанова майдонда йиғилганларни Сабантўй билан табриклар экан, ушбу байрам 2002 йилда инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси дурдонаси сифатида эътироф этилиб, ЮНЕСКОнинг тегишли репрезентатив рўйхатига киритилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, марказни доимий равишда қўллаб-қуватлаб келаётган Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, Татаристон Республикасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Бутунжаҳон татарлар конгресси ҳамда Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳар ҳокимлиги, бошқа ташкилотлар ва шахсларга самимий миннадорлик билдирди.

Юртимизга Сабантўйда иштирок этиш учун Қозон шаҳридан махсус етиб келган Татаристон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алина Сафиуллина ҳамда халқаро танлов ва фестиваллар лауреати Руслан Хасанов ижросидаги миллий ва эстрада қўшиқлари байрам концерт дастурига ўзгача файз бағишлади.

Report typo