Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 февраль, душанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

19.05.2022


ҚАРШИДА – ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТЕХНИК АНЖУМАН

Қарши шаҳридаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида “Қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик ресурсларидан унумли фойдаланиш ҳамда уларни етиштиришда замонавий илғор технологияларни қўллаш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-техник анжуман ўтказилмоқда.

Республика ҳукуматинингИлмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва тегишли фармойиши ижроси доирасида ташкил этилган бу нуфузли тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия ва Непалда фаолият кўрсатаётган олим ва тадқиқотчилар қатнашмоқда. Уларнинг аксарияти анжуман ишида бевосита Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида, унинг лабораториялари ва дала майдонларида, яна бир қисми эса видеоконференц-алоқа орқали масофадан туриб иштирок этишаяпти.

- Мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, - деди Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ойбек Аманов, -Ўзбекистонда, жумладан, республикамизнинг жанубий минтақаларида бошоқли ва дуккакли дон, ем-хашак ва озуқабоп ҳамда ноанъанавий экинлар селекцияси ва уруғчилиги тизимини ривожлантириш, инновацион агротехнологияларни такомиллаштириш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича тажриба алмашишдан иборат. Шунингдек, соҳага алоқадор мутахассислар, талабалар ва фермер хўжаликлари раҳбарларини юртимизда ва чет элда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар билан таништириб, тармоқни ривожлантириш учун илмий таклифлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишни режалаштираяпмиз.

Анжуманнинг биринчи кунида унинг иштирокчилари “Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда илм-фанда эришилган ютуқлар ва уларнинг истиқболлари”, “Иқлим ўзгаришини юмшатишда тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежамкор технологиялардан фойдаланиш”, “Қурғоқчил минтақалар учун қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси истиқболлари”, “Қишлоқ хўжалиги экинлари жаҳон генофонди – озиқ-овқат хавфсизлигининг асоси” каби мавзулардаги маърузаларни тинглаб, уларни муҳокама қилишди. Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ҳамда Маккажўхори ва буғдойни яхшилаш халқаро маркази (CIMMYT) билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда амалга оширилаётган ишлар билан танишишди. Қозоғистон жануби-ғарбий чорвачилик ва ўсимликшунослик ҳамда Туркиядаги Конья деҳқончилик илмий-тадқиқот институтлари олимларининг илмий изланишлари ва уларни амалиётга татбиқ этиш натижалари ҳақида батафсил маълумотлар олишди.

Икки кун давом этадиган халқаро анжуман иштирокчилари эртага шуъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб боришади.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo