Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.НОРОВ, Х.ҚИЛИЧЕВА

06.04.2017


ҚАРШИДА АҚЛ-ЗАКОВАТ БАҲСЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Таъкидлаш жоиз, ўнинчи бор ўтказилаётган мазкур турнир “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва   Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида турнир бош ҳаками Акром Тошхўжаев ҳамда “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши спорт бўлими раҳбари Умид Ражабов оммавий ахборот воситалари вакилларига мусобақани ўтказиш тартиби, ғолибларни саралаш ва топшириладиган совринлар тўғрисида ахборот берди.

Таъкидланганидек, йилдан-йилга ёшлар орасида мазкур турнирнинг нуфузи ва аҳамияти ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. “Камолот” шахмат тахтаси” мусобақалари ака-ука Синдаровлар, Сарвиноз Қурбонбоева сингари кўплаб ёш истеъдодли шахматчиларни кашф этган мусобақа бўлиб, ҳар йили кўплаб шахмат ишқибози бўлган ўғил-қизларнинг ўз иқтидорини синаб кўришларига имкон яратади. Бу йилги беллашувнинг биринчи босқичида 400 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этгани ҳам мазкур турнирнинг тобора оммалашиб бораётганидан далолат беради.

Анжуманда турнирнинг финал босқичи ғолибларига топшириладиган ўзига хос тарздаги статуэтка ва диплом ҳамда медаллар намойиш қилинди. Шунингдек, журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

4 апрель куни Қарши давлат университетида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.   Ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида шахматни янада оммалаштириш, ҳаваскор ёш шахматчиларни рағбатлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат.

- Жамоамизнинг энг моҳир шахматчилари – Абдумалик Амонов, Холида  Жаҳоновадан умидларимиз катта, - дейди бухоролик мураббий Барот Орзиқулов. – Улар аввалги мусобақаларда ҳам юқори натижаларни қайд этишган. Жорий баҳслар ҳам муросасиз бўлишини, ўз ёш тоифаларида кучли рақиблари борлигини яхши билишади. Тайёргарлик жараёнида барчасини ҳисобга олдик.

Эслатиб ўтиш керакки, “Камолот” шахмат тахтаси” анъанавий республика очиқ турнири 5 та ёш тоифасида - 8, 12, 14, 16 ва 19 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида 5 босқичда ўтказилади. Финал босқичида мусобақанинг ҳудудий босқичларида ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган жами 140 нафар ёш шахматчи иштирок этмоқда.

Шунингдек, 7 апрелга қадар давом этадиган мусобақа доирасида ёш шахматчиларга шахмат федерацияси аъзолари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилиб, вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилмоқда. Шунингдек, иштирокчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар ва концерт  дастурлари ҳам намойиш қилинаяпти.

А.НОРОВ, Х.ҚИЛИЧЕВА

Суратда: мусобақадан лавҳа.

С.НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo