Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

26.07.2018


ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ИЖОДИЙ ИМТИҲОНЛАР БОШЛАНДИ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлар жорий йилдан эътиборан тест синовлари топширмайди. Улар фақат ижодий имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинади.

- Мусиқа, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишлари бўйича имтиҳонларни ўтказиш учун 240 ўринли 5 та аудитория ажратилди, - дейди университет қабул комиссияси  масъул котиби Ўткир Тошов. – Уларда барча зарур шароитлар яратилади. Жараённинг боришини кузатиш мақсадида ота-оналар учун жой ҳозирланди. Ҳар бир хонага видеокузатув камералари ўрнатилган. Ота-оналар университет ёшлар марказидаги экран орқали имтиҳонни кузатиб боришлари мумкин. Жисмоний маданият йўналиши бўйича имтиҳонлар эса Қарши шаҳридаги “Динамо” ўйингоҳида ўтмоқда. Ижодий имтиҳонларнинг янада шаффофлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик кенгаши ҳам шакллантирилди.

- Санъат коллежида 3 йил эстрада хонандалиги бўйича таҳсил олдим, устозларимдан ўрганганларим бугунги имтиҳонда анча қўл келди, - дейди Ситора Умирова. – Бироқ анъанавий мумтоз йўналишдаги асарларни ижро этишда камчиликларим борлигини ҳам англаб етдим. Энди бу борада ўз устимда астойдил ишлайман.

Маълумот учун, бу йил Қарши давлат университети кундузги ва махсус сиртқи таълим йўналишига 30 минг 937 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, уларнинг 2380 нафари талабаликка қабул қилинади. Сиртқи таълимга қабул эса 31 июлгача давом этади ва 24 июль ҳолатида 5377 талабгордан 9 та таълим йўналишига ҳужжат қабул қилинган, уларнинг энг муносиб 450 нафари сиртқи таълимга жалб этилади.

Ижодий имтиҳонлар 7 август куни якунланади.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: ижодий имтиҳон жараёнидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo