Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

01.02.2024


ҲАММАДАН ОҒИРИ - ҲАҚИҚАТНИ ГАПИРИШ, ҲАҚИҚАТНИ!

Сараланган сатрлар

Буюк адиб Фёдор Достоевский ушбу асарини 25 ёшида ёзиб, Гоголга кўрсатган, Гоголь эса Белинскийга ҳавола этган. Белинский асарни ўқиб, "Рус адабиётида тезда жаҳонга таниладиган янги даҳо пайдо бўляпти", деб баҳо берган ва ёш ёзувчини қутлаган экан.

Гап "Камбағаллар" романи ҳақида бормоқда.

Асар кекса Макар Девушкин ҳамда ёш Варвара Доброселованинг ўзаро ёзишмалари, мактубларидан иборат. Инсон моддий жиҳатдан қашшоқ, мудом етишмовчилик гирдобида яшар, бироқ ўзлигини, инсонийлигини йўқотмаслиги керак. Бунга ҳаммаям қодирми? Қодир эмас! Меҳр, муҳаббат, садоқат каби беғубор туйғуларни гард юқтирмасдан, беминнат асраб-авайлаш учун кишида катта қалб бўлиши, кўп майда-чуйдалардан баландда туриши керак. Роман ана шундай пок юракли инсонлар кечинмаларидан сўзлайди. Қайғу, мусибат, ҳасратлар аро яшаб турган онинг, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси қадрига кўпроқ ета бошлайсан киши...

*  *  *

Бизлар, ташвишда ва зўр ҳаяжонда яшовчи одамлар, осмон қушларининг қайғусиз ва ёзиқсиз бахтига ҳавасимиз келиши ҳам керак.

*  *  *

Баъзан киши ўз сезгиларига ўралашиб қолиб, бемаъни гапларни гапириб қўяди. Бу нарса юракнинг ортиқча, бемаъни сезгиларидан келади, холос.

*  *  *

Егани бир бурда ноним бор; тўғри, бир тўғрам нон, кўпинча қотган нон бўлади; аммо у бор, меҳнат билан топилган, қонуний, есанг ҳалқуминг пок.

*  *  *

"Ҳар замонда бир замон" деганларидай, одам ҳақиқатни англаб турганига етмайди.

*  *  *

Уларнинг ҳолини кўриб, дилингиз вайрон бўлиб кетади, қизалоққина озиб, чўп бўлиб қолган, чақалоқ ҳам ундан қолишмайди, едириб-ичиришга ҳоллари йўқ! Оталари эски, ёғи чиққан фракда, шалоқ стулда ўтирибди. Кўзларидан ёш думалайди, бу қайғурганидан бўлмаса керак, шунчаки одат, кўзи йиринглаган. Жуда ғалати одам! Гаплашганингда, қип-қизариб кетади, каловланади, нима жавоб қилаётганини билмайди. Муштдеккина қизалоқ бўлса тобутга суяниб турибди, бечора дилгир, ўйчан! Боланинг ўйлангани, онажоним Варенька, менга сираям ёқмайди; жуда хунук кўринади! Ёнгинасида ерда латта қўғирчоқ ётибди - ўйнаш қаёқда, бармоғи лабида, қилт этмайди, шўрлик, тек қотиб қолган. Онаси ширинлик берди, олди-ю, емади. Аламли ҳолат - шундай эмасми, Варенька?

*  *  *

Ўзинг билмаган одамлар ичида яшашни осон тутиб бўлмайди. Бировлар меҳрига зор бўлиб яшаш, елка қисиб юриш, ҳар ишни ўзингни мажбурлаб қилиш - бу жуда оғир, албатта, аммо Худо бор-ку, Ўзи пошшо.

*  *  *

Умримда бундай ажойиб китобни ўқишга мушарраф бўлмаган эдим. Энди ўзим ўзимга савол бераман, онажон: шу пайтгача мен гўл ҳолимча қандай яшаб келган эканман? Нима қилиб юрган эдим? Қайси ўрмондан чиққан ваҳший эдим? Илло, ҳеч нарсадан бехабар эканман, онажон, ҳеч нарсадан!

*  *  *

Шунақа асарлар ҳам бўладики, минг ўлиб-тирилиб ўқима, мағзини чақишга уринма, фойдасиз, ҳеч нима тушуниб ҳам, англаб ҳам бўлмайди. Мен, масалан - бефаҳм одамман, бефаҳм бўлиб дунёга келганман, шунинг учун унча-мунча қийин асарларни ўқий олмайман; буни ўқисанг-чи - худди ўзинг ёзгандайсан, баайни, мисол қилиб айтадиган бўлсам, менинг ўз юрагимдай, қандай бўлса, шундайича олган-да, одамларнинг кўз олдида тўнкариб, ичидаги борини битта қўймай ёзиб чиққан - кўрдингиз!

*  *  *

Бандаси чекига тушадиган ҳар бир иш Парвардигор томонидан олдиндан белгилаб қўйилган. Бировга генераллик шалоп-шулупларида юриш ёзилган бўлса, бошқасига нуфузли маслаҳатчи бўлиш битилган, яна бири ҳукм беришга яратилса, бошқа бири ҳеч сўзсиз ва жон ҳовучлаб унга бўйсунишга мажбур. Бу ёғи энди инсоннинг қобилиятига яраша бўлади: биров бу нарсага қобил бўлса, бошқаси бошқасига, қобилликни эса Худонинг ўзи белгилайди.

*  *  *

Биз ҳаммамиз бир-биримизни койиганимиз учун дунё дунё бўлиб турибди. Бундай ҳушёрлик бўлмаганида дунё ҳам чидаш бермасди, тартиб-интизом ҳам бўлмасди.

*  *  *

Бадбахтлик юқумли касаллик. Янада кўпроқ юқиб қолмаслиги учун бадбахтлар ва камбағаллар бир-бирларидан узоқроқ туришлари керак.

*  *  *

Камбағаллар инжиқ бўлади - асли табиат уларни шунақа қилиб яратган.

*  *  *

Камбағал илгари ҳам камбағал бўлган, ҳозир ҳам шундай. Нега шундай экан-а? Нега сира ўзгармайди улар? Шунинг учун шунақаки, камбағалда, уларнинг фикрича, ҳаммаси оёғи осмондан бўлиши керак; унда унақа эзгу нарсалардан ном-нишон бўлмаслиги керак, қадр-қиммат тўғрисида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

*  *  *

Ҳозирги пайтда, онажон, савоб ишларни ҳам ғалати қилишади... Балки ҳар доим шунақа бўлиб келгандир, ким билсин! Ёки улар қай тариқа беришни билишмайди ёки жуда устаси фаранг бўлиб кетишган - иккисидан биттаси... Бошқа ишлар ими-жимида-ю, бунақасини ҳаммага кўз-кўз қилиб бажаришади. Нима учун камбағал шўрлик ҳаммасини билиб турса ҳам шунақа бўлиши керак деб ўйлайди? Нима учун? Кўравериб, кўзи пишган-да!

*  *  *

Ҳаммадан оғири - ҳақиқатни гапириш, ҳақиқатни!

*  *  *

Сиз ҳамма нарсани юрагингизга қаттиқ оласиз, ўзингизни жуда ғариб билишингиз шундан.

*  *  *

Юнглари туллак, ёқимсиз кўппак ташланиб қолса бўладими, томоғи йиртилгудек ўчакишиб акиллар эди! Мана шунақа ярамас, майда воқеалар ҳар доим одамнинг энка-тинкасини чиқаради, уни қўрқоқ қилиб қўяди, олдиндан кўнглида пишитиб келган режаларини йўққа чиқаради.

*  *  *

Гарчи нимам биландир чарақлаб, ялтираб жимжима қилиб кўринмасам-да, барибир мен одамман, юраги тепиб, мияси ишлаб турган бир одамман.

*  *  *

Нега шунақа экан-а: яхши одам афтодаҳол бўлади-да, бошқаларга бахт доим кулиб қарайди? Бундай ўйлаш яхши эмаслигини биламан, онажон, бу бадбинликка киришини биламан; аммо тўғрисини, нафсиламрини айтганда, нима учун бировлар она қорнидаёқ бадбахт қилиб яратилади-да, бойларнинг уйида туғилганларни Худо ҳеч нарсадан кам қилмайди? Ўзи доимо шунақа бўлиб келганмасми: оқиллар азобда, аҳмоқлар фароғатда. Аллақаёқдаги нодонлар яхши еб, яхши ичсин, ўйнаб-кулсин, оқиллар эса мусибатдан боши чиқмай юраверсин, сенинг қисматингга шундан бошқаси битилмаган, чидасанг - шу! Бундай ўйлаш Худога ёқмайди, албатта, куфрга киради. Қайтанга гапириб, гуноҳга ботганинг қолади.

*  *  *

Шу кунларда юрагим шунчалар ғуссага тўлганки, ўзимга ўзим қаттиқ ачиниб кетаман; гарчанд, онажон, қуруқ ачинишдан бир иш чиқмаслигини билсам-да, барибир ўзингнинг ким эканингни англагандай бўласан.

*  *  *

Ана, қайсидир рутубатли бурчакда, тутунлар орасида, уй деб аталмиш бир пучмоқда аллақандай уста уйқудан уйғонди; тушига эса, тусмоллаб айтадиган бўлсак, кеча нохос кесиб олган этиги кириб чиқди, одам деганнинг тушига шунақа расво нарса ҳам кирадими! Нима бўлганда ҳам у уста, у этикдўз: унинг этикдан бошқа нарсани ўйламаслигини кечирса бўлади. Унинг болалари чирқиллайди, хотини оч; ҳамма этикдўзлар ҳам бунақа эрта турмайди, азизим. Бу ўзи ёзишга ҳам, гапиришга ҳам арзимайдиган нарса эди-ку, аммо бу ерда бошқа гап бор, онажон: шу ерда, шу уйнинг ўзида бир қават юқорида ё пастда, заррин кошоналарда бир бадавлат одамнинг тушига бошқачароқ фасондаги, бошқачароқ навдаги этикдир, аммо барибир этик кириб чиқади; шундан келиб чиқиб, мен, онажон, айтмоқчиманки, биз ҳаммамиз, азизим, бироз этикдўзлар бўлиб чиқамиз. Бор-йўқ гап шу бўлганда-ку, олам гулистон эди-я, бироқ ҳамма бало шундаки, мана шу энг бой одамдан ўтиб тушувчи аблаҳ йўқ, шундай одам йўқки, унинг қулоғига шивирлаб айтса: "Етар ахир, шунча ўйлаганинг, битта ўзинг ҳақингда ўйлаганинг, фақат ўзинг учун яшаганинг; сен, ахир, этикдўз эмассан, фарзандларингнинг тўрт мучаси соғ, хотинингнинг қорни тўқ; атрофга қара бундоқ, наҳотки ўйлаш учун этигингдан бошқа бирон тузукроқ нарса қуриб кетган бўлса!" деб.

*  *  *

Гоҳо, таъзим қилиб ўзингни ерга урганингни билмай қоласан, тошиб келган яхшилик ҳисси ва ҳаддан   ташқари кўнгилчанлик ҳам гоҳо одамга панд бериб қўяди.

*  *  *

Биргина шовқин ва гумбурдан қўрқиб, киши ўзини бекорга сариқ чақадан паст санамаслиги керак деб ўйлайман!

*  *  *

Чой тутдим. У узрини айтди, узоқ узр айтди, охири, барибир ҳам стаканни олди. Қандсиз ичмоқчи бўлди, мен қанд ташламаса бўлмайди деб ундаган эдим, у яна узр айта бошлади, керак эмас деб узоқ унамади, охири кичкинагина бир чақмоқни олиб, стаканига ташлади ва ўзиям зап чой бўлди-да, деб мақтай бошлади. Эҳ, йўқчилик одамни қай даражада пастга уриб юбормайди!

*  *  *

Қайси кун, қайси соатда насибанг тугашини билмаганингдан кейин қийин экан...

*  *  *

Савоб ишлар беажр қолмайди, эртами, кечми, савоб иш қилганнинг бошига Худойим ҳар доим адолат тожини кийдиради.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo