Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 июль, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Толиб ТЕМИРОВ

18.01.2017


ҲАМИША БАРҲАЁТ СИЙМО

 

Қарши шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида ўтказилган “Хотира дарслари”да педагог-мураббийлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат-эҳтиром бажо келтириб, бу улуғ инсоннинг ҳаёт йўли, халқимиз олдидаги буюк хизматлари, Ватан равнақи, тинч-осойишта, обод ва фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлидаги эзгу ишларини ёдга олдилар.

Мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши ва миллий давлатчилигимизнинг тикланиши, ўтган йигирма беш йилда барча соҳаларда қўлга киритилган оламшумул ютуқ ва муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг дунёда ўз муносиб ўрнини топиши Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Айниқса, Юртбошимизнинг ёш авлод камолотига қаратилган юксак эътибори, оталарча ғамхўрлиги туфайли уларнинг замон талаблари даражасида билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Бу юртимиз ёшларининг бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи сифатида майдонга чиқиши, жонажон   Ватанимиз довруғини дунёга таратишга қодир авлод бўлиб етишишининг муҳим омили бўлди.

Вилоятнинг барча мактабларида янги ўқув йилининг илк куни ўтказилган “Хотира дарслари”да шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Янги ўқув йилида мактабларга илк бор қадам қўйган ўғил-қизларга дарсликлар ва ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди. Янги ўқув йилини вилоятимиздаги 8 та мактаб ўқувчилари янги бинода бошлаган бўлса, 25 та мактаб реконструкция қилинди, 10 та мактаб эса капитал таъмирланиб, янгича қиёфа касб этди.

Шу куни вилоятимиздаги академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида ўтган  “Хотира дарслари”да ҳам ҳаётини халқ бахту саодатига бағишлаган улуғ инсон, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг жонажон Ватанимиз буюк келажаги, тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари ҳақида ҳикоя қилинди.

Толиб ТЕМИРОВ

Суратда: “Хотира дарслари”дан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo