Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

24.06.2022


ҚАЛБИ БУЛОҚДАЙ ТОШҚИН БОЛАЛАР ҚУВОНЧИ

Фестиваль

    Наманганда Маданият вазирлиги ташаббуси билан “Vodiy folk” республика фестивали ўтказилди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан фольклор-этнографик халқ бадиий жамоалари театрлаштирилган композицияли дастурларини намойиш этишди.

Ҳар бир ансамблнинг чиқишида алла, ўлан, лапар, рақс, терма, маросим қўшиқларидан иборат фольклор намуналари, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишлари акс эттирилди.

Фестивалда Чироқчи туманининг “Тошқин булоқ” болалар фольклор ансамбли ҳам иштирок этди. Бу тиниб-тинчимас болалар “Қадимий мусиқа чолғулар ижрочиси” ва “Жамоанинг бадиҳагўй бахшиси” номинациялари бўйича алоҳида эътирофга сазовор бўлдилар.

-   Ансамблимиз ёшлардан таркиб топганлиги учун ҳам унинг театрлаштирилган дастурида, асосан, болалар фольклори, яъни миллий ўйинларимиз, бахшичилик, термалар, яллалар, меҳнат қўшиқлари ўрин эгаллади, - дейди Чироқчи туманидаги 15-сон мусиқа ва санъат мактаби директори Гулшан Ёриева. – Бундан ташқари, чанқовуз, сибизға каби мусиқий асбобларда қадимий куйлар ижро этилгани кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлди.

Болалар ансамбли бежизга “Тошқин булоқ” деб номланмаган. Беш йилдирки, бадиий раҳбар Жонибек Самандаров раҳбарларлигидаги бу гуруҳ юрагида миллий анъналаримизга меҳри булоқдай тошқин бўлган болаларга қадимий қўшиқларимиз ва удумларимизни ўргатиш орқали қадриятларимизга янгидан ҳаёт бағишламоқда.

А.МУРОДОВ

Report typo