Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, сешанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

04.08.2022


ҲАЁТ - НУҚУЛ БАЙРАМДАН ИБОРАТ ЭМАС

Сараланган сатрлар

Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси" романини ўқимаган ўзбек китобхони бўлмаса керак. Гарчи муаллифнинг ўзи ҳам асарда фожиа кўпайиб кетганини эътироф этса-да, ўша фожиа аро умид яшайди - дард, армонда дунёдан кўзи очиқ кетган инсонларнинг кейинги авлодлари қалбидаги умид, ишонч...

Ушбу китоб кўпларнинг кўнгил мулкига айланганига сабаб эса содда, самимий, ишонарли далиллар асосида ёзилгани бўлса керак. Ўзи урушни кўрмаган одамнинг фронт ҳақида ёзиши мушкул, аммо кишига қалб аталмиш неъмат туҳфа этилганки, ўзгалар дардини, ҳиссиёту кечинмаларини айнан қалб орқали англайди, идрок этади.

Яна бир жиҳати шуки, урушда, қийин шароитларда ўзлигини йўқотмаган, эътиқодига содиқ қолган одамлар бор. Хўш, биз-чи?! Тинч-осойишта, тўкин-сочин кунларда ўзлигимизни авайлаяпмизми, субутимизни йўқотмаяпмизми? Биз билган ташвишлар "ташвиш" дея аташга лойиқми?

"Икки эшик ораси"да биз сабоқ оладиган ҳикматлар кўп. Демак, асар воқеаларини яна бир бор эсга оламиз...

*  *  *

"Рост билан ёлғоннинг ўртаси - тўрт энлик", деган гап бор. Қизиқ, нега энди оз эмас, кўп эмас, тўрт энлик? Гап шундаки, кўз билан қулоқнинг ораси - тўрт энлик экан. Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон... Мақсад - шу.

*  *  *

Начора, аввало ҳаёт - нуқул байрамдан иборат эмас. Уруш эса ўйин эмас. Иккинчи жаҳон уруши эллик миллион одамнинг уволига қолди. Шундан йигирма миллиони бизнинг одамлар эди. Энг азиз, энг асл кишиларимиз. Қолаверса, уруш фақат окопдаги жангчиларнинг жонига чанг солиб қолмади. Минглаб чақирим наридаги одамларни ҳам синовдан ўтказди. Мушкул дамларда имонини, инсонлигини сақлаб қолган ота-оналаримиз, ака-опаларимизнинг ҳаёти бугунги замонда бизга ўрнак бўлса не ажаб!

*  *  *

Дадам менга бир гапни кўп айтган. "Ўзингдан катта одам нотўғри гапирса ҳам қўрслик қилма, мулойимлик билан тушунтир".

*  *  *

Одамзоднинг қонида ғалати адолатсизликлар бўлади. Бегоналардаги ўзгаришни дарров сезасизу, яқин одамингизга эътибор бермайсиз. Худди ота-онангизни биров сизга боғлаб бериб қўйгандек. Гўё улар сиз учун абадий яшаши шартдек.

*  *  *

Ажаб, инсон хотираси - эшиги ёпиб қўйилган омборга ўхшаркан. Омбор олдидан ҳар куни ўтасиз. Ўтасизу, ўз юмушингиз билан овора бўлиб, қайрилиб қарамайсиз. Вақти келиб тасодифий шамол омборнинг эшигини очиб юборадию, беихтиёр ичкарига мўралаб қарайсиз. Шунда қизиқ ҳолат рўй беради.  Омбор ичида олтиндан азиз нарса ҳам, кўзингиз тушиши билан таъбингизни хира қиладиган қақир-қуқирлар ҳам қалашиб ётган бўлади. Алам қиладиган жойи шундаки, сиз улардан хоҳлаганингизни ажратиб ололмайсиз. Буниси керакли, бунисининг кераги йўқ, деб бирини олиб, иккинчисини улоқтириб ташлаш қўлингиздан келмайди. Ҳаммаси бараварига жон ато қилиб, атрофингизни қуршаб олади.

*  *  *

Тўғри, бир хиллар бор: зиғирдай амал тегдими, бўлди, Худо амал билан қўшиб ақл берди деб ўйлайди. Бунақалар ёнида ўзидан ақллироқ одам ишлашини хоҳламайди. Назарида ақлли одам этигини ечиб   олаётгандай бўлаверади. Бечорани гоҳ тирсаги билан туртади, гоҳ думбаси билан...

*  *  *

Калтак еган ҳўкиз ётоғон бўлади.

*  *  *

Тўй нима, ғат-ғут этади, бир кунда ўтиб кетади.

*  *  *

Осмонда баҳор қуёши эркаланиб жилмаяди. Кўчанинг икки бетидаги баргак чиқарган толлар ҳозиргина сочини ювиб, офтобда қуритаётган қиздек таманно қилади. Қушлар ошиён қуриш ташвишида чуғурлайди. Йўл четида қип-қизил қизғалдоқлар гиламдек товланади. Кўклам шабадасида мастона бош чайқайди. Қизғалдоқлар орасида онда-сонда кўзга чалиниб қолаётган чучмомалар оламга мунис мўралаб қарайди. Ажаб, шу кўчалардан аввал ҳам ўтганмидим? Илгари ҳам кўклам бўлганмиди? Нимага шу гуллами аввал кўрмаган эканман? Бу дунё шунақа чиройлими? Офтоб шунақа майинми? Қизғалдоқлар шунақа кўпми?

*  *  *

- Аммо узуминг зўр бўпти. Баракасини берсин! Менгаям ўргат йўлини!

- Талаш деган нарсани биласанми? - Бобом Оқсоқолга ғолибона қаради. - Ҳар қандоқ мева бўлмасин, ўрикми, узумми, нишона берганда нораста болаларга талаш қилдириш керак. Ўшалар тўйганидан қолгани баракали бўлади.

*  *  *

Ажаб, одам йиғлаб юборишдан қўрқиб кулса ғалати бўларкан.

*  *  *

Одам қимматбаҳо нарсасини йўқотса ачинади. Туҳматга қолса бошини тоғ-тошга уради. Қадри ерга урилса, исён кўтаради. Яқин кишиларидан айрилса дод солади... Лекин умидингдан айрилсанг ғалати бўларкан. Ҳеч нимага, ҳеч кимга, ҳатто ўз қадрингга ҳам ачинмайсан. Дод солмайсан. Исён кўтармайсан... Гўё сен ўлгансан. Ўзинг ўлиб, қуруқ суратинг қолган...

*  *  *

Одатда, ҳар қандай қиз ҳам ота-онасининг бағридан чиқиб  кетаётганида йиғлайди. Лекин минг йиғлагани билан юрагининг туб-тубини ёритиб, илитиб турадиган нур бўлади. Янги ҳаёт, ҳали ўзи кўрмаган, аммо орзу қилган, бўйга етиши билан ғира-шира тасаввур қилиб юрган янги, сеҳрли олам келиннинг кўз ёшини ширин қилиб юборади... Меники унақа йиғи эмас.

*  *  *

Шу хонадонга - Кимсан акамларнинг уйига келган кунларимиз, ошхонага кирсам, бир товоқ шакар турибди. Қаҳатчилик йиллари эмасмиди, кўриб ўзимни тутиб туролмадим. Кафтимга сиққанча олиб, оғзимга солдиму аламимдан йиғлаб юбордим. Шакар деб ўйлаганим - туз экан. Унда-ку, бола эдим: туз билан шакарни ажратолмасдим. Энди-чи! Ҳовучимни тўлатиб туз ейишим керак-да, шакар шимган одамдек илжайиб туришим керак. Нега? Нима учун?! Инсон боласига бундан ортиқ жазо борми?

*  *  *

Бўйи етган қизнинг орзуси осмондаги юлдузга ўхшайди. Узоқдан ярақлаб кўринади-ю, на етасан, на тутасан. Юлдуз эса олисда сирли-сирли милтираб тураверади. Талпинасан, ҳеч кимга билдирмай хаёл сурасан. Юлдузинг ёнингга тушишини орзиқиб кутасан. Ким билсин, "юлдузи юлдузига тўғри кепти", деган гап балки шундан чиққандир.

*  *  *

Одам ўзи қўрққан кишисини ҳеч қачон яхши кўролмайди. Қўрқдингми - ишонмайсан. Ишонмадингми, ёмон кўрасан.

*  *  *

Негадир биринчи қор ёғишини узоқ касал бўлиб ётган одамнинг жон таслим қилишига ўхшатаман. Бемор тўшагига ёпишиб инқиллаб ёта-ёта охири омонатини топширадию, бу дунёнинг азобларидан қутулганига шукур қилгандек тинчиб чеҳраси ёришади.

*  *  *

Қиш - мисоли ёмон касал. Келиши осон, кетиши қийин.

*  *  *

Ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор. Башор опа ўн йил турмуш қуриб бола кўрмаган. Икки ойча  бурун почча ҳам урушга кетди. Одамларнинг гапига қараганда, Башор опа эрини вагонга чиқара туриб тайинлаганмиш: - Гитлерни ўзини ўлдириб хотинини банди қилиб обкемасангиз, сиздақа эрни уч талоқ қўйдим. Гитлернинг хотинини чўри қилиб ишлатмасам, хумордан чиқмайман!

*  *  *

Оқсоқол, уруш - ўйин эмас, деганида билиб гапирган экан. Мен урушни ўйинчоқ деб ўйлабман. Қўлингга автомат оласану дуч келган душманни отиб ташлайверасан. Ўқинг ҳечам адо бўлмайди. Йўқ, ажалга рўпара келганингда жонинг кўзингга ширин кўриниб кетаркан. Осмонда учиб кетаётган "Фокке-Вулф"нинг комидан ажралиб чиқиб уввос солиб тушаётган қўша-қўша бомбаларни аниқ кўриб турасан. Ўша бомба бошқа ҳеч кимнинг эмас, худди сенинг бошингга тушаётгандек бўлаверади. Қор босган далада мўри малахдек ўрмалаб келаётган танклар худди сен турган окопга бостириб келаётганга ўхшайди. Ўзингни қаёққа уришни билмай қоласан. Нима қилайлик, биз кетмондан бўлак ниманиям кўрибмиз!

*  *  *

Қўй сўйилганида шунчалик сесканган одам, бировни ўлдиришга қурбим етармиди! Ахир одам - инсон боласи-ку! Фашистми, баломи, бари бир уям одам-ку! Уни туққан она ҳам ўғлим бировнинг қўлида қўйдек сўйилсин, демагандир! Худди ўзингга ўхшаган тирик одамни, уйида онаси, отаси, сенга ўхшаган суйгани кутиб ўтирган одам боласини ўлдиришга қандай қўлинг боради? Робия! Мен аввалига шунақа деб ўйлардим. Аммо урушнинг бир куни бир йилга татир экан. Ҳар қадамда ўлим билан рўпара бўлавергандан кейин дийданг қотиб кетаркан. Робия, мен энди аввалги раҳмдил Кимсан эмасман. Жангга кирганимга юз эллик кун бўлди. Юз эллик йил яшадим десам ёлғон бўлмайди. Урушнинг ўз қоидалари бўларкан. Бунақа пайтда меҳр билан қаҳрнинг ораси бир қадам бўлиб қоларкан. Ё сен ўлдирасан, ё сени ўлдиришади. Бошқа йўли йўқ.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo