Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

18.07.2017


АБДУЛЛА ОРИПОВ НОМИДАГИ МАКТАБ

Ўзбек халқининг буюк фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2001 йилда Абдулла Ориповни 60 йиллик юбилей тўйи муносабати билан қутлаб, шундай деган эди: "Ҳозирги кунда халқимиз, 500 йилдан зиёд вақт ўтган бўлишига қарамай, Ҳазрати Алишер Навоийни қалбида сақлаганидек, Сизни ҳам, азизим Абдуллажон, асрлар оша унутмайдилар…".

Албатта, бундай эътирофлар ўз-ўзидан бўлган эмас. Абдулла Орипов халқ дарди, Ватан ишқида ёниб, куйиб куйлади. Ўз асарларида адолатни, ҳақиқатни тараннум этди. Бутун умрини ижод, миллат равнақи, маданият ва маърифат ривожига бағишлади. Бадиий, фалсафий теран ва мазмунан бой ижоди орқали замонамизнинг улуғ шоири ва мутафаккири сифатида ўзидан улкан ижодий мерос қолдирди. Улар Ватан ва миллатнинг бугуни ва келажаги учун бениҳоя қимматлидир. Шоир ижод маҳсули бундан кейин ҳам ёш авлоднинг адабий-эстетик тафаккурини бойитишда, бадиий дидини ўстиришда беқиёс манба бўлиб хизмат қилаверади. Биринчи Президентимизнинг юқоридаги эътирофлари эса бугун ҳақиқатга айланиб, айни дамларда шоир хотирасини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган ишларда ўз ифодасини топмоқда. 

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкалини ўрнатиш лойиҳаси билан танишиб, уни такомиллаштириш, Қашқадарёда шоир номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш бўйича ўз таклиф ва кўрсатмаларини берган эди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги қарори билан вилоятимиз марказида шоир Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Бугун Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида жойлашган "Баркамол авлод" болалар маркази ёнида ана шу мактаб биноси қад ростламоқда. Ҳозирги вақтда бу ерда кенг қамровли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти. 150 ўринли ўқув блоки реконструкция қилинмоқда ҳамда 50 ўринли ётоқхона ва 50 ўринли ошхона бинолари қурилмоқда.

Айтиш керакки, келгусида Абдулла Орипов номидаги мактаб нафақат таълим муассасаси, балки бу ерга ташриф буюрган ҳар қандай киши учун маънавий озуқа берадиган, ижодий руҳ бағишлайдиган даргоҳга, мўъжаз ва гўзал хиёбонга айланади. Бунинг учун мактаб ёнидаги яшил майдонга ранго-ранг гуллар ва манзарали дарахтлар экилиб, фавворалар ишга туширилиши кўзда тутилган. Мактаб ёнида шоир ҳайкали ўрнатилади. Бинога кираверишдаги катта зал эса Абдулла Орипов музейига айлантирилади.

- Жорий йилнинг 1 июлидан ушбу мактабда ўқишга номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилишни бошладик, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси Мавлуда Тошева. - Бу йил 5-, 6-, 7-, 8-синфларга ўқувчи оламиз. Ёшларимизда атоқли шоиримиз номи билан аталувчи мактабда ўқишга бўлган қизиқиш жуда кучли. Буни ҳужжат топширувчиларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, жамоат арбоби Абдулла Орипов Қашқадарё фарзанди эди. Бу билан вилоятимиз аҳли ҳар қанча фахрланса арзийди. Ўйлаймизки, бугун юксак орзу ва мақсадлар ила Абдулла Орипов номи билан аталувчи мактабга қадам қўяётган ёшларимиз шоирнинг муносиб издошлари бўлиб етишади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Report typo