Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

14.07.2022


6 ТА ТУМАНДАГИ 18 ТА МАҲАЛЛА

Ислом тараққиёт банки кўмагида барқарор ривожлантирилади

Лойиҳа истиқболлари

Юртимизда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) иштирокида амалга оширилаётган "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" лойиҳасининг иккинчи фазаси доирасида вилоятимизнинг Ғузор, Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманларидаги 18 та маҳалла фуқаролар йиғинида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг ҳолатини яхшилаш назарда тутилган.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" лойиҳаси 2-фазаси бўйича ИТБ томонидан Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та туманидаги 157 та маҳалла фуқаролар йиғини танлаб олинган. Лойиҳа доирасида Ислом тараққиёт банкининг жами 256 миллион доллар маблағини жалб этиб, шунинг ҳисобидан МФЙларнинг муҳандисликлик-коммуникация инфратузилмаси (ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси, муқобил энергия ва бошқалар)ни ривожлантириш ҳамда ижтимоий соҳа объектлари (мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда бошқалар)нинг мавжудларини замонавий талаблар асосида таъмирлаш, янгиларини эса энерготежамкор ва замонавий қурилиш материаллари асосида қуриш режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида маълум қилинишича, лойиҳанинг биринчи компоненти доирасида вилоятимизда танлаб олинган маҳаллаларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 179,1 километр узунликдаги янги ички йўлларни қуриш ва худди шунча масофадаги мавжуд ички йўлларни таъмирлаш, 35,75 километр узунликдаги пиёдалар йўлакларини барпо этиш, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражасини (амалда 41 фоиз) яхшилаш мақсадида 185 километр масофада янги тармоқ тортиш ва 50 километр узунликдаги мавжуд тармоқларни таъмирлаш, 13 та янги сув иншоотини қуриш ва 10 тасини таъмирлаш мўлжалланмоқда. Шунингдек, тунги кўча ёритиш тизимини яхшилаш мақсадида 1788 та устун ўрнатиб, 53,63 километр электр кабелини тортиш ҳамда электр энергияси таъминотини барқарорлаштириш учун 5492 та таянч устунлари (симёғоч) ўрнатиб, 332 километр электр тармоқларини барпо этиш ва 33 дона трансформаторни ишга тушириш режа қилинган.

Лойиҳанинг иккинчи компоненти доирасида эса қишлоқлардаги ижтимоий соҳа объектларидан 25 та умумий ўрта таълим мактаби (2 та янги мактаб қурилади,14 таси реконструкция қилинади, 5 таси мукаммал, 4 таси жорий таъмирланади), 14 та мактабгача таълим    муассасаси (9 та янги қурилади, 4 таси реконструкция қилинади ва 1 таси жорий таъмирланади), 16 та соғлиқни сақлаш муассасаси (8 та янги қурилади, 6 таси реконструкция қилинади ва 1 тадан мукаммал ва жорий таъмирланади) ҳолати яхшиланади.

18 та қишлоқ аҳоли пунктининг  5 тасида янги маҳалла гузарлари бунёд этилиб, 10 тасида мавжуд бинолар реконструкция қилинади, яна 3 тасида жорий таъмирланади. Айни пайтда барча маҳаллаларда жами 47 та чиқинди йиғиш пункти қурилади.

Сирасини айтганда, вилоятимизда "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" лойиҳаси доирасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун Ислом тараққиёт банкининг 566,9 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағларини жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг натижасида 70 минг нафар қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси яхшиланади ва жойларда муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий  инфратузилма ривожлантирилади. Муҳими, лойиҳанинг иккинчи компоненти доирасида 1683 та янги иш ўрни яратилиб, шундан 782 таси доимий иш ўрни бўлади.

Ўтган ҳафтада Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) иштирокида "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" лойиҳаси иккинчи фазасининг муҳокамаси юзасидан учрашувлар ўтказилиб, унинг доирасида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди. Жумладан, вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашув чоғида воҳамиздаги қишлоқларда ишларни олиб бориш учун маҳаллий мутахассисларни жалб этиш, грант маблағлари ҳисобидан лойиҳа бошланиши олдидан техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқиш ва лойиҳани иккала компонентини самарали амалга ошириш бўйича  ўзаро келишиб олинди.

Ўз мухбиримиз

Report typo