Имконият ва самара
Қашқадарё замини саховатли, деҳқонлари миришкор, ер билан тиллашадиган эл. Тупроғида унган ноз-неъмат борки, бари сархил, экологик тоза, жуда тотли ва кўплаб фойдали хусусиятларни ўзида жамлаган. Шунинг учун ҳам бу ерда пишиб етилган маҳсулотларнинг қадри баланд, харидори кўп.
Аниқ рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудидан 5 минг 478 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга жўнатилган. Маҳсулотлар рўйхатидан 13 турдаги мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, хусусан, карам, пиёз, помидор, турп, узум, анордан тортиб лавлагигача ўрин олган.
Маҳсулотлар экспортида вилоят божхона бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан экспортёр корхоналарга яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб келинаётгани эътиборга молик.
- Ҳозирги кунда мамлакатимизда карантин бўлиб тургани ва экспорт тўхтовсиз давом этиши учун маҳсулотлар экспортга расмийлаштирилган вақтдан бошлаб то мамлакатимиз ҳудудидан чиқиб кетгунига қадар божхона пости ходимларининг доимий назоратида бўлмоқда, - дейди вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Собир Холмуродов. - Бунда ходимлар экспортёр ва ташувчилар билан ўзаро қўл ва хизмат телефонлари алмашиниб, муаммо юзага келганда тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Натижада маҳсулотлар ҳажми ва турини янада ошириш ҳамда сифати сақланган ҳолда манзилларига ўз вақтида етиб боришига имкон яратилаяпти. Божхона расмийлаштирувлари учун эса ўртача 10-20 дақиқадан вақт сарфланаётир.
Шуни ҳам таъкидлаш лозим, шу кунларда экспортга чиқарилаётган маҳсулотлар қаторига тарвуз ҳам қўшилади. Бугун Чироқчи туманида тарвуз етиштиришнинг ўзига хос мактаби яратилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу айниқса, туманнинг Кўкдала ҳудудида кенг қулоч ёйган бўлиб, миришкор деҳқонлар тарвуз парваришлашнинг интенсив усулларини қўллаш, серҳосил навларни етиштиришда илғорлик кўрсатишаяпти.
Жорий йилда ҳам туман бўйича 14 минг гектар ерда тарвузнинг эртачи, ўрта ва кечки навларини етиштириш мўлжал қилинган.
- 5 гектар ерга тарвуз экканмиз, - дейди тумандаги "Ражаб ота" фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Жуманазаров. - Уруғни ерга қадаганда қор бор эди. Ўзига хос меҳнати ҳам бўлди. Гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш ниятидамиз. Маҳсулотларимиз бутун мамлакат бўйлаб тарқалади, элдан ортганини биринчилардан бўлиб Россия ва Қозоғистонга экспорт қиламиз.
Маълумот учун, бу йил Чироқчи туманида 385 та фермер хўжаликлари ва 591 нафар томорқа эгалари томонидан тарвуз етиштиришга бел боғланган.
Эътиборлиси, 5 минг 30 гектар ерга экилган эртапишар тарвузнинг дастлабки ҳосили май ойининг биринчи ўн кунлигида бозорга чиқарилди.
Куни кеча Ўтамайлида қовун ҳам пишиб, аҳоли дастурхонига етиб борди.
Н.ХЎЖАЕВ