Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

19.07.2019


1-синфга қабул: ЁШ ВА МИКРОҲУДУДГА ОИД ЧЕКЛОВЛАР ҚАНЧАЛИК АСОСЛИ?

Бинобарин, ҳар қандай ота-онанинг боласини яхши жойда ўқитишни хоҳлаши табиий. Бунда улар танлови асосан "номи кетган" мактаблар маъмуриятлари томонидан "сизнинг яшаш ҳудудингиз бизнинг микроҳудудга кирмайди" ёки "болангиз 31 августга қадар 6,5 ёшга тўлмас экан" қабилидаги важлар билан рад этиб келинади.

Хўш, бу каби чекловларда қанчалик асос бор?    

Тан олиш керак: бизда "ўқитиш сифати яхши" дея номи чиққан мактаблар жуда ҳам кўп эмас, шунинг учун аксар умумтаълим муассасалари 1-синфига қабул ўз маромида давом этаверадию, кам сонли мактабларга бу жараён ола-ғовур ичида кечади. Бу орада пул, таниш-билиш тиқиштириб, "йўл"ини топиб боласини ўша номдор мактабга жойлаган қанчаю, истаги рўёбга чиқмай, норози юрганлар қанча?!

Ана шундай ҳолатлар инобатга олиниб, бу йил болаларни умумтаълим муассасаларига қабул қилишда бир қатор ўзгаришлар қилиш юзасидан кенг муҳокамалар бўлди. Ҳатто 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги 81 та умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул асосий ва қўшимча квота орқали амалга ошиши кўзда тутилди.

Халқ таълими вазири бундай тўхтамга келингани сабабини изоҳларкан, ҳар йили турли "муҳим ва таъсири катта" ташкилотларда ишлайдиган шахслардан фарзандларини "нуфузли мактаблар"га жойлаш тўғрисида "қаттиқ илтимос"лар бўлиб туриши, болани "нуфузли мактаб"га жойлаш учун ота-оналар воситачилар ва таълим тизимидаги айрим нопок кимсаларга "ҳаммага маълум" миқдорда пул тўлашгани, энг ёмони, бу ишлардан мактаб микроҳудудида яшаб туриб, фарзандини ўша мактабга беролмаганлар жабр чекишганини айтганди.

Шунга кўра, эндиликда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг фарзандлари, отаси ёки онаси 1-гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда - асосий квота шакллантирилса, қўшимча квота - умумтаълим муассасалари имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаганлар учун ажратилади.

Албатта, масала ечимида қарорнинг аҳамияти катта, бироқ бу ҳаммаси ҳал бўлди, дегани эмас. Чунки тартиб жорий йил фақат пойтахтдаги 81 та мактаб учун амал қилади. Вилоятларда эса бу муаммолигича турибди, сабаби, микроҳудуддан ташқарида ўқитишга эҳтиёж пойтахтдагича бўлмаса ҳам (хусусан, Қарши шаҳрида) ўзига етар даражада юқорилигича қолмоқда. Шундай экан, бу борадаги муносабатлар ҳудудларда қандай ҳал қилиниши керак?

Вилоят марказидаги "номи кетган" мактаблар маъмуриятлари "сизнинг яшаш ҳудудингиз бизнинг микроҳудудга кирмайди" қабилидаги   чекловини Қарши шаҳар ҳокимининг 2016 йил 3 августдаги "Қарши шаҳар ҳудудидаги умумий ўрта таълим мактабларини маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ширкатларга ҳудудий бириктириш тўғрисида"ги қарори билан изоҳламоқда. Демак, савол туғилади: хўш, ушбу қарор муайян мактабнинг 1-синфига белгиланган микроҳудуд ташқарисидан бола қабул қилишда чеклов жорий этиш ҳуқуқини берадими? Йўқ. Яъни, Қарши шаҳар ҳокими қарорининг 1-бандида "шаҳар ҳудудидаги умумий ўрта таълим мактаблари жойлашган ҳудудлардан мактаб ёшидаги болаларнинг аниқ ҳисобини олиб бориш ва уларнинг мажбурий таълимга тортилишини таъминлашда шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ширкатларига иловага асосан ўз ҳудудларида жойлашган мактаблар тавсия этилсин", деб кўрсатилган. Шундан аёнки, ҳокимнинг қарорида кўрсатилган ушбу "талаб" тавсиявий характерга эга.

- Тўғри, бу борада ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас, микроҳудуддан ташқаридан ҳам муассаса имкониятидан келиб чиқиб, мактаб ёшига етган болалар 1-синфга олинаверади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Беҳзод Жўраев. - Ҳокимлик фақат микроҳудуд чегарасини белгилаб беради. Шунга кўра, биринчи эҳтиёж микроҳудуд доирасида қопланиши керак. Тошкентдаям шу муаммо бўлгани учун апробация тариқасида микроҳудуд қопланиб бўлганидан кейин ўша ҳудудга қўшимча квота ажратилиши белгиланди.

Кўриниб турибдики, шаҳар ҳокимининг тегишли қарори вилоят марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бўйича ҳеч қандай чеклов ўрнатиш хусусиятига эга эмас ва мактаб раҳбарияти уни дастак қилиб, бошқа ҳудуддан келган болаларни қабул қилишни рад этолмайди.

Маълумотларга кўра, 2019/2020 ўқув йилида вилоят мактаблари   1-синфига жами 64 минг 48 нафар бола қабул қилиниши, уларнинг 59 минг 798 нафари 7 ёшда, 4250 нафари олти ярим ёшда бўлиши кутилмоқда. Бунда 31 августга қадар 6 ёшга тўладиганлар назарда тутилмаган. Савол туғилади: бордию 6 ёшга тўлиб, 6,5 ёшга етмаган бола мактабга боришга ҳар томонлама тайёр бўлса, у 1-синфга қабул қилинадими-йўқ?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом 42-бандида тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши кўрсатилган, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Мавлуда Тошева. - Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-сонли қарорида ҳам умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудуд бўйича тегишли йилнинг 31 декабрига қадар 7 ёшга тўладиган болалар қабул қилинади, дея кўрсатилган.

Бошқарма бўлим бошлиғи номини келтирган низом 42-бандида умумтаълим муассасалари 1-синфига 6-7 ёшли (эътибор қилинг: 6,5-7 ёшли, деб ёзилмаган) болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилиниши белгиланган. Ушбу низом талабининг қора рангда алоҳида белгиланган қисмини ҳам қайта мушоҳада қилиб кўринг. Агар бола тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмагани учун мактабга қабул қилинмайдиган бўлса, ҳозироқ уни жисмонан ва руҳан ўқишга тайёрлашга на ҳожат?! Ахир, у кейинги ўқув йили бошлангунга қадар яна бир ёшга улғайиб, 7 ёшдан ҳам ошади-ку! Мантиқ қани?

Масъул айтган иккинчи (469-сонли) қарор "Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида" бўлиб, биринчидан, ушбу регламент ҳали бизда амал қилаётгани йўқ. Қолаверса, унда ҳам "тегишли йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган болалар 1-синфга қабул қилинмайди", мазмунидаги гапни учратмайсиз. Боз устига қўшимча квота айнан 1 сентябрга қадар 6 ёшга тўладиган болалар учун ажратилиши кўрсатиб ўтилган. Демак, шунга эҳтиёж бор ва бола 6 ёшда ҳам ўқиб кета оларкан.

 Хуллас, ҳаммаси низомда ҳам, регламентда ҳам аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган, гап уни ким, қандай талқин қилишида, тушунишида. Афсуски, талаб кучли бўлган "номи кетган" мактаблар маъмуриятлари ҳам уларни худди тизим мутасаддилари каби талқин қилишга одатланишган ёки уларга шу уқтирилган кўринади.

Очиқ айтиш керак, бу ҳолни айрим мактабларнинг 1-синфига қабулда "сунъий тўсиқ" ўрнатишга уриниш сифатида баҳолаш мумкин бўлиб қолаяпти. Ваҳоланки, аслида ҳамма хоҳлаган жойида ўқиш ҳуқуқига эга. Аммо ҳаммани битта ёки кам сонли мактабга жамлаб бўлмаслиги ҳам ҳақиқат.

Хўш, энди нима қилиш керак?

Фикримча, қолган мактабларда ҳам ўқитиш сифатини жадал яхшилаш чораси кўрилмас экан, "номи кетган" умумтаълим муассасалари 1-синфига қабул атрофида муаммолар, турли талқин ва гап-сўзлар урчийверади. Бола эса ўқиши шарт. Буёғи янги ўқув йили ҳам яқин...

Н.ХЎЖАЕВ

 

 

 

Report typo