Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.07.2022


1 АВГУСТДАН АМАЛДА

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар янги тартибларни жорий қилиш, мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали юрт истиқболини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, демократия тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этишга қаратилган ислоҳотлар натижадорлигига хизмат қилади. Буни жорий йилнинг 1 августидан амал қилиши кўзда тутилган қуйидаги ўзгаришлар мазмун-моҳиятидан ҳам тўла англаб олиш мумкин.   

Ижтимоий аҳамиятга молик очиқ маълумотлар рўйхати кенгаяди

Президентнинг "Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан:

давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан, истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади.

Мобил-ID: шахс ўзининг мобил телефон рақами орқали идентификацияланади

Давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида айтиб ўтилган.

Ҳужжат билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

Мобил-ID тизими "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;

шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)нинг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин.

Яна, ушбу фармон талабларидан келиб чиқиб, шахсга доир маълумотларнинг конфиденциаллигини ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида шахсга доир маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизимидан фойдаланган ҳолда олишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

давлат органлари томонидан шахсга доир маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизими орқали сўраб олинганда шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига бу ҳақида хабарнома юборилади (бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган ҳолатлар мустасно);

хўжалик бирлашмалари, давлат ташкилотлари ва муассасалари, "Электрон ҳукумат" тизимидан фойдаланишга рухсат берилган нодавлат ташкилотлар томонидан ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишда шахсга доир маълумотлар унинг субъекти розилиги билан "Электрон ҳукумат" тизими орқали тақдим этилади. Бунда, маълумотлар тегишли ташкилотга шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамидан тасдиқ олингандан сўнг "Электрон ҳукумат" тизими орқали тақдим этилади.

"Тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот" занжирининг яхлит тизими жорий этилади

Давлат раҳбарининг "2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда "тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот" занжирининг қуйидагиларга асосланган яхлит тизими жорий этилади:

ҳудудий тармоқ ташкилотлари инновацияларга бўлган эҳтиёж(лар) портфелини ишлаб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади;

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тармоқ муаммоларининг илмий ечимини таъминлаш бўйича ижрочи илмий/олий таълим ташкилотини (инновацион спин-офф компаниясини) танлов асосида аниқлайди;

танлов натижаларига кўра илмий/олий таълим ташкилоти (инновацион спин-офф компания) "1+1" принципи асосида тармоқ ташкилотлари билан бирга ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштиради;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилиши бозорда муваффақиятли ўзлаштирилган инновацион маҳсулотларни кенгайтириш ва келгусида сериялаб саноатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида инвестиция портфели ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда белгиланганидек, "тубдан янгиловчи" инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича давлат органлари ва йирик давлат ташкилотлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилиб, савдо харидлари Электрон кооперация портали орқали амалга оширилади;

устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунга қадар фойданинг 10 фоизгача миқдоридаги ажратмалари ҳисобидан корхоналарнинг алоҳида ҳисоб рақамида шакллантириладиган Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади. Бунда:

Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари "тубдан янгиловчи" инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади.

"UzGasTrade" табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотишни бошлайди

Президентнинг "Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ташкил этилган табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи "UzGasTrade"   акциядорлик жамияти:

табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш;

"Ҳудудгазтаъминот" АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ягона экспорт қилувчи функцияларини бажаришни бошлайди.

"Ўзтрансгаз" АЖнинг табиий газни харид қилиш ва сотиш шартномалари ҳамда битимлари, шу жумладан, маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари "UzGasTrade" АЖга ўтади.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти кенгаяди

Давлат раҳбарининг "Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ҳузурида республиканинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган юридик хизмат кўрсатиш марказлари босқичма-босқич юридик хизмат билан таъминланмаган давлат органлари ва ташкилотларининг қуйидаги туман (шаҳар) бўлинмаларига юридик хизмат кўрсатилишини таъминлайди:

маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими;

қишлоқ хўжалиги бўлими;

туризм ва маданий мерос бўлими;

спортни ривожлантириш бўлими;

оила ва хотин-қизлар бўлими;

давлат солиқ инспекцияси;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;

давлат умумий ўрта таълим мактаблари;

давлат мактабгача таълим ташкилотлари;

давлат кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни текшириш

"Саноат мулки муҳофазаси портали"дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади

Президентнинг "Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган тартибга кўра:

сертификациялаш билан шуғулланувчи органлар томонидан республикада ишлаб чиқарилаётган, реализация қилинаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида уларда қўлланилган ном, қадоқлар ва бошқа реквизитларда интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси, географик кўрсаткич, товар келиб чиққан жой номи ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларни ўрганиш ва текшириш;

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш, сифат назорати, стандартлаштириш ва сертификатлаштиришни амалга оширадиган ишчи органи томонидан дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш жараёнида интеллектуал мулк объектларига (товар белгиси ва саноат намунасига) бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлигини текшириш ва (ёки) ўрганиш Адлия вазирлигининг "Саноат мулки муҳофазаси портали"дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.    

Янги рейтинг: ортиқча вазндан халос бўлиш кўрсаткичи - асосий мезонлардан бири

Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади.

Бу ҳақда Президентнинг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгилаб қўйилган. 

Бунда:

ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;

ҳар олти ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.   

Шунингдек, 2022 йил 1 августдан бошлаб:

Президентнинг "Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларидан келиб чиқиб, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун мос бўлган, ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга ойма-ой график асосида қўйиб боришни таъминлайди.

* * *

Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда, Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази ҳамкорлигида Ягона тергов ахборот тизимининг тўлиқ версиясини ишга туширади.

Бу ҳақдаги кўрсатма Президентнинг "Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этилган.

* * *

Давлат раҳбарининг "Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек, ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) махсус спорт тизимини бошқариш платформаси орқали амалга оширилади.

* * *

Давлат раҳбарининг "Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишига асосан мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ишларини ташкил этишда янги биноларни қуриш ва уларни бевосита маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик назорати остида фойдаланишга қабул қилиш механизми жорий этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo