Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 сентябрь, душанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

30.03.2023


1 АПРЕЛДАН АМАЛДА

Анъанага мувофиқ, муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-таомиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 апрелдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар ҳақида тўхталамиз.

Ногиронликни фуқаро иштирокисиз белгилаш, тенглаштирилаётган базавий тариф ставкалари,          70 дан 60 гача туширилаётган тезлик ва бошқалар...

Президентнинг "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонига асосан:

- ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади;

- янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади;

- профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;

профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади;

- Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома амал қилиш муддати давомида чет эл фуқаролари хориждан олиб келинган шахсий автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетиш муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган йиғимни тўлашдан озод этилади.

- Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.

Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилади

Давлат раҳбарининг "Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ:

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади;

ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида белгиланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Ўрта тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан бир йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаган қисми қоплаб берилади.

Бу тартиб Президентнинг "Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан белгиланган.

Ҳужжатга кўра, жами даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.

Юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.

Тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган ҳудудларнинг визуал 3D моделлари ишлаб чиқилади

Президентнинг "Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига биноан, сув омборлари тўғонларида сейсмик хавфни олдиндан прогноз қилиш ва баҳолаш амалиётини жорий қилиш мақсадида:

космик мониторинг доирасида симуляцион дастур орқали зилзила натижасида тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган республика ҳудудларининг визуал 3D моделларини ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади;

сув омборлари тўғонлари ўпирилиши оқибатида қутқарув ишларини ташкиллаштиришида тегишли вазирлик ва идораларни зарур космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.

Техник ҳужжатлари бўлмаган ускуналар ёрдамида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш тақиқланади

 Давлат раҳбарининг "Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатиладиган тартибга мувофиқ:

ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома беришнинг амалдаги тартиби бекор қилинади ҳамда Давлат геология қўмитаси томонидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти учун рухсатнома бериш тартиби жорий этилади;

бурғиловчи субъектларга ўз тасарруфидаги    бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилади;

қонунчиликда назарда тутилган тегишли техник ҳужжатларга эга бўлмаган бурғилаш ускуналари ёрдамида ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш тақиқланади;

ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатноманинг талаб ва шартларини бажармаганлик унинг амал қилишини тўхтатиб туришга, гидрогеологик хулосасиз бурғилаш ишларини олиб бориш эса рухсатномани бекор қилишга асос бўлади.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан:

Президентнинг "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий хизмат кўрсатишда адлия органлари ва муассасалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан ўрнатиладиган тартибга кўра, муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида сақланади.

*  *  *

Ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни уч йил муддатга ўрнатилган тартибда шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади.

Бу тартиб Президентнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш вa мудофаа саноати соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилмоқда.

*  *  *

Давлат раҳбарининг "Тошкент метрополитенидан фойдаланишда пенсия олувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек, Тошкент метрополитенининг тўлиқ фаолият кўрсатиши вақти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатилади.

*  *  *

Президентнинг "Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 360 кун этиб белгиланади.

*  *  *

Умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса, ўн йил муддатга озод этилади.

Бу норма Президентнинг "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан мустаҳкамланган.

*  *  *

Давлат раҳбарининг "Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатиладиган тартибга биноан, юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, 2010 йилгача бўлган даврда берилган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

*  *  *

Педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга педагог ходимлар; ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган муддат қолган педагог ходимлар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди.

Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг "Таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"га қарори билан жорий этилмоқда.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo