Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир ДЎСТОВ

09.08.2022


ЎЗБЕКИСТОН – ШАХМАТ ОЛИМПИАДАСИ ЧЕМПИОНИ!

Хушхабар

  Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича 44-жаҳон олимпиадаси ўзбекистонлик шахматчиларнинг мутлақ ғалабаси билан якунланди.

Бугун мусобақанинг сўнгги турида юртимиз вакиллари нидерландиялик шахматчиларга қарши дона сурдилар ва 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозондилар.

Қувонарлиси, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу олимпиадада  бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлди! Натижа ҳам шунга яраша – олтин медаль!

Юртимиз спорти тарихида олтин саҳифаларни яратган ёшларимизни эслаб қолинг:

Нодирбек Абдусатторов (2004 йил), Нодирбек Якуббоев (2002 йил), Жавоҳир Синдоров (2005 йил), Жаҳонгир Воҳидов (1995 йил), Шамсиддин Воҳидов (2002 йил).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шахматчилари бугунгача Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида фақат 1992 йилдагина кумуш медалларга сазовор бўлган эдилар. Демак, натижа янгиланди.

Чемпионларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу каби ғалабалар аввал ҳам қайд этилган, фақат ўсмирлар ўртасида, кичик мусобақаларда:

-   2016 йили Сочида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионатида жамоа ҳисобида Ўзбекистон делегацияси 1-ўрин;

-   2018 йили Туркияда 16 ёшгача бўлган ақл-идрок соҳиблари ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида олтин медаль.

Эътиборли жиҳати, бундан 4 йил илгари ўз тенгдошлари ўртасида чемпион бўлган ўсмирлар –  Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов бугун катталарни мот қилишди!

Азизлар, барчамизга ғалаба муборак бўлсин!

Жаҳонгир ДЎСТОВ

Report typo