Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

01.09.2022


ЯШАМОҚ МОҲИЯТАН "ЯШНАМОҚ", "ЯШНАТМОҚ" ДЕМАКДИР

Сараланган сатрлар

2 сентябрь санасида мамлакатимизда Биринчи Президент Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирилади: элга ош тарқатилиб, Қуръон тиловат қилинади. Буюк Юртбошининг Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига гуллар қўйилади, жўшқин фаолияти, хайрли ишлари ёдга олинади. Қаранг, ўша машъум кунга - Ислом Каримов бу ёруғ оламни тарк этганига 6 йил бўлибди. Одамларнинг Каримовга ҳурмат-эҳтироми баланд экан - ҳар хил уйдирма, бўҳтонлар бу шахсга "ёпишмади".

Ислом Каримов шахси ва фаолияти хусусида кўп гаплар айтилган, эътирофлар кам эмас. Аммо шу вақтгача у ҳақда бадиий асар ёзилмаган экан. Асли ғузорлик, бугун пойтахтда яшаб ижод қилаётган адиб Луқмон Бўрихон бу борадаги бўшлиқни йўққа чиқарди: "Олов тутган одам" номли роман ёзди.

Тўғриси, раҳбарлар ҳақида ёзаётганда ижодкор олдида катта масъулият ва қўрқув туради: уни маддоҳга чиқариб қўйишмайдими, аввалги раҳбарлар ҳақида ёзилган ёстиқдай романлар тақдири кутмайдими асарини?! Луқмон Бўрихон ўзидан қўшмайди, бор ҳужжат-далилларни кўпиртирмай, бўяб-бежамай ўқувчи ҳукмига ҳавола этади - қолгани билгичларга тан.

"Олов тутган одам"да Ислом Каримовнинг Қашқадарёдаги фаолияти ҳақида сўз боради. У инсоннинг Қашқадарёга меҳри баландлиги ва воҳа кишиларининг Биринчи Президентга ҳурмат-эҳтироми сабаблари мутолаа давомида ойдинлашиб боради...

"Инсон зоти нақадар буюк ва нақадар ожиз, - дея изтироб билан ўйларди у айни маҳал. - Буюклиги шундаки, энг муқаддас, энг олий тушунчалар унинг онг-шуурида пайдо бўлади, ожизлиги шундаки, ўша муқаддас, олий тушунчаларга гоҳо ўзи нолойиқ ҳисобланади..."

Ҳа, инсон ҳаётининг яна бир сирли ва жозибали томони шундаки, унга тирикликнинг энг муҳим омилларини танлаш ҳуқуқи берилмаган. Масалан, онани, Ватанни одам ёруғ дунёга келмасдан аввал сайлаб ололмайди. Уни туққан аёл - она, у туғилган жой - Ватан! Инсон худди шу икки маъвони олий ва муқаддас санайди. Она олдида, Ватан олдида фарзандлик бурчини ўташ, уларни жондан ортиқ севиш фақат буюк қалб эгаларига хосдир.

* * *

Ислом Каримов! Бу одам сиймоси кўз ўнгида бот-бот жонланаркан, Александр Петрович бугунги учрашув пайти юз берган икки ҳолдан ҳам ажабланар, ҳам аччиқланар эди. Биринчиси шуки, Каримовни масхараомуз кутиб олишга, энг исқирт сўзлар билан ҳақоратлаб беобрў қилишга, шунинг баробарида, москвалик меҳмонларга ўзини нақадар қаттиққўл, муросасиз раҳбар эканини кўрсатиб қўйишга чоғланган Анастасов Ислом Абдуғаниевич кўрингандаёқ беихтиёр тавозе билан ўрнидан туриб кетди. Энг ғалатиси, катта ваколатга эга ҳалиги амалдорлар ҳам туйқус баодоб, беозор нусхаларга айланиб қолдилар.

* * *

"Юқоридагилар ҳам анойи эмас, - дея хаёлидан ўтди Анастасовнинг, - етти ўлчаб бир кесишади. Ҳа, бундай мустақил фикрлайдиган, мушоҳадаси кенг кадрлар Марказдан узоқроқда бўлгани маъқул. Йўқса, теварагига тағин уч-тўртта ўзига ўхшаган заковатли одамни йиғиб олса, Москва сиёсатига буткул бўйсунмай қўйишлари мумкин. Агар чекка-чеккада юрса, бир кун эмас, бир кун ўз бошига ўзи етади. Ахир жойлардаги муаммоларни ҳал қилишнинг ўзи бўлмайди-да, истайдими-истамайдими, оёқлари ботқоққа ботиб бораверади. Ана ўшанда бундай билимдон, мустақил одамлардан осонгина, силлиққина қутулса бўлади. Қойилман, Москва сиёсатига қойилман... ҳаммасини ипидан-игнасигача ўйлаб қўйган улар..."

* * *

Ҳа, ҳа! Хонадони, оиласи унинг мустаҳкам қўрғони эди. Қўрғонки, унда ҳарорат, ҳаловат ҳоким. Қўрғонки, бу ерда бир бурда қотган нон есанг ҳам ҳузурланасан, кўнгилда ҳаётга ишонч, тирикликка шукрона ҳислари мавжланади. Беихтиёр бутун жисму танинг куч-қувватга тўлиб-тошиб бораётгандек туюлади. Муаммолар, ҳаёт мураккабликлари алланечук жўн ва осон кўриниб колади. Яшагинг ва яна яшагинг келади. Шу сабаб хоҳ узоқдан, хоҳ яқиндан бўлсин, ҳар гал уйга, оиласи бағрига қайтаркан қадамлари беихтиёр илдамлашади. Кўп қаватли уй зиналаридан бир-бир кўтариларкан, ташвишлар, ғашликлар бирин-кетин елкасидан ағдарилаётгандек туюлади.

* * *

Чин полвон учун кураш майдонининг катта-кичиклиги аҳамиятсиз-ку, энг муҳими натижа, ғалаба. Кичик даврада ёлчитмаган курашчи, катта даврада ҳам шу ҳолича қолади.

* * *

- Биз раҳбарлар халқдан анча узоқлашиб қолганмиз, - дея ўз сўзини давом эттирди Ислом Каримов зални бир қур синчков кўздан кечиргач, - тўрачиликка берилиб кетганмиз, кўп ҳолларда одамларнинг арз-додини эшитишга ҳушимиз йўқ. Лекин унутмайлик, халқнинг қадди тик бўлмас экан, на бизнинг, на вилоятнинг қадди тикланади. Очиғини тан олишим керак, менинг ўзимнинг ҳам камчиликларим кўп. Масалан... шаҳарда улғайиб, шаҳарда ишлаб, қишлоқ ҳаётидан анча узоқда бўлганман, жойлардаги кўпгина миллий урф-одатларни ҳам яхши билмайман. Пойтахтдаги иш, муҳит, ҳамма-ҳаммаси бошқачалиги бунинг биринчи сабаби бўлса, иккинчиси, боя юқорида таъкидлаганимиздек, халқдан анча узилиб қолганимиздадир.

* * *

Мана, қанча пайтлардан бери шу юрт қаддини тиклаш, шу миллат овозини тенглар ичра тенг қилиш орзусида куйиб-пишиб юрибди. Гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона ўзича режалар тузади. Кўзлаган мурод-мақсади чексиз саҳро сароби ичра митти майсадек бўй кўрсатганидан терисига сиғмай қувониб ҳам қўяди. Ҳа, балки бир кун келиб орзу-ниятлари тўла-тўкис рўёбга ҳам чиқар. Ўзбек халқи сўзидан, кўзидан ўт чақнаган адл ва озод элга ҳам айланар. Бу юрт юксак тараққиётда, фаровон турмушда кўп ўлкаларга намуна ҳам бўлар, аммо...

Аммо инсон деган яратиқни мукаммаллаштириб бўлармикан?! Унинг қон-қонига, жон-жонига сингиб кетган очкўзлик, хиёнат, ёвузлик каби иллатларни йўқ қилиш имкони топилармикан?!

* * *

Англашилмовчилик эмиш... ҳужжатлар сохталаштирилган эмиш... баҳонани қаранг. Шундай аҳмоқона англашилмовчиликни деб, инсон етти йил қамоқда чириса майли экан-да?! Қандай жамият ўзи бу? Матбуот деганлари бизда инсон қадр-қиммати ҳар нарсадан улуғ, дунёдаги энг инсонпарвар мамлакатмиз, дея оғиз кўпиртириб мақтангани мақтанган. Бир фидойи меҳнаткаш панжара ортида қон қусиб, ўлса ҳам бировнинг сариқ чақалик иши йўқ. Жуда зўр келса: "Англашилмовчилик, ҳужжатлар сохта экан", дея жўнгина қутулибгина қўйишади.

* * *

Уруш ўз оти билан уруш. Унда одамзод ярадор бўлади, қирғинга учрайди. Буни тушуниш мумкин.  Лекин... мана бу... қама-қамалар  халқимизга урушдан баттар зиён етказди.

* * *

Ия, шошма, хафа бўляпсан, шекилли? Жуда нолиб юбормадингми, ишқилиб? Сен, демак, шу тўдадан эътироф эшитиш учун куйиб-пишиб юрган экансан-да?! Номардлар    марҳаматига муштоқ экансан-да?! Улуғ мақсадларинг қани? Қани олий орзуларинг? Нимаики қилган бўлсанг, шу юрт, шу эл учун қилдинг-ку?! Бундан қувониш керак эмасми? Бир пайтлар Марказнинг ғашини келтирган, Ўзбекистонни ривожлантириш масалаларига доир тайёрланган режа-лойиҳа Қашқадарёда илк натижаларини берди-ку?! Демак, таҳдид-тазйиқлардан, танқид-танбеҳлардан қўрқмай, ишни шу йўсин давом эттириш, ислоҳотларни кучайтириш лозим. Ахир, ит ҳурар - карвон ўтар, деган нақл бор-ку! Мана бу вайсашларнинг асл моҳияти, шамол қаёқдан эсаётгани маълум, яхшиси буларга эътибор бермаган маъқул. Қашқадарёда бошланган ислоҳотларни бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий этиш керак! Бунинг имкони бормикан, кимга суяниш мумкин?

* * *

Бу тузумга, бу қизил империяга ўзбек заминининг конлари, ғалласи, пахтаси, тилласи керак,  халқи керак эмас. Халқи ҳамиша қора қавм бўлиб қолиши, улуғ оғалар олдида мангу эгилиб-букилиб туриши лозим, деб ҳисоблайди. Ҳар хил баҳоналар билан қатағонлар уюштириб, мазлум миллатни қўрқув, ваҳимада ушлаб туриш бу ёвуз ҳукуматнинг азалий ёвуз режасига киритилган. Бу қадимий юртнинг ривожланишига, юксалишига, миллий ўзлигини англашига асло йўл қўйилмайди. Кимки бу хокисор халқнинг қаддини тиклашга, кўз ёшини артишга, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга уринса, у давлат душмани ҳисобланади. Ва у, шак-шубҳасиз, сургун-қувғин, таҳдид-тазйиққа, керак бўл-са, ўлимга маҳкум этилади.

* * *

Қачонгача йиғилиб қолган муаммоларни кўриб кўрмасликка оламиз? Қачонгача иллатларни, камчиликларни хаспўшлаймиз? Маддалаган ярани ёриб, малҳам суртиш керак эмасми? Агар вақтида шундай қилинмаса, мадда суякка ўтиб кетиши мумкин.

* * *

Амалдорлик, мансабдорлик бошқаю, раҳбарлик бошқа экан. Раҳбар одам амал-мансаб эгаси бўлиши мумкин, аммо ҳар қандай амал-мансаб эгаси раҳбарлик қила олмас экан.

Бир қарасанг, ҳаммаси ҳам бинойидай одам: савлат-сумбат жойида, димоғ-фироғ, кибру ҳаво жойида, лекин, афсус, бир чимдим ҳам салобат йўқ, заррача виқор йўқ. Мана, энди-энди англаяптики, "салобат", "виқор" деганлари ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган илоҳий неъмат экан. Уни гумбаздай қорину уюлган қош-қабоқ эвазига яратиб бўлмас экан. Агарки, етти иқлимни сўраб турган амал-мансабда ўтирсанг-да, хаёлларинг хашаки, мақсадларинг майда-чуйда, орзуларинг осмони паст бўларкан, сен ҳамиша ғарибу ғурабосан, сен ҳамиша одамларда жирканиш, ачиниш уйғотасан, холос.

* * *

Ислом Каримов халқнинг уйғонишидан, эрк сари, ҳақ-ҳуқуқ сари интилишидан ич-ичида хурсанд эди. Аммо баъзи бир енгилтак, калтабин йўлбошчилар миллий туйғу асосида миллий низо чиқаришидан, халқни балоларга гирифтор қилишидан чўчирди. Чунки бундай ҳаракатларга ҳар хил, нохолис одамлар аралашиб қолаётганини, одамларнинг нозик ҳис-туйғуларидан ўзларининг ғаразли манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилаётганини у пайқарди. Алҳол, бу аҳволга лоқайд томошабин бўлиб туришни истамасди.

* * *

Уч йил! Унинг шунча умри Қашқадарёда кечди. Йўқ, бу гап унчалик тўғри эмас. Уч йил у Қашқадарёда яшади. Ҳа, яшади! Нақадар гўзал сўз-а, "яшади"?! "Яшнади", "яшнатди" деган сўзларга ажабтовур уйғун. Бу бежиз эмас, яшамоқ моҳиятан "яшнамоқ", "яшнатмоқ" демакдир.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo