Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.04.2023


Янгиланаётган Конституция халқ Конституциясидир

Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида вилоят ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Янги Конституция – халқ дардига қулоқ солувчи давлат асоси!” шиори остида  “Аёли эъзозланган юрт” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистоннинг бугунги ҳаётидан аниқ мисоллар келтириб, жамиятимиз тараққиётида кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй берганини ва одамлар аввалги шарт-шароитларга қайтмасликни кафолатлайдиган нормаларни Конституция даражасида ҳар томонлама мустаҳкамлашга интилаётганларини билдирдилар.

- Самарқанд давлат университетини тугаллаб, ўзим ўқиган мактабда иш бошлаганимга эллик икки йил бўлибди, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова. – Очиғи, ўтган йиллар давомида устоз сифатида ҳаётимда, фаолиятимда яхши кунлар ҳам, ёмон кунларни ҳам кўрдим. Бир вақтлар пахта териш, чорвага пичан тўплаш, янтоқ чопиш каби ҳашарларга асосан ўқитувчилар жалб этиларди. Электр, газ ва коммунал тўловларни ундириш учун уйма-уй юрган пайтларимиз ҳам бўлган. Ойлик маошининг камлиги, ўқитувчининг жамиятдаги обрў-эътибори ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Шу ўринда Конституциянинг янги лойиҳаси ҳақида тўхталмоқчиман, унинг 52-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” деган янги норма киритилди.  Энди қолгани фақат ўзимизга боғлиқ.

Тадбирда таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган  дилтортар қўшиқлар ва фольклор-этнографик ансамблларининг чиқишлари  барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

 

Report typo