Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

12.07.2022


ЯНГИ ҒОЯ ВА МУҲИМ ЛОЙИҲАЛАР

Танлов

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида “Бўлажак олим” танлови ҳамда Академик ҳаракатчанлик дастури ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Эътиборлиси, “Бўлажак олим” танловида бу йил вилоятимиз вакилларидан уч нафарининг стартап лойиҳаси муваффақият қозонди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ёш тадқиқотчиси Олмосбек Қўзиевнинг “Фермер ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун муқобил энергия асосидаги комбинациялашган ақлли тухум инкубатор қурилмаси” лойиҳаси 116 миллион сўм ва мазкур олийгоҳ магистри Ситора Ҳодиеванинг “Соя донидан оқсилга бой тофу маҳсулотини олиш” лойиҳаси 380 миллион 800 минг сўм миқдорида молиялаштириладиган бўлди. Шунингдек, шаҳрисабзлик Гуландон Тўраеванинг “Сабзавот экинларини вегетатив пайвандлаш технологиясини жорий этиш” лойиҳаси 710 миллион сўмга “баҳоланди”.

-  Ушбу маблағлар ёш олимларнинг ўз ғояларини рўёбга чиқаришларига ёрдам беради, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти бўлим бошлиғи Зуҳриддин Хуррамов. – Энг муҳими, илмий тадқиқот ишларини изчил олиб бориш ва бунинг учун зарур қурилмаларни ясаш имконини беради. Танловнинг мақсади ҳам ана шу саъй-ҳаракатларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бўлажак олимларни тақдирлаш тадбирида умумий қиймати 12 миллиард сўмга тенг бўлган 23 нафар стартап лойиҳа ва 3,2 миллиард сўмга тенг бўлган 7 нафар илмий лойиҳа раҳбарига ҳамда Академик ҳаракатчанлик дастурининг 10 нафар ғолибига сертификатлар топширилди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

 

Report typo