Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

БЕҲРЎЗБЕК

27.06.2022


“ЯНГИ НАФАС”: ЯНГИ КУЧ, ЯНГИ ҒАЛАБАЛАР

Марафон

Кеча, 26-июнь куни республикамизнинг 8 та шаҳрида Ёшлар кунига бағишлаб, “Янги нафас” номи билан югуриш бўйича оммавий марафон ўтказилди.

Шаҳрисабз шаҳрида “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз” шиори остида бўлиб ўтган ушбу марафон юзлаб ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Эрта тонгдан шаҳар кўчалари оқ либосдаги ёшлар билан янада гавжум бўлди. Қарийб 4,5 минг нафар ҳаваскор ва спортчи ёшлар шаҳардаги Кўкгумбаз масжиди олдидан Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб Соҳибқирон ҳайкали пойидаги финиш чизиғигача бўлган 3 километрлик масофани босиб ўтди.

-  Эркаклар ва аёллар ўртасида Жаҳонгир Мажидов ҳамда Дилсўз Омонова энг яхши натижа кўрсатиб, марафон ғолиби бўлдилар, - дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири, вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетика спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори ўринбосари Жасур Авазов. - Энг ёш қатнашчилар (9 ёш) номинациясида эса Шаҳриёр Раҳмутуллаев ва Зуҳра Шодмонова тенгсиз деб топилди. Энг ёши улуғ спортчилар – Баҳром Умаров ва Азиза Қудратова ҳам рағбатлантирилди. Мусобақада жисмоний имкониятлари чекланган кишиларга ҳам имконият берилди. Шерали Муҳаммадиев, Севинчбек Ҳусанов ва Мирвали Ҳайитов турли йўналишда зафар қучдилар. Бундан ташқари, яна 5 та махсус соврин ҳам ўз эгаларига топширилди.

Бир сўз билан айтганда, югуриш марафони спорт байрамига айланиб кетди. Одамларни бир-бирига янада меҳрли, спортга бўлган ҳавасни зиёда қилди.

БЕҲРЎЗБЕК

 

Report typo