Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

11.04.2017


ҒУЗОРЛИК ЁШ ЧЕГАРАЧИЛАР РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИДА

Танловда вилоятнинг чегараолди ҳудудларида ташкил этилган "Ёш чегарачилар" клублари аъзоларидан иборат 6 та жамоа иштирок этди.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувлик, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва фаровон ҳаётимизни таъминлашда Ватан ҳимоячиларининг хизмати катта. Шу маънода бугунги ёш авлодни Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар орасида ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканини сингдириш, ёшларни ҳарбий билим юртларида ўқишга руҳан ва жисмонан тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг аҳамияти йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Мусобақанинг вилоят босқичи қизиқарли ва шиддатли тарзда кечди. Унда "Соҳибқирон" (Шаҳрисабз), "Яшин" (Миришкор), "Ёш ҳарбийлар" (Нишон), "Best boys" (Ғузор), "Қалқон" (Китоб) ҳамда "Лочин" (Деҳқонобод) жамоалари ўзаро беллашди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Ғузор туманининг "Best boys" жамоаси 1-ўринни қўлга киритди, иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Нишон маиший хизмат кўрсатиш коллежининг "Ёш ҳарбийлар" ҳамда Шаҳрисабз агросаноат коллежининг "Соҳибқирон" жамоалари эгаллашди. Мусобақа низомига кўра, Ғузор туманининг "Best boys" жамоаси беллашувнинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди.

Азизбек НОРОВ

Report typo