Шу ўринда айтиш жоиз, Шаҳрисабз аҳли азалдан санъатга ихлосманд. Яқин тарихни эсга олайлик. Собиқ иттифоқ мафкурачиларининг асосий саъй-ҳаракатлари маънавиятимизни бўғишга қаратилган бир даврда ўтган асрнинг 70-йилларида аҳоли ташаббуси билан Сахованд, Қутчи, Ҳазора, Шавкан қишлоқларида санъат саройлари қад ростлади. 1971 йилда туманда “Шодиёна” амсамбли тузилди. Унинг шуҳрати тез орада юртимиздан ўтиб, жаҳонга ёйилди, халқ ансамбли бўлиб танилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова айни шу ансамбл таркибида элга танила бошлаганди.
1979 йили Қутчи ва Ҳазора қишлоқлари истеъдодли ёшларидан таркиб топган “Қалдирғоч” ансамбли тузилди. 1984 йилда унга ҳам халқ ансамбли унвони берилди. Унинг аъзоларидан бири –Усмон Бердиев бугун Республика мақомчилар гуруҳида фаолият олиб бораётир.
1991 йилда Улуғбек жамоа хўжалигида “Сарвиноз” ансамбли тузилди. Унинг тарбияланувчилари ҳам бугун мамлакатимиз театрларида фаолият юритади.
Аҳамиятлиси, санъатга ошуфталик бошқа соҳаларга ҳам бегона эмасди. Масалан, Шаҳрисабз пахта тозалаш заводи қошида “Олтин тола”, пиллачилик заводи қошида эса “Кумуш тола” ансамбллари фаолият кўрсатарди.
Мазкур ансамблларни ташкиллаштиришда куни кеча Президентимиз фармонига мувофиқ “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган, бугунги кунда Шаҳрисабз шаҳридаги “Бахтли болалик” намунали болалар мақомчилар ансамбли бадиий раҳбари бўлган Элмурод Боймуродовнинг хизматлари каттадир.
Яна шуни айтиш ўринлики, орада айрим мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб мазкур ансамбллар тарқаб кетди, санъат саройлари ҳувиллаб, бинолари хусусийлаштириш баҳонасида ҳар турли кишилар қўлига ўтди.
Бугунги воқелик шуни кўрсатаяптики, ўша ансамблларни тиклаш, санъат саройларини халққа қайтариш фурсати етди. Президентимиз ташаббуси билан ўтаётган Халқаро мақом санъати анжумани ва шу доирада кўзда тутилаётган тадбирлар эса айни шу мақсадларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Жаббор ХАЛИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шаҳрисабз туманлараро
бўлими раиси