Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

25.08.2022


ҲУРРИЯТ ҚАЧОН КЕЛАРКАН, ДЕБ КУТИБ ЎТИРИЛМАЙДИ - ҚЎЛГА КИРИТИЛАДИ

31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Ўтган асрда халқимиз мустамлака мақомидаги давлатда умр кечирди. Дунёдаги кечган икки жаҳон уруши, очарчиликлар камлик қилгандай бир неча бора машъум қирғинларни бошдан кечирди. Тергов, қамоқ, отиб ўлдиришлар, туҳмат, "халқ душмани" деган ёрлиқлар... Миллатнинг ҳур фикрли фарзандлари йўқ қилиниши... "Пахта иши" баҳонасида ким зўр ва қандай номардликларга қодир экани кўрсатиб қўйилиши...

Бу ҳақда бугун сўз айтилса, тўкин-сочинлик, тўқчилик шароитида униб-ўсиб, ўзи хоҳлаган ўқишга кириб, орзу қилган жойида ишлаётган ёшлар гўё эртакдай қабул қилар. Юз йил аввал Германияда ўқиган ўзбек ёшлари нима сабабдан отиб ташлангани, Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби зиёлилар нега бир кунда ўққа дучор этилганини қалбдан ҳис қилишмас, тушунишмас... Бироқ... бундай бўлмаслиги керак! У кунларни унутишга ҳаққимиз йўқ. Истиқлолнинг бебаҳо аҳамияти, тинч-осойишта кунимиз шукронаси сифатида машъум кунлар мудом ёдимизда туриши даркор. Шундагина хато қилмаймиз, қоқилмаймиз, тинчлигимиз, мустақиллигимизга олайиб қараётганлар қутқусига учмаймиз...

Тарих - фактлар мажмуи. Улар бизга воқеликдан сўзлайди, ибратга ундайди. Ўтган йили "Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар (истиқлол учун курашганлар ва қатағон қурбонлари)" деб номланган ўта муҳим китоб чоп этилди - ўзимизнинг Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ташаббуси билан.

Шу китобнинг ўзиёқ фикр юритилаётган мавзуда етарли маълумотлар, далилларни тақдим эта олади. Қатағонга учраб, минг азобга гирифтор бўлганларнинг тилидан ҳикоя қилинган воқеалар ҳар бир кишини қайғуга солади, ўйлантиради, яқин ўтмиш ҳодисаларидан сескантиради...

Қуйида китобдан айрим лавҳаларни жамладик. Ишонамиз, бу битиклар оша бефарқ ўтиб кета олмайсиз.

*  *  *

ХХ аср 20-йиллари охирларида Қарши шаҳридаги мадрасалар қамоқхонага айлантирилди. Хусусан, Қаршидаги Одина масжиди 1930-йиллардан то мустақилликка эришилгунга қадар қамоқхона вазифасини ўтаган. 1929-1939 йиллар орасида фақат биргина Қарши шаҳрининг ўзида 105 та масжид ва мадраса фаолияти тўхтатилиб, бинолари бузиб ташланган. Бухородаги Абдулазизхон мадрасаси ва хонақоси авахтага айлантирилиб, ҳибсга олинганлар аёвсиз қийноқларга солинган. Қиш чилласида мадраса ҳовузининг музини ёриб, бандиларни сувга солиб қийнаганлар.

*  *  *

Биргина 1937 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан 5758 нафар зиёли: илм-фан намояндалари, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, тил ва адабиёт усталари, педагоглар озодликдан маҳрум қилинди, улардан 4811 нафари отиб ташланди. 20-йилларнинг охири - 30-йилларнинг бошларида миллий зиёлиларнинг бир қисми "Ўн саккизлар гуруҳи", "Иноғомовчилик", "Қосимовчилик", "Бадриддиновчилик" ва бошқа "миллий оғмачи" гуруҳларга мансуб деб айбланиб, қатағонга учраган эдилар.

*  *  *

Расмий маълумотларга кўра, 1937-1939 йилларда Ўзбекистонда Ички ишлар халқ комиссарлиги "учлиги" томонидан 41 мингдан ошиқ одам қамоққа олиниб, жавобгарликка тортилган, шундан 6 минг 920 киши отиб ташланган. Буларнинг барчаси халқни ўзлигини англашдан айиришга қаратилган эди.

*  *  *

Энг ачинарлиси, бу қатағонлар ортида ўзимиздан чиққан баъзи ҳайбаракаллачи, сотқин, ғаламис кимсалар ҳам турди. Халқимиз таъбири билан айтганда, "Агар ичкаридан кимдир эшикни очмаса, ташқаридан душман киролмас" эди.

Ўша бебурд кимсалар боқадиган қўлларни тишлаб, ўзларини тепадиган этикларни яладилар. Натижада халқимиз ўзининг ўн минглаб мард, танти, маърифатпарвар, эркпарвар, ҳур фикрли фарзандларидан айрилди.

*  *  *

Эрксевар халқимиз истилочиларга бош эгмади. Ҳуррият келишини кутиш эмас, уни қўлга киритиш, тортиб олиш учун жонбозлик қилди. Тарихчиларнинг қайд этишича, Туркистоннинг чоризм томонидан  мустамлака қилинган ҳудудларида 1856-1916 йилларда 4922 марта катта-кичик ғалаён бўлиб ўтган. Бу ғалаёнлар тинкаси қуриган, хор-зор қилинган, азоб ва азиятдан, зулм ва бедодликдан сабр косаси тўлган оддий халқнинг исёнлари эди. Чунки босқинчилар зулмининг оғир тошлари асосан улар бошига тушганди, оқ подшога қарши қаратилган бундай исёнлар чор амалдорларига ёқмас, шунинг учун бош кўтарганларни қурол кучи билан маҳв этардилар. Бунда қанчадан-қанча эрксевар ўғлонлар, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. Биргина 1916 йилда бўлиб ўтган қўзғолонларда 677 минг киши ўлдирилган, 163 минг киши Сибирга сургун қилинган. Бир миллиондан зиёд аҳолининг мол-мулки қўзғолонни бостиришда қатнашган рус аскарлари ва деҳқонларга бўлиб берилган.

*  *  *

Академик В.В.Бартольд "Туркистоннинг маданий ҳаёти" асарида генерал Жўрабек билан суҳбатда бўлгани ҳақида ёзади. Жўрабек шундай дейди: "Подшо (рус подшоси) ҳукмронлиги худди мўғул ҳукмронлигига ўхшайди. Уларда ҳам, русларда ҳам юқори лавозимларга ёмон кишилар - худбин, шахсиятпараст ва молпарастлар тайинланган".

1906 йили генерал Жўрабек Тошкентдаги Қорасув канали ёнидаги боғ ҳовлисида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилади. Унинг ўлимини тарихчилар ва тадқиқотчилар турлича талқин қиладилар. Кимдир бу ишда Туркистон генерал-губернаторининг қўли борлигини айтса, баъзилар бунга унинг жадидлар отаси Исмоилбек Гаспирали билан махфий учрашувлари сабаб бўлган дейишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Жўрабекнинг сирли ўлими чор Россияси ҳукуматига бориб тақалади.

*  *  *

Россия Федерацияси марказий телевидениеси "Культура" канали 2007 йил 4 июлда "Расстрельные списки Сталина" номли кўрсатув берди. Уни тарих фанлари доктори Н.Петров, тарихчи А.Виноградов олиб бордилар. Унда "катта террор"нинг 1937 йил 30 июлдан бошланиб, 1938 йил ноябрига қадар давом этганлиги айтиб ўтилган. Шу вақт ичида 1,5 миллион киши қамоққа олинган, улардан 700 минг нафари отиб юборилган. "Катта террор"нинг қаҳрли тиғи жамият аъзоларининг барча тоифаларини ўз домига тортган.

*  *  *

НКВДнинг 00486-сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги "Алжир" (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида "Ватан хоинлари"нинг оила аъзоларидан 6500 нафар аёл жазо ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маориф комиссарлиги ҳузуридаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, 2915 нафари бошқа оилаларга боқиш учун берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқори бўлган болалар "ижтимоий хавфли" ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.

*  *  *

Собиқ иттифоқ барча соҳаларда дунёда биринчи бўлишга даъвогар эди. Космонавтиками, машинасозликми, қишлоқ хўжалигими, санъатми, адабиётми, маданиятми, қатъи назар, у энг юқори кўрсаткичга эришмоққа жаҳд қилганди. Ўшанда пахта толаси бўйича биринчи ўринга чиқиш учун Москвага "9 миллион тонна" деган рақам керак бўлиб қолди. Шу тўққиз миллионнинг олти миллиони Ўзбекистон чекига тушди.

*  *  *

20-30-йилларда беш-олти қоп буғдойи, икки-учта сигири, битта оти бўлган одамни қулоқ қилиб юбораверишган. Шунинг учун Сибирда, Украинада ҳозиргача ҳам яшаб келаётган аждодларимизнинг авлодлари бор экан...

*  *  *

Бу мустабид тузум деярли ҳар йигирма йилда халқни қийратиб турарди. 1917-1920 йилларда Ленин шу сиёсатни олиб борди. Сталин ҳокимиятга келгач, узлуксиз қатағонлар бўлди. Айниқса, 1937-1940, 1950 йилларда ноҳақлик авж олган. 60-йилларда Хрушчевнинг "Американи қувиб ўтиб, ундан ўзиб кетамиз"  деган сиёсати сабаб "бир йилда уч йиллик гўшт планини бажариш" учун уйлардаги қўй-эчкилар давлат ҳисобига олиб қўйилишидан   ташқари озмунча одам қамалганми? 80-йилларга келиб "ўзбек иши", "пахта иши" ўйлаб топилди. Санасак, тўрт марта - ҳар йигирма йилда бир мартадан қатағон сиёсати амалга оширилган. Лекин бу жуда яширинча, ҳар жиҳатдан хаспўшланган сиёсат эди. Жудаям оддий одамларга тегишмагандир, балки, лекин эл ичида обрўси бор, бошқаларга етакчилик қилиш қобилияти бўлган миллатнинг гуллари териб қатағон қилинган. Чунки мустабид тузумга нима деса "хўп" деб бўйнини эгиб турадиган қуллар керак эди. Одамларнинг маълумоти, қобилияти уларни қизиқтирмаган. Фақат муте, бўйни эгилган, қора ишни қиладиган авом керак бўлган. Шунинг ўзи қатағон эмас, геноцидга ҳам тўғри келмайдими?! Аниқ бир мақсадни кўзлаб бир миллатнинг иккинчи миллат томонидан таҳқирланиши бориб турган геноцид эмасми?

*  *  *

Қашқадарё вилояти аҳолиси ҳам ўтказилган "пахта иши", "ўзбек иши" номли қатағонлардан қаттиқ азоб тортди. Қарийб 10 минг нафар қашқадарёлик айбланди. Жиноят иши очилганлар сони кўп бўлгани, Қашқадарёдаги мавжуд ҳибсхона ва лагерларга сиғмай қолганлиги сабабли вилоятнинг Косон шаҳрида янги лагер - зона очилди. Қамоққа олинган қашқадарёликларнинг маълум қисми Тошкент турмасида, республикадаги бошқа турмаларда азоб тортдилар, Москва ва марказнинг бошқа шаҳарларида ҳибсда сақландилар.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo