Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

05.02.2021


УЛАР КЎЗЛАРИ ОЧИЛИШИНИ ВА ОЛАМНИ ОЧИҚ КЎЗ БИЛАН КЎРИШНИ РАД ЭТИШДИ

Адабий кенгликларда

Тонг палласи, қуёш жимирлаб ётган денгиз бетини олтин тусга белаган пайт оқчарлоқлар учун нонушта бошланиб, ҳар қайси қуш айёрлик ва абжирлик билан ёғлироқ луқмани юлиб қочишга уринаркан, бу пайт Жонатан Ливингстон исмли оқчарлоқ тўдада йўқ эди. У машқ қиларди - бошқалардан олисда, ёлғиз ўзи, қайиқ ва қирғоқдан жуда баландда парвоз этарди.

Гарчи оқчарлоқлар учун парвоз чоғида туйқусдан тўхташ, тезликни йўқотиш кечирилмас ҳол, уят, шармандалик саналса-да, қавмдошлари ҳеч қачон бундай танг аҳволга тушмаслиги маълум бўлса-да, Жонатан Ливингстонга бундай уят ҳисси бегона эди. У қанотлари оғриса ҳам, машқлари машаққатли бўлишига қарамай парвоз завқини чексиз юксакликларда, ҳали забт этиш тугул ҳеч кимнинг хаёлига келмаган юқори тезликларда туйишни истарди, бунга зўр бериб ҳаракат қиларди.

Табиийки, ундаги бу ўзгачалик яқинларини хавотирга солмай қўймайди. Улар Жонатанга "Сенинг учишдан мақсадинг овқат топиш" деб уқтиришганидан сўнг, ноилож бошда бунга кўниб, оқчарлоқлар галаси уюштирадиган жангга - балиқ ичак-чавоғи, қотган нон бўлаклари учун кечадиган қий-чув ва тўполонга қўшилиб, ўзича ҳалол ва ҳафсала билан талашиб-тортишишга ҳаракат қилдию, бироқ яшаш учун бундай курашишга нисбатан ўзида жиддий муносабат уйғотиш Жонатанга муяссар бўлмади.

Дастлаб соатига тўқсон мил тезликда парвоз қилаётган қуш учун динамит зарядининг портлашига монанд ҳолат қизиқ ва муҳимроқ эди! Гарчи бу тезликда қанотлари ёйилгудай бўлса - ҳалокат муқаррарлиги, аёвсиз оқим зарбаси ўзини миллион бўлакларга титиб юбориши ва океан бетига фақат шу бўлакларгина етиб боришини билса-да...

Машҳур бастакор Иоганн Себастьян Бахнинг авлоди бўлган америкалик ёзувчи, файласуф ва публицист Ричард Бах (1936 йилда туғилган) қаламига мансуб "Оқчарлоқ Жонатан Ливингстон" ривоят-қиссасида айни шу воқеалар силсиласи қаламга олинади.

Рамзий маънодаги ушбу асар аслида ҳар биримиз ҳақида. Чунки болалигида, умрнинг пок ва беғубор дамларида ўз олдига юксак орзу-мақсадлар қўймаган одамни топиш қийин. Кимлардир буни рўёбга чиқаришга гоҳида зўр бериб, гоҳида базўр ҳаракат қилади, кимлардир эса турмуш икир-чикирлари билан ўралашиб, ўз орзу-мақсадлари устига тупроқ тортади - бунда ён-атрофдагилар, мавжуд муҳит, жамият таъсири алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш лозим.

Океанорти ёзувчиси Южин О`Нилнинг шундай гапи бор эди: "Оддий одамлар амалга ошадиган орзуларни қилишади. Буюк одамлар эса ҳеч қачон амалга ошмайдиган орзулар билан яшашади".

Аммо бу каби буюклик ҳаммага ҳам насиб этадими? Ўзгачароқ фикрласангиз, бошқаларникидан фарқли мақсадлар қўйсангиз, танқид ё кулгига қолишингиз табиий. Ҳатто бутун жамият сизни айириб қўйиши-да ҳеч гап эмас.

Хўш, жамият ўрнатган тартиб-қоидаларни қабул қилишни истамаган Оқчарлоқ пировардида нимага эришди? Унда бойқушнинг кўзлари, қирғийнинг калта қанотлари бўлмаса-да, оқчарлоқлар ҳеч қачон қоронғи зулматда учмаган бўлишига қарамай соатига 214 мил тезликда, тўда тарихида энг улуғвор ютуқ - чинакам юксалишга эришди. Жонатаннинг мисли кўрилмаган натижасини галадошлари муносиб кутиб олишдими? "Олқишу мақтовларнинг менга кераги йўқ. Сардор бўлишга ҳам хоҳишим йўқ. Мен ўзим кашф этган усулларни ўргатишим, аслида ҳар биримизда бор бўлган ақл бовар этмайдиган имкониятларни намойиш этишим мумкин, холос" деб ҳисоблашига қарамай, уни қувғин қилишди!

Қувғинда эса Оқчарлоқ янада баланд юксаликларни забт этди. Қолаверса, юксаклик истагидаги қуш фақат ўзи эмас экан, ундан ўрганиш, чинакам парвоз завқини ҳис этиш муддаосида бўлганлар, тақиқларга қарамай, бор экан...

"Асл Жонатанга - ҳар биримизда яшайдиган Оқчарлоққа бағишланади" деган эпиграф тиркалган бу ғаройиб асарда майда-чуйда ташвишлардан баландроқ туриш, бу дунёга келишдан мақсад фақат еб-ичиш эмаслиги оқчарлоқлар мисолида ёрқин ифодалаб берилади.

Асардан иқтибослар

Аксар оқчарлоқлар учишнинг жўнгина қоидалари билан қаноатланади, жиддийроқ парвоз қилишни ўрганишга ўзларини уринтириб ўтирмайди. Қирғоқдан озиққача учиб бориб учиб қайтилса - шунинг ўзи кифоя улар учун. Кўпчиликка парвоз эмас, фақат озуқанинг ўзи зарур, холос. Бироқ, Жонатан Ливингстон отлиқ Оқчарлоқ учун муҳими парвоз. Озуқа эса - бу шунчаки… Чунки, дунёда Жонатан барчасидан учишни яхши кўради.

* * *

"Барчаси бекор. Мен - оқчарлоқман. Қисматим - имкониятимнинг чекланганидан. Тез учишни ва парвоз санъатини мукаммал эгаллашим учун, аслида, туғилганимдаёқ танам шунга мос сифатларга эга бўлиши лозим эди ва ўшанда ақлим ҳам шуни тақозо этадиган даражада ишларди. Тез учиш учун қирғийнинг қанотлари зарур, менда эса, бундай қанотлар йўқ. Мен, қайноқ қумдаги каламушлар билан эмас, сувдаги совуқ балиқлар билан озиқланаман. Отамнинг айтган гаплари тўғри. Бу бефойда машғулотларни бас қилиш керак. Уйга қайтай - Галага - ва тирик юрганимга, борлигимга шукур қилиб юраверай. Ахир, мен - бир нотавон оқчарлоқман, имкониятларим чекланган ва мен бунга тан беришим лозим".

* * *

"Уларга бунинг ҳаммасини айтиб берсам, улар бу Кашфиётларни эшитса, бошлари осмонга етгудай хурсанд бўлишади, - деб ўйлади Жонатан. - Энди ҳаёт жуда қизиқарли бўлади! Авваллари зерикарли майда ташвишларда - қирғоқдан кемага, кемадан қирғоққа учиб-қўниб умр ўтарди, энди парвознинг мазмуни ўзгача бўлади, энди учишда катта мақсад бўлади!"

* * *

Бизда ғафлатни тарк этишга имконимиз бор, биз ўзимиздаги куч-қудратни, ақл-идрокни ишга солишимиз керак. Биз ўз озодлигимизни қўлга киритишга қодирмиз.

* * *

Ҳаётнинг моҳиятини тушунишга уриниш, катта мақсадларга олиб борадиган йўлларни излаш - ахир, бунинг нимаси беандишалик? Ўзингни бу олижаноб ишларга бағишлаш - масъулиятни тўла ҳис этиш-ку! Ахир, биз ҳозиргача нимани тушуниб етдик - балиқнинг ичак-чавоғини талашиб минглаб йилларни бой бердик… Энди бизда ибтидомизни - нима учун яшаётганимизни англаш имконияти пайдо бўлди. Кашф этиш, тушуниш, озод бўлиш имконияти!

* * *

...у Олис Қоялардан ҳам узоқроққа учиб кетган эди. Унинг бағрини эзаётган алам ёлғизлик азоби эмас, балки оқчарлоқларнинг юксак парвоз шавқини туюшни истамагани эди. Улар кўзлари очилишини ва оламни очиқ кўз билан кўришни рад этишди.

* * *

Юракни сиқадиган хунобгарчилик, қўрқув, кин-адоват - умрнинг заволи.

* * *

"...сен - камёб қушлар сирасидансан, сендайлар, нари борганда, миллиондан битта. Биз қандай бўлсак шундайлигимизча, қаердан келганимизни унутиб ва қаерга кетаётганимизнинг ҳеч бир ташвишини тортмай бир оламдан бошқасига учиб ўтаверамиз. Биз шунчаки ўтаётган лаҳзалар билан қаноат қилиб яшаймиз. Сен тасаввур қиласанми: яшашдан мақсад - қорин тўйғазиш, озуқа талашиб жанжаллашиш ёки Тўдага ҳоким бўламан деб куйиб-пишишдан иборат эмаслигини англаб етиш учун ҳар қайсимиз нечта умрни яшаб кўришимиз лозим бўларкан?.. Минглаб умрни, Жон, ўн минглаб умрни. Шундан кейин эса дунёда комиллик деган тушунча ҳам борлигини фаҳмлашимиз лозим бўлади. Бунга яна неча юзлаб умрлар керак. Яна юзлаб умрлар эса, ҳаёт мазмуни - комиллик йўлидаги изланишларга сарфланади; бизнинг ҳар биримизнинг вазифамиз - ботинимизда комилликка хос фазилатларни тарбиялаш ва айни пайтда, туриш-турмушимизни, хатти-ҳаракатларимизни ҳам шу мақсадга уйғунлаштириб бормоқдан иборат. Тирикликнинг барча босқичларида битта қонун устувор: кейинги оламга биз шу ерда - бу оламда орттирган илмимиз воситасидагина кириб бора оламиз. Агар биз авомлигимизча қолсак ва билимимизнинг саёзлигига бефарқ бўлсак - кейинги оламимиз ҳозиргисидан ҳеч қандай фарқ қилмайди, жамики тўсиқлар йўлимиз устида яна кўндаланг бўлиб тураверади ва ўзимиз тағин қўрғошиндай оғир қанотларимизни судраб ўша тўсиқлардан ўтишга барибир мажбур бўламиз.

* * *

Мукаммал тезлик - бу соатига минглаб мил уча олиш эмас. Миллион мил учиш ҳам эмас. Бу ёруғлик тезлиги ҳам эмас. Зотан, ҳар қандай сон моҳиятан чегарани, меъёрни англатади, чегара эса ҳар доим чеклаб қўяди. Комиллик чегара нималигини билмайди. Демак, мукаммал тезлик, ўғлим, бу - боришга тараддудланган жойингда ҳозир бўлишингдир.

* * *

Ҳар биримизда Буюк Оқчарлоқ ғояси мужассам - бу ҳар қандай тўсиқлардан холи мутлақ озодлик ғояси. Шунинг учун ҳам парвозда аниқлик ва мукаммалликка эришиш - ботинимиздаги ҳақиқий моҳиятни кашф этиш ва намоён қилиш йўлидаги илк қадам. Бу йўлда тўсиқ бўладиган нарсалардан халос бўлиш зарур. Катта тезликда учиш, тезликни меъёрида сақлаш,  юксак парвоз сирларини эгаллаш -  машқларнинг муҳим жиҳати шунда…

* * *

Фикрингизга банд соладиган занжирларни узинг ва шунда сиз вужудингизни банд этган занжирлардан ҳам қутуласиз...

* * *

Ягона холис қонун мавжуд - бу озодлик қонунидир.

* * *

Кўзларингга ишонмагин. Чунки кўзларга бизнинг озодлигимизни чегаралайдиган панжараларгина кўринади. Энг муҳим нарсани кўрмоқ учун тафаккурни ишга солмоқ лозим.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo