Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.03.2021


ҲУКМДОРЛАРНИНГ ЭНГ САРАСИ ШУНДАЙКИ, ХАЛҚ УНИНГ БОРЛИГИНИ СЕЗМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Ҳар қандай давру маконда комил инсон, мукаммал бошқарув ҳақида ўйлашган, орзу-умид қилишган. Бу борада айниқса қадимги Хитой донишмандларининг қарашлари эътиборга молик. Биргина Конфуцийни оладиган бўлсак, бундан икки ярим минг йил аввал яшаган мутафаккирни бугун дунёнинг исталган нуқтасида яхши билишади. У билан бир даврда яшаган яна бир донишманд Лао-зи бўлиб, у "Дао-Де-жинг" номли китоб битиб, унда одамларни оламдаги ҳеч бир нарсага зиён-заҳмат етказмаслик, фоний дунё ҳақида ортиқча ташвиш чекмаслик, қаноат ва эзгу амалларни канда қилмаслик, нафратга ҳиммат билан жавоб қайтаришга чақиради.

Донишманднинг халқ ва ҳокимият борасидаги нуқтаи назари диққатга сазовор. "Давлатнинг ўткир қуролини халққа пешлаш нораводир. Халқ - сув, подшо - балиқ, балиқ сувсиз яшай олмаганидек, давлат ҳам, подшо ҳам халқсиз кўпга бормайди" деб ёзган файласуф давлатнинг ўткир қуроллари деганда жазоловчи амру фармонларни назарда тутадики, бу фикрлар замонлар ўтиши билан аҳамиятини йўқотмаган.

"Академнашр" нашриёти тан олинган китобларни оригинал тилидан таржима қилиш бўйича ўз анъаналарига содиқ ҳолда қадим Хитой донишманди Лао-зининг "Дао. Фазилатлар китоби" асарини ҳам тўғридан-тўғри хитойчадан ўзбек тилига ўгириб, ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилди. Ўйлаймизки, сиз ҳам азиз вақтингизни доно фикрларни ўқиш ва уқишга сарфлашдан эринмайсиз...

* * *

...етишмоқ мушкул бўлган матоҳларни қадрлайвермасанг, одамлар ҳам ўғри-қароқчилик қилмасдилар; ҳирсни қўзғовчи нарсаларни кўрсатмасанг, одамларнинг кўнглига ғулғула тушмасди.

* * *

Самимият етишмаган ерда ишонч йўқолади.

* * *

Бидъатлардан воз кечилсагина ғам-кулфатлар бўлмас.

* * *

Одамлар қўрққанидан қўрқмаса бўлмас.

* * *

Қайишган бутун бўлар; эгилганни тўғриласа бўлар; чуқурни тўлдирса бўлар; эскини янгиласа бўлар; камсуқум муродига етар; кўпнинг пайида бўлган (очкўзлар) гумроҳ бўлар.

* * *

Гумроҳлик билан бирга бўлгувчи кимсалар ўз гумроҳликларидан ҳам қувониб юрарлар.

* * *

(Баланд бўламан деб) оёқ учида турган мувозанатин сақлолмас; (тез юраман деб) катта қадам ташлаган узоққа боролмас; ўзини кўз-кўз қилган нодондир; фақат ўзини ҳақ деб билган бетайиндир; ўзини мақтагувчи ношуддир; ўзига бино қўйган узоққа бормас.

* * *

Ҳукмдорларнинг энг сараси шундайки, халқ унинг борлигини сезмайди.

* * *

Қандай қилиб ўн минг чоғли жанг аравали катта давлат подшоҳи бўла туриб тағин енгилтаклик ва ҳовлиқмалик билан салтанатни идора қилиш мумкин?

Енгилтаклик бўлса илдизидан айрилар, ҳовлиқса шоҳлигидан ажралар.

* * *

Донишманд доим одамларни қутқаришга моҳирдир, шу сабаб, унинг наздида, ташландиқ киши бўлмас; ҳамма нарсани доим ўз ўрнида ишлатишни яхши билар, шу сабаб, унинг наздида, ташландиқ (нокерак) нарса бўлмас.

Буни ботиний донишмандлик дегайлар.

Шунинг учун яхши одамлар ёмон одамларга устоз бўлса, ёмонлар яхшилар учун ибратдир.

* * *

Халқ иродасига дахл қилмоқ мумкинмас, уни чангаллаб - куч билан қўлга олиб бўлмас; қасд (дахл) қилгувчи мағлуб бўлар, чангаллагувчи ундан айрилар.

* * *

Моҳир саркарда муродига етса - қўшин корига яраса - бас, юлғичлик ва зўравонлик қилишга ботинмас. Ғалаба қозонса ҳам, кибр-ҳавога берилмас; ғалаба қозонса ҳам, ўзини мақтамас; ғалаба қозонса ҳам, мағрурланиб кетмас; ғалаба қозонса ҳам - бу ноиложликдан; ғалаба қозонса ҳам, зўрман деб чиранмас.

* * *

Қурол бехосият матоҳдирки, олижанобларнинг нарсаси эмас, ноиложликдангина ундан фойдаланадилар, холос; парвосига ҳам келтирмаслик яхшидир; ғалаба қилсангиз ҳузурланманг, ғалабадан ҳузурланиш - эрмак учун одам ўлдиришдир.

* * *

Одамларни яхши билган - доно, ўзини англаган донишманддир. Одамларни енгган - кучли, ўзини енга олган қудратлидир. Қаноатгўй чин бадавлат, собитқадам - иродалидир. Ўзлигини йўқотмаган боқийдир. (Жисман) ўлиб, лек завол топмаган умри узоқдир!

* * *

Йиғмоқчи бўлинганни аввал ёймоқ лозим; заифлаштирмоқчи бўлинганни аввал кучайтирмоқ лозим; ташламоқчи бўлинганни аввал кўтармоқ лозим; олмоқчи бўлинганга аввал бермоқ лозим.

* * *

Юксак фазилатли киши ўзини фазилатли қилиб кўрсатишга уринмас, бу ҳам унинг фазилатлилигидандир; қуйи фазилатли кимса фазилатлардан мосуво бўлганин билмас, бу ҳам унинг фазилатсизлигидан (бехосиятлигидан)дир.

* * *

Ҳирс қўйманг нефритдек ял-ял ёнмоққа, бўлингиз бир тошдек қаттиқ-мустаҳкам.

* * *

Молпарастликнинг оқибати, шубҳасиз фожиалидир! (Тўплашга ўч бўлсанг - жудолик ҳам кўп бўлар!)

Қаноатни билганга хўрлик йўқ; тийилишни (меъёрни) билганга хатар йўқ.

* * *

Баъзилар қанчалик узоқ юрмасинлар, уларнинг билганлари барибир шунчалик оздир. Бинобарин, донишманд одам сафарга чиқмасдан ҳам дунёнинг ишларидан бохабардир, кўрмаган бўлсалар ҳам, уларга кўп нарса аёндир, ҳеч нима қилмасдан ҳам кўп нарсани уддалай оладилар.

* * *

Соҳиби салтанат бўлмоқ истасанг, ҳамиша беғурбат юргиз сиёсат; агарки айлантирсанг уни ғурбатхонага, нолойиқсан салтанатга соҳиб чиқмоққа.

* * *

Ожизларни ҳимоя қила олиш кучлиликдир.

* * *

Билгувчи сўзламайди, сўзлагувчи билмайди.

* * *

Салтанатда қатағон (тақиқ)лар қанчалик кўп бўлса, халқ шунчалик қашшоқлашиб бораверади; халқда қурол-яроғ қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик алғов-далғов бўлгай; одамлар қанчалик устаси фаранг-ақлли бўлиб кетишса, ғалати нарсалар (бузуқлик ва бачканалик) шунчалик урчигай; амру фармонлар қанчалик шафқатсиз бўлса, қароқчи-ўғрилар ҳам шунчалик кўпайиб бораверади.

Инчунун, донишманд одам дегайки: "Мен хатти-ҳаракат қилмасам (дахл қилмасам), халқ ўз-ўзидан камолотга эришгай; мен осойишталикни яхши кўрсам, халқ ҳам ўзини ростлаб олгай; мен монелик қилмасам (халал бермасам), элда фаровонлик бўлгай; мен баднафс-тамагир бўлмасам, халқ ўз-ўзидан содда-самимий бўлгай".

* * *

Сиёсати ғира-шира бўлса, халқ ҳам оддий-содда бўлар (сиёсатда кенгфеъл бўлинса, халқ ҳам диёнатли-вафодор бўлар); сиёсатнинг текшир-текшири кўп бўлса, халқнинг у йўқ-бу йўқ дейиши қолмас (сиёсатда ҳаддан ортиқ қаттиққўллик қилинса, халқ ҳам ношукур-муғамбир бўлар).

* * *

Йўғонлиги қучоқдек келадиган улкан дарахт ҳам қилчалигидан униб-ўсган; тўққиз қаватлик баланд минора ҳам кажава тупроқ уюмидан қад ростлаган; минг чақиримлик олис сафар ҳам оёқларинг остидан (биринчи қадамдан) бошланади.

* * *

О, бахтсизлик! У бахтнинг таянчидир!

О, бахт! Унда пинҳон эрур бахтсизлик!

* * *

Охиригача ҳам худди бошидагидек астойдил киришсанг, ўнгидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқдир. Шунинг учун донишмандлар бошқалар интилмайдиган нарсаларга интиладилар; етишиш мушкул бўлган мол-дунёга парво ҳам қилмайдилар; (донишмандлар) одамлар ўрганмайдиган нарсаларни ўрганадилар; одамларни хато қилишдан қайтарадилар.

* * *

Моҳир саркарда жангари бўлмас; моҳир жангчи жиззаки бўлмас; моҳир ғолибга жангнинг ҳожати бўлмас;  бошқаларни ишга солишга моҳир одам камтарин бўлур.

* * *

Донишмандлар ҳеч қачон буюклик даъво қилмаган, шу сабаб буюк бўла олганлар.

* * *

Халқнинг куч-қудратдан ҳайиқмай қўйгани - энг мудҳиш таҳдиднинг яқинлашиб келгани.

* * *

Инсон туғилганида юмшоқ ва майин, ўлганида эса қаттиқ ва букилмас бўлиб қолади. Дов-дарахт ва ўт-ўланлар - жамики мавжудот нозик ва нимжон ҳолда дунёга келади, ўлгач эса қуриб-қақшаб қолади. Шу боис қаттиқлик ўлимга хос; юмшоқлик тириклик белгисидир. Шунинг учун қудратли қўшинни рўкач қилган ҳалокатга йўлиқар (қурол кучи билан мақтанганнинг ҳалокати муқаррар); бақувват дарахт болтага йўлиқар. Қудратли ва йириклар пастга инади, юмшоқ ва нозиклар юксакка интилади.

* * *

Чин сўзлар чиройли бўлмас, чиройли сўзлар чин бўлолмас.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo