Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

14.07.2022


ҚУЁШИМИЗ НУРЛАРИДАН "SOLAR FINLAND" ҲАМ БАҲРА ОЛМОҚЧИ

Қашқадарё ва дунё

Жорий йилнинг охиригача Қашқадарёда қуёш энергетикаси соҳасида замонавий инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи "Solar Finland" (Финляндия) компанияси билан шерикликда қўшма корхона ташкил этилиши мумкин.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва "Solar Finland" компанияси бош директори Пекка Раухала ўртасида видеоконференция тарзида ўтказилган музокаралардан сўнг маълум қилинди.

Хабар берилишича, Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Иллка Ряйсянен ва мазкур мамлакатнинг республикамиздаги фахрий консули Алишер Жўраев иштирок этган бу музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, учрашувда "Solar Finland" компанияси ўз маҳсулотларини Ўзбекистон бозорида танитиш мақсадида вилоятдаги битта мактаб ва битта шифохона биноларига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича синов тариқасида пилот лойиҳасини амалга ошириши мумкинлиги билдирилиб, вилоят ҳокимлиги билан келишган ҳолда битта маъмурий бинони тижорат асосида тўлиқ муқобил энергияга бўлган эҳтиёжини қоплайдиган қуёш панеллари билан таъминлашга тайёрлиги қайд этилди. Шунингдек, Қарши шаҳридаги эркин иқтисодий зона ҳудудида ҳамкорликда қўшма корхона очиш мақсадида компания мутахассисларининг Қашқадарё вилоятига ташрифини ташкил этиш зарурлиги хусусида сўз юритилди.

Пекка Раухала Ўзбекистонда муқобил энергетика бозори ривожланишнинг янги босқичига ўтаётганлигини эътироф этар экан, жаҳоннинг йирик ишлаб чиқарувчилари мамлакатимиз иқтисодиётининг ушбу тармоғига инвестиция киритишга катта қизиқиш билдираётганлигини ва бундан манфаатдорлигини алоҳида таъкидлади. Айни пайтда "Solar Finland" компанияси келгусида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ва МДҲнинг бошқа давлатлари бозорига ҳам кириб боришни режа қилганлигини айтиб ўтди.

- Вилоятимиз аҳли ва тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш учун муқобил энергия ускуналарини ўрнатишни оммалаштириш ва бу соҳада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда "Solar Finland" билан ҳамкорликни тез фурсатларда амалга оширишда зарур инфраструктура, ресурс ва қулай ишлаб чиқариш муҳитини ташкил этишга тайёрмиз, - деди ўз навбатида вилоят ҳокими Муротжон Азимов.

Учрашувда воҳамизда барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон" массивларида ҳамда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар, маъмурий бинолар, ижтимоий соҳа ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда "ижтимоий дафтарлар"га киритилган фуқаролар хонадонларида муқобил энергия манбаларини ўрнатиш зарурлиги ва шу нуқтаи назардан ҳам икки томонлама ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида маълум қилинишича, томонлар ўртасидаги музокаралар натижаларига кўра бир қатор келишувларга эришилди. Хусусан, июль ойининг охиригача қуёш панелларини ўрнатувчи маҳаллий корхона билан ҳамкорликда объектларнинг эҳтиёжини ўрганиш ва ускуналарни ишга тушириш, жорий йил якунигача эса воҳамиздаги тадбиркорлик субъекти билан қўшма корхона очиб, келгуси йилдан бошлаб унинг фаолиятини йўлга қўйиш чоралари кўриладиган бўлди.

Ўз мухбиримиз

Report typo