Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • ҚУЁНЧИЛИКНИ БОШЛАГАН ОИЛА УНДОВГА ЭМАС, ҚЎЛЛОВГА МУҲТОЖ. МАСЪУЛЛАР ЭСА РАСМИЯТЧИЛИКДАН НАРИГА ЎТМАЯПТИ

Ж.БОЙМУРОДОВ

17.09.2021


ҚУЁНЧИЛИКНИ БОШЛАГАН ОИЛА УНДОВГА ЭМАС, ҚЎЛЛОВГА МУҲТОЖ. МАСЪУЛЛАР ЭСА РАСМИЯТЧИЛИКДАН НАРИГА ЎТМАЯПТИ

 

Бирни кўриб фикр қил

Китоб туманидаги Ҳожи маҳалласида истиқомат қилаётган Шавқиддин Тўлановнинг уч нафар фарзанди бор. Саломатлиги билан боғлиқ муаммо сабаб ўзи ҳеч қаерда ишламайди, турмуш ўртоғи ҳам уйда ўтиради. Шунга қарамай, оила бировга қараб қолмаган.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асадулла Шариповнинг айтишича, бу оиланинг аъзолари бирор марта маҳаллага моддий ёрдам ёки бошқа нарса сўраб келишмаган. Ҳатто маҳалла фаолларининг ўзлари таклиф киритиб, шу оилага ёрдам кўрсатмоқчи эканлигини айтишганда ҳам Шавқиддин унамаган. Ҳамма нарсаси етарли эканини билдирган.

Хўш, бундай вазиятда оила қандай кун кўраяпти, деб савол беришингиз мумкин. Биз ҳам бошида шу ҳақда ўйлагандик. Аммо  қаҳрамонимиз йўлга қўйган қуён бизнесини кўриб, оила фаровонлигининг асоси нимада эканини англадик.

- Қуён парваришлашни 2017 йилда бошлаганман, - дейди у. - Телевизор орқали ҳукуматимиз томонидан қуёнчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, қуён боқаётган оилалар ҳақида кўриб, эшитиб, шу ишга қизиқиб қолдим. Олдин Янги Зеландия оқ қуёни турига мансуб,  кейинроқ эса великан ва фландр зотли қуёнларни олиб келиб, уларни парваришлай бошладим. Меҳнатдан қочганим йўқ, парваришини беками-кўст қилдим. Қарабсизки, орадан икки йил ҳам ўтмай қуёнларим сони 200 га етди. Уларни сотиш учун бозор ҳам топдим.

Дарҳақиқат, Шавқиддин Тўланов харидор топишда замонавий усулни танлаган. У бунинг учун интернетдаги сайтлар, ижтимоий тармоқларни кузатиб, қуён савдоси билан шуғулланувчи бир нечта онлайн-гуруҳларга аъзо бўлган.

- Ҳозир сотмоқчи бўлган қуёним ҳақидаги эълонни ўша гуруҳлардан бирига жойлаштираман, кўп ўтмай харидорлар алоқага чиқа бошлашади, - дейди у. -  Нархини келишсак, ўзлари келиб  олиб кетади ёки ўзим жунатишим ҳам мумкин. Энг қиммати - 700 минг сўмгача сотдим, ўртача нархда эса 400-500 минг сўмдан сотилаяпти. Ҳар ой 3-3,5 миллион сўмга қуён сотаман. Бу пул рўзғорга ва бизнесни давом эттиришга бемалол етиб турибди. Бировга қараб қолган жойимиз йўқ.

Албатта, ҳар ким ўз ишини янада ривожлантириш, янги марраларни забт этишни истайди. Шавқиддин Тўланов ҳам бу натижа билан чекланиб қолмоқчи эмас. У қуёнлар сонини бундан бир неча маротаба ошириб, янада кўпроқ даромад олиш, керак бўлса, қўшимча иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Фақат умумий майдони 4 сотих ҳам чиқмайдиган кичик ҳовлисида бу ишни амалга ошириш имконсиз.

- Дастлаб қуёнларим сони юздан оша бошлагач, маҳалла фаолларининг маслаҳати билан уларни ҳудуддаги бўш ётган дала шийпонларидан бирига олиб бориб, шу ерда қуёнхона қилиб парваришлай бошладим, - дейди у. - Жой кенг бўлгач, бемалол кўпайтириш мумкин. Уйдаги каби ҳиди чиқиб, қўни-қўшнини ҳам безовта қилмайди. Хуллас, икки-уч йил шу тарзда ишладим. Қуёнларим сони 300 тага етди. Аммо шийпон ҳудуддаги МТПга қарашли экан. Улар шийпоннинг сотилишини айтиб, мени чиқариб юборишди. Яна кичик ҳовлига келиб жойлашдим. Қуёнлар сонини қарийб уч хисса камайтиришга мажбур бўлдим.

Шавқиддин Тўланов фаолиятини ривожлантириш учун атиги 3-4 сотих ер беришларини сўраб туман, вилоят ҳокимлиги, вазирлик даражасидаги идораларга кўп маротаба мурожаат қилган. Аммо қуруқ ваъдалар ёки ҳуқуқий тушунтиришлардан бошқа нарса ололгани йўқ. Масъуллар ерни фақат аукцион орқали олиш мумкинлигини айтади, лекин суриштириб билса, бу ҳудудда ҳали аукционга ер қўйилмаган. Ваҳоланки, бу ердаги бир нечта бино бўш, хароба ҳолида ётибди, лекин унга фойдаланиш учун беришмайди.

- У кишининг муаммосидан хабарим бор, - дейди Давлат кадастрлари палатаси Китоб туман филиали раҳбари Ихтиёр Юсупов. - Унга сувли ер олишнинг қонуний тартиблари ҳақида тўлиқ тушунтириш берганмиз. Кейин маҳалла ҳудудида жойлашган дала шийпонини сўради. Ушбу шийпон биноси МТП билансида турибди. Шунга қарамай, МТП раҳбарлари билан келишиб, 5 йил муддатга фақат солиқларини тўлаб, текин фойдаланиши учун шартнома таклиф этдик, лекин рози бўлмади.

Шавқиддин Тўланов эса буни инкор қилмагани ҳолда, таклиф этилган 5 йиллик шартнома муддати унинг учун камлик қилиши, шу жойдан қуёнхона қуриб, энди ишни ривожлантира бошлаган вақти яна чиқиб кетишига тўғри келиши мумкинлигини таъкидлади.

- Ҳеч бўлмаса 10 йил муддатга беринглар, деб сўрадим, лекин рози бўлишмади, - дейди у. - Алам қиладигани - бу бино ҳозир ҳам бўм-бўш ётибди.

Хуллас, тадбиркорлик қиламан, бир ишни ривожлантираман, деган фуқаро фаолияти учун бир парча ер тополмай сарсон. Одамларни янги ташаббусларга ундаши, бунинг учун уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиши ва пировард натижада ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга масъул бўлган раҳбарлар эса муаммони чуқурроқ ўрганиб, уни ҳал этишга астойдил киришмаяпти. Фуқаронинг мурожаатларига эса қонунни рўкач қилиб, расмий жавоблар бериш билан чекланишмоқда.

Шу жойда маҳалла раиси Асадулла Шарипов тадбиркорга озгина бўлса-да умид берадиган бир гапни айтиб қолди.

Маълум бўлишича, бундан бирмунча вақт олдин вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев Ҳожи маҳалласи аҳли билан учрашиб, маҳаллани паррандачиликка ихтисослаштириш, аҳоли хонадонларида бройлер товуқ боқишни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашган. Ана шу тадбирда Шавқиддин Тўланов вилоят ҳокими ўринбосарига ўз муаммосини айтиб, шу масалада ёрдам сўраган.

- Ўша йиғилишда кўтарилган масалалар ижроси юзасидан ўтган ҳафта яна Нодир Эркаевнинг қабулида бўлдим, - дейди маҳалла раиси. - Ҳоким ўринбосари бизни аслида паррандачиликни ривожлантириш масалалари, амалга оширишимиз керак бўлган ишлар юзасидан чақирган эди. Лекин суҳбат давомида Шавқиддин Тўлановнинг иши нима бўлгани ҳақида ўзи сўради. Мен бор гапни айтдим. "Ўзим бораман, ҳал қиламиз" деди.

Биз ҳам шундай бўлишидан умидвормиз.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo