Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

30.05.2023


ҲУДУДЛАРДА “ЯШИЛ БОҒЛАР” ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Маҳаллий Кенгашларда

Вилоятимизнинг бир қатор ҳудудларида халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан “Яшил боғлар”ни ташкил этиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

“E-qaror” ягона электрон тизимида жойлаштирилган тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишга хизмат қиладиган “Яшил боғлар”, хусусан, Қамаши тумани Оқгузар маҳалласи ҳудудида, Қамаши сув омборининг 3,6 гектарлик қўшимча ер майдонида ҳамда Касби тумани Тинчлик маҳалласидаги  4,2 гектар ва Қарши туманидаги Ўзбекистон мустақиллиги маҳалласидаги 3 гектар ер майдонларида ташкил этилди.

Давлат ҳокимияти вакиллик органлари қарорларида қайд этилганидек, “Яшил боғлар”ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Яшил боғлар”ни барпо этиш дастури мамлакат Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган. Унга асосан келгуси йилнинг охиригача вилоятимиз туманларида жами 90 гектар майдонда “Яшил боғлар” вужудга келиши назарда тутилган.

Ўз мухбиримиз  

 

Report typo