Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Биродар АЗИЗОВ

07.01.2022


ЦЕМЕНТ ЗАВОДИ, ПАРРАНДАЧИЛИК КЛАСТЕРИ, СИҚУВ-КОМПРЕССОР СТАНЦИЯЛАРИ...

2022 йилда вилоятимизда яна қандай йирик объектлар иш бошлайди?

 Инвестиция лойиҳалари

Мамлакатимизнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида жорий йилда Қашқадарёда йилига 1,2 миллион тонна портландцемент ишлаб чиқарадиган завод, шунингдек, 500 минг бош товуқ боқиб, парҳез гўшт ва тухум етиштиришга ихтисослашган паррандачилик кластери ҳамда бошқа бир қатор йирик корхоналар фойдаланишга топширилади.

2022 йилда ишга тушириладиган йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларининг манзилли рўйхатига кўра, пойдеворига 2019 йилнинг  октябрь ойида асос солинган "Qarshi Conch Cement" хорижий корхонаси шу йилнинг июнь ойида маҳсулот бера бошлайди. Китоб тумани Макрид массивида Хитой Халқ Республикасининг машҳур "Anhui Conch Cement Co LTD" компанияси томонидан 150 миллион доллар эвазига барпо этилаётган мазкур заводни қуриш ва жиҳозлашга шу йилнинг беш ойи давомида 41 миллион доллар миқдорида инвестициялар йўналтириш кўзда тутилган.  Янги корхонада 400 та иш ўрни яратилиши қайд этилган ва маълумотларга қараганда, заводга ўтган йилнинг куз ойларидаёқ 50 дан ортиқ йўналиш бўйича ишчилар қабул қилиш бошланган. Китобдаги мажмуада цемент ишлаб чиқариш жараёнида хитойлик мутахассислар иштирок этса-да, корхона жамоасининг 90-95  фоизи маҳаллий ёшлардан иборат бўлади.

Бундан ташқари, воҳамизда ҳар йилгидек нефть ва газ саноатига тааллуқли бир қатор объектларни ишга тушириш ҳам режалаштирилган. Масалан, 2017-2022 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш дастури доирасида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш  бошқармаларига қарашли Денгизкўл ва Жанубий Тандирча конларида сиқув-компрессор станцияларини қуриб битказиш режалаштирилган. Бу объектларга йўналтириладиган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 162 миллион долларни ташкил этади ва ушбу маблағ ҳисобидан Денгизкўл конида йилига 2,3 миллион, Жанубий Тандирчада эса 1,5 миллион метр куб табиий газнинг босимини белгиланган меъёргача кўтариш имкони яратилади. Мўлжалга кўра, бу сиқув-компрессор станцияларининг иккаласи ҳам ёз ойлари - июнь ва августда фойдаланишга топширилади.

Инвестиция дастури доирасида жорий йилда вилоятимизда нефть-газ соҳасига алоқадор яна бир лойиҳани якунига етказиб, Косон туманидаги "Rapid Rise Technology" масъулияти чекланган жамиятида нефть бурғулаш ускуналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган. Қиймати 5,5 миллион долларга тенг бу лойиҳанинг йиллик қуввати 200 та ускунадан иборат бўлиб, яратиладиган янги иш ўринлари сони 35 тани ташкил этиши кутилмоқда.

Косон туманидаги бошқа бир саноат корхонаси - "Бунёдкор" масъулияти чекланган жамиятида эса йил давомида бир йўла иккита йирик объектни ишга тушириш мўлжалланаяпти. Улардан биттасининг қиймати 30,5 миллион долларга тенг бўлиб, ҳар йили қўшимча 5,9 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконини берса, иккинчиси - 33,4 миллион долларлик тўқимачилик комплекси, йилига 2 миллион метр квадрат газлама, 1,6 минг тонна тўқимачилик матоси ва минг тонна момиқ сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Тўқимачилик соҳасидаги улкан қувватлар жорий йилда Қарши туманидаги "LT Textile International" хорижий корхонасида (115 миллион доллар эвазига йилига 10 миллион метр квадрат ип-газлама ишлаб чиқариш) ва Муборак туманидаги "EMG Inter investment" масъулияти чекланган жамиятида (10 миллион доллар эвазига йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш) ҳам тегишли равишда март ва октябрь ойларида иш бошлайди.

Декабрь ойида эса Муборак туманида "Asia Max Muborak" МЧЖнинг йилига 150 минг тонна олтингугуртни қайта ишлашга қаратилган 5 миллион долларлик лойиҳасини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Тахминан шу вақтда Шаҳрисабз шаҳрида "Hisorakgidroqurilish" МЧЖ замонавий мебель ишлаб чиқаришни назарда тутувчи 3 миллион долларлик лойиҳасини якунига етказмоқчи.

Юқорида қайд этилган 500 минг бош товуқли паррандачилик кластери ҳам йилнинг охирига бориб Ғузор туманидаги "Guzar Parranda Klaster SJE" МЧЖ негизида ташкил этилади. Уни барпо этишга 4 миллион доллар сарфланиб, эвазига 150 нафар киши иш билан таъминланади. 

Биродар АЗИЗОВ

Report typo