Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

03.11.2020


ТОПГАН ТОПАЛОҚНИКИМИ?

Бирор ашёсини қаердадир тушириб ёки унутиб қолдирмаган киши йўқ бўлса керак. Йўқотгани топилса, яхши. Топилмагач, қийматли ашё бўлса, ичи ачийди, бундайроғига эса қўл силтаб қўя қолади.   

Хўш, йўқотилган ашёни бошқа биров топиб олса, у нима қилиши керак? Ёки индамай ўзиники қилиб олаверадими?

Аслида бу ахлоқимизга зид ҳаракат сифатида баҳоланади. Қолаверса, бу борада қонунчиликда аниқ тартиблар белгилаб қўйилган. Яъни, йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.

Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Шунингдек, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун ички ишлар органи, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган  шахсга топширишга ҳақлидир.

Агар йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд ички ишлар органига, тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ушбу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади. Буни рад этган тақдирда эса ашё давлат мулкига ўтади.

Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг йигирма фоизига қадар миқдорида мукофот    талаб қилишга ҳақлидир. Яна, топилмани сақлаш, топшириш ёки ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни топиш учун кетган харажатларни ундириш ҳуқуқига ҳам эга.

Топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.

Ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган ёки уни яширишга уринган бўлса, унда мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.

Report typo