Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

09.06.2022


ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМГА – ШОШИЛИНЧ ЁРДАМ

Соғлиқни сақлаш

Вилоятда тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифатини яхшилаш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Унда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 26,6 миллиард сўм талаб этилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан тасдиқланган бу "йўл харитаси"да жорий йил 5 май куни мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўриб чиқилган барча асосий масалалар ўз ифодасини топди.

"БОШҚА ҲУДУД" БАҲОНАСИ ЎТМАЙДИ

Шу ўринда эслатиш жоизки, мазкур йиғилишда соҳада ягона бошқарув йўлга қўйилмагани ва тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чеклангани, натижада тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса-да,  бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслиги таъкидланган эди. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам бригадаларининг кечикиб келиши бўйича ўтган йили 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушгани, махсус машиналарнинг кўпида навигация жиҳозлари йўқлиги, мамлакат миқёсида 10 мингта кўчага ҳалигача ном ва 500 мингга яқин уйларга рақам қўйилмаганига ҳам урғу берилганди. Тизимдаги энг катта муаммо шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилишида экани алоҳида таъкидланганди.

Шунингдек, жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида "103" Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилиши билдирилиб, энди тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, балки Тошкент шаҳри тажрибаси асосида, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилиши тушунтирилган эди. Умуман олганда, мамлакатда тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар тасдиқлаган "йўл харитаси"га мувофиқ тез орада воҳамизда вилоятлараро ва туманлараро чегарадош ҳудудлар аниқланиб, уларга энг яқин тез тиббий ёрдам шохобчалари белгиланади ва аҳолига тез тиббий ёрдам хизмати кечиктирмасдан кўрсатиш учун шароит яратилади.

Айни пайтда шошилинч ҳолатларда фуқароларни госпитализация қилиш учун энг яқин шошилинч хизмат кўрсатувчи шифохоналар дислокацияси аниқланади.

Шаҳар ва туманларда номланмаган кўчалар ва рақамланмаган уйларнинг рўйхати шакллантирилиб, мазкур рўйхат асосида жорий йил якунига қадар барча номсиз кўчаларга ном берилади ва уйлар рақамлаштирилади.

"НЕОТЛОЖКА"ДА ЎРИНЛАР СОНИ КЎПАЙТИРИЛАДИ

Вилоятдаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда туну кун фаолият кўрсатувчи янги тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил қилиниб, олис ва чекка ҳудудлар - Шаҳрисабз туманидаги Ғилон қишлоғи ва Қиёмшайх маҳалла фуқаролар йиғини, Чироқчи туманида Қуруқсой МФЙда янги тез тиббий ёрдам    постлари очилади.

Аҳолига шошилинч тиббий ёрдам хизматини кўрсатишда "олтин соат" даврини ҳисобга олиб, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш мақсадида барча туман ва шаҳар шифохоналари, вилоят даволаш-профилактика муассасаларида туну-кун ишлайдиган шошилинч тиббий ёрдам қабулхоналари фаолият бошлайди. 

Ўтган йили беморлар мурожаатлари сони 75 мингтага етган республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида ўринлар сони 220 дан 300 гача кўпайтирилиб, қўшимча ташкил этиладиган 80 та ўрин хўжалик ҳисобидан молиялаштирилади. Филиалда қон ва лимфа томирларига контраст модда юбориб, рентгенологик усул билан улар суратини олиш имконини берадиган ангиография аппаратларини ўрнатиш орқали коронография, нейро ва периферик ангиография йўлга қўйилади. Юқори технологияли биос, эндопротез ва буйрак трансплантацияси операциялари амалиётга кенг тадбиқ этилади.

Шу билан бирга компьютер томография (МСКТ) ва МРТ аппаратларини таъмирлаш ва ишга тушириш чоралари кўрилади. Бу тиббиёт масканидаги 2009 йилда ишлаб чиқарилган МСКТ аппаратини соз ҳолатга келтириш учун 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Филиални ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш ва қозонхонасида мавжуд асбоб-ускуналарни замонавий тежамкор қозонларга алмаштиришга ҳам зарур миқдорда маблағ йўналтирилади.

CALL-МАРКАЗ ВА СИМУЛЯЦИЯ МАРКАЗИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш жараёнида туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона Call -марказ тузилади. Бу Call-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради. Шунингдек, вилоят Call-марказларига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланиши мумкин бўлади.

Шу боис ҳам вилоятда тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифатини яхшилаш бўйича "йўл харитаси"га автоматлаштирилган тизимга эга бўлган Call-марказ фаолиятини  ташкил қилиш вазифаси энг муҳим бандлардан бири сифатида киритилган. Бу янги тузилма ва ҳудудий "103" хизмати негизида  очиладиган симуляция маркази (у ерда тез тиббий ёрдам бригадаларининг минг нафардан ортиқ шифокори, 1 минг 500 нафар фельдшери ва 2 минг 800 нафар ҳамшираси ўқитилади) учун янги бино қурилади. Бу иморатда 44 иш ўринга мўлжалланган катта зал, замонавий ташкилий техника, қўшимча хоналар, қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар ҳамда зарур алоқа воситалари бўлади.

Дарвоқе, шаҳар ва туман тез тиббий ёрдам станциялари ва бригадалари  23 та стационар ва 260 та мобил, жами 283 та  рация алоқа воситалари билан таъминланади. Вилоят геомаълумотлар базаси асосида Қашқадарёнинг электрон рақамли харитаси ишга туширилгач, у тез тиббий ёрдам автомашиналари GPS-тизимига бепул интеграция қилинади.

Айни пайтда тез тиббий ёрдам бригадаларининг  моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида улар учун кўплаб ЭКГ-аппаратлари ва ўпкани сунъий вентиляция қилиш мосламалари, дефибриллятор, қўл-оёқ шиналари, бўйин фиксаторлари, пульсоксиметр ҳамда бошқа жиҳоз, асбоб-ускуна ва буюмлар сотиб олинади.

"Йўл харитаси"да соғлиқни сақлаш тизимини коррупциядан  ҳоли қилиш бўйича  тиббиёт ходимлари ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш ва мунтазам давом эттиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Халқ  депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида эса режа-график асосида соғлиқни сақлаш тизими  раҳбарларининг амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлари эшитиб борилади.

"Йўл харитаси"да назарда тутилган чора-тадбирларни 2022-2023 йилларда рўёбга чиқариш учун маҳаллий бюджетдан талаб этилган маблағ (26,6 миллиард сўм)нинг 16,6 миллиард сўми (62 фоизидан ортиғи)ни тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналарга, 4,7 миллиард сўми (қарийб 18 фоизи)ни - қурилиш ишларига, 5,3 миллиард сўми (сал кам 20 фоизи)ни - рацияларга сарфлаш назарда тутилган.

Ўз мухбиримиз

Report typo