Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.05.2023


Тендернинг дастлабки ғолиби – “Masdar” компанияси (БАА)

Мамлакатимиз энергетика вазирлиги Ғузор туманида қуввати 300 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендер танловининг дастлабки ғолибини эълон қилди.

Хабар берилишича, мазкур танлов энергетика, инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда иқтисодиёт ва молия вазирликлари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилди.

Лойиҳани амалга оширишга 2 та халқаро компания қизиқиш билдирди. Хусусан, “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar” компанияси (Бирлашган Араб Амирликлари) томонидан қуёш электр станциясида ишлаб чиқариладиган 1 кВт-соат электр энергияси учун 3 АҚШ центи ҳамда аккумулятор тизимининг 1 МВт·соат мавжудлиги учун 6,33 АҚШ доллари таклиф қилинди. Ўз навбатида “ACWA POWER-Saudi Listed Joint Stock Company” компанияси (Саудия Арабистони)нинг бу борадаги таклифи тегишли равишда 3,0518 АҚШ центи ва 24,425 АҚШ долларидан иборат бўлди.

Молиявий таклифларнинг талаб этилган мезонларга мувофиқлиги баҳолагандан сўнг “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar” компанияси тендернинг дастлабки ғолиби, “ACWA POWER-Saudi Listed Joint Stock Company” компанияси эса захира ғолиби деб эълон қилинди.

Танлов ҳужжатлари яқин кунларда тендер комиссияси томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Зеро, билдирилишича, мазкур лойиҳа айнан ОТБ кўмагида “Умумий қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш дастури” (ADB Phase 2) доирасида амалга оширилмоқда. Унга кўра, Ғузор туманида қуёш фотоэлектр станцияси қуришдан ташқари 1 соат давомида 75 МВт қувват берадиган энергия сақлаш тизими (аккумулятор) ўрнатишни ҳам назарда тутилган.

Тендерда ғолиб бўлган инвестор қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради ва бошқаради.

Сурат minenergy.uz сайтидан олинган.

 

Report typo