Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "ТАРИХИМИЗ, КЕЛАЖАГИМИЗ, ЭЪТИҚОДИМИЗ СЕНДА МУЖАССАМ - КОНСТИТУЦИЯ"

Ўз мухбиримиз

07.12.2022


"ТАРИХИМИЗ, КЕЛАЖАГИМИЗ, ЭЪТИҚОДИМИЗ СЕНДА МУЖАССАМ - КОНСТИТУЦИЯ"

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биносида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган "Тарихимиз, келажагимиз, эътиқодимиз сенда мужассам - Конституция" деб номланган байрам тадбири ўтказилди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов тантана иштирокчиларини ва улар орқали Қашқадарё аҳлини, кўп миллатли халқимизни улуғ байрам билан табриклар экан, Бош қомусимизнинг жамиятда тутган ўрни нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаб, Конституция юртимизда эришилаётган барча ютуқ ва марраларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётгани ва унда халқимизнинг орзу ва умидлари, мақсад ва ниятлари ифодаланганини эътироф этди.

- Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда мустақил ва кучли давлат қуришдан асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган ва ҳурмат қилинадиган адолатли жамият барпо этишдир, - деди вилоят ҳокими. -Ўзбекистон Конституцияси жорий йилда 30 ёшга тўлди. Ўтган йиллар ичида ҳаёт шиддат билан ривожланди, барча соҳаларда замонавий технологиялар кенг қўлланилмоқда, иқтисодиётимизнинг барқарорлиги таъминланмоқда. Энг муҳими, бу ҳамюртларимизнинг онгу шууридаги юксалишларда намоён бўлмоқда. Сирасини айтганда, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, халқимиз ҳам кечаги халқ эмас. Ҳаёт олдимизга янги талаб ва вазифаларни қўймоқда, бу эса Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдеворини янада мустаҳкамлаш заруратини туғдирди. Таъбир жоиз бўлса, бу шунчаки зарурат эмас, балки мамлакатимизда бошланган буюк ўзгаришлар даври - Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишнинг муҳим шарти бўлмоқда.

Вилоят раҳбари ўз сўзида 2022 йил - Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб, жорий йилда фуқаролар учун қулайликлар кўламини кенгайтириш, маҳалла институтининг нуфузини ошириш йўлида янги ташаббуслар илгари сурилгани, айниқса, халқ билан мулоқот қилишда аҳоли ичига кенгроқ кириб бориш, одамларнинг ташвиш ва муаммоларини жойида ҳал қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этиши ва Конституция, қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқлиги ҳақида гапирди.

Шу ўринда вилоятимизда ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, йўллар қуриш, ижтимоий соҳа объектларини бунёд этиш ва фарзандларимизнинг эртанги ҳаёти учун хизмат қиладиган кўплаб бошқа ташаббуслар илгари сурилаётгани қайд этилиб, барча ислоҳотларнинг бунёдкори халқимизнинг ўзи бўлаётгани айтилди.

Дарвоқе, тантанали тадбирда турли соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ёшлар иштирок этишар экан, аксариятининг кўксида "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишонини кўриш мумкин эди. Зеро,  Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ таъсис этилган бу эсдалик нишони билан Конституция куни арафасида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган кўплаб юртдошларимиз, шу жумладан, бир қатор қашқадарёликлар ҳам тақдирланган эди.

Байрам тадбири доирасида санъат усталари ва истеъдодли ёш ижрочилар иштирокидаги катта концерт дастури намойиш этилиб, мустақиллик, эркинлик, она Ватан ва Қашқадарёни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Ўз мухбиримиз

 

 

Report typo