Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ТАНҚИДГА УЧРАГАННИНГ ВИЖДОНИ БЎЛМАСА, МУАЛЛИФНИНГ ИЗИДАН БОЛТА КЎТАРИБ ЮГУРАДИ

НАСРИДДИН

20.04.2021


ТАНҚИДГА УЧРАГАННИНГ ВИЖДОНИ БЎЛМАСА, МУАЛЛИФНИНГ ИЗИДАН БОЛТА КЎТАРИБ ЮГУРАДИ

Сараланган сатрлар

Кейинги беш-олти йилдан эътиборан мамлакатимиз ахборот майдонида интернет сайтлари анча фаоллашди. Чекка, назардан нари ҳудудлардаги ҳодисалар ҳам беш қўлдай аён бўла бордики, илгари асосан газета-журнал ўқийдиган, марказда ишлайдиганлар биринчи бўлиб турфа хабар-янгиликларни эшитса, бугунга келиб, қўлида замонавий телефони бор ҳар қандай киши дунёда бўлаётган икир-чикиргача элбурутдан бохабар бўлиб улгураяпти. Бу яхши албатта.

Аммо биласиз, тезкорликка интилган жойда сифат, савия каби омиллар бир четга суриб қўйилади. Бу эса бора-бора савиясизлик, чаласаводликка элтади - ҳар ҳолда ОАВ ана шундай таъсирга ҳам эга.

Кўриб турибмиз: айрим сайтлардаги жумлаларнинг оёғи осмондан, ўзга тиллардан ажи-бужи таржималар, гапнинг эга-кесимини излаб бошингиз қотади, жумлалар гуручдаги тошдай тишга тегади...

Бир вақтлар ёзувчи Абдулла Қаҳҳор "Ёшлар билан суҳбат" номли китобида матбуотда кўринган ҳар бир ижод маҳсулига муносабат билдириб, муҳим мулоҳазаларини баён қилган эди. Тўғри, у фикрлар асосан адабиёт аҳлига қаратилганди, бироқ бугунги ОАВ вакиллари, ёш ижодкорлар, хусусан, сайтларда фаолият кўрсатадиганлар ҳам қаламкаш зиммасидаги масъулият фақат хабар тақдим этишдангина иборат эмаслигини инобатга олишса, фойдадан холи бўлмайди. Чунончи, ёзиш билан ёзишнинг фарқи бор. Услуб, матн билан ишлаш, ҳодисага ёндашув борасида Абдулла Қаҳҳор мулоҳазалари ҳалича аҳамиятини йўқотган эмас.

* * *

"С" деган автор бундай ҳикоя ёзипти: бир хотин эрининг идорасига бориб, бугун кинога борайлик, сиз фалон жойга боринг, кутиб тураман, деган мазмунда эрига хат қолдиради. Эри хатни олиб, ким ёзганини билмайди ва "жонон бирор қиз менга ошиқ бўлган бўлса керак", деб хатда айтилган жойга боради-да, шарманда бўлади.

Хотин-ку, эрини синаш ё алдаш ниятида хатни бошқача қилиб ёзган эмас, эр нима учун шунча йил бирга турган хотинининг хатини танимайди? Ҳолбуки, хотин ўз хатини эри танишига сира шубҳа қилмаганлиги сабабли имзо ҳам қўймаган. Турган гап, воқеани бунга асослаб бўлмайди, асослаш керак экан, эри унинг хатини танимаслигига ўқувчини аввал ишонтириш керак. "Эри унинг хатини танимас эди", деб қўя қолиш билан ҳам бўлмайди.

Айрим авторлар ўз асарларида бўлган бу хилдаги сохталикларга сабаб қилиб, ўзларининг ёшликларини, тажрибасизликларини пеш қиладилар. Фикримизча, бунда айбни "ёшлик", "тажрибасизлик"ка тўнкаб бўлмайди. Бу бепарволик, китобхонни ҳамиша кўз олдида тутмаслик, масъулият ҳис қилмаслик натижасидир.

Ёзувчининг бирпас ҳам китобхонни унутишга ҳаққи йўқ.

* * *

Ҳикоянавис қўлига қалам олмасдан бурун ўз олдига аниқ бир мақсадни қўйиб ихтиёрида бўлган материалдан шунга қараб фойдаланади. Мақсад ёзувчининг ўзига "умуман" маълум, лекин аниқ-равшан бўлмаса, ҳикоя ортиқча деталлар, кераксиз тафсилотлар билан оғирлашади. Кўпинча ёш ҳикоянавислар айтмоқчи бўлган фикрларини жуда ҳам аниқлаб олмайдилар-да, назарларига қандай деталь, қандай тафсилот, қандай яхши сўз кўринса, ҳикояга киритаверадилар. Натижада ҳикоя шишиб кетади ёки тамом бўлмайди.

* * *

Адабиётда ёлғоннинг катта-кичиги йўқ. Ҳаммаси ҳам баравар зарардир. "Учрашув"да мана бундай ёлғон гап бор:

"Аҳмад осмонга қаради. Ҳақиқатан кўкни булут босган. Биронта ҳам юлдуз йўқ эди!"

Шундан беш сатр пастда:

"Аҳмад осмонга назар ташлади. Ҳақиқатан узоқ уфқдан чиқиб келаётган булутларнинг кўриниши хунук эди".

Узоқ уфқдан чиқиб келаётган булутларни кўриш учун ҳаво қисман бўлса ҳам очиқ бўлиши керак. Бу ерда ё "кўкни булут босган"и, биронта ҳам юлдуз йўқлиги ёлғон ёки "узоқ уфқдан чиқиб келаётган булутлар" тўғрисидаги гап беҳуда.

"Рашк"дан:

Қиз йигитнинг уйига келиб: "Сиз оёқ остингизга япроқлардан поёндоз ташлаб қўйган боғларда сайр қилишни севасизми?" - дейди. Қизнинг худди шундай деганига ишонмайман. Бу ерда қиз гапираётгани йўқ, нўноқ ёзувчининг китобини ўқияпти.

* * *

Энг талантли, энг уста, хушовоз артист ўзига ёқмайдиган ашулани айтишга мажбур бўлиб қолса, таланти ҳам, усталиги ҳам йўқолиб, қуруқ овози қолади.

Талант, билим, ҳунар жиҳатидан бир даражада бўлган икки ёзувчи муҳаббат тўғрисида ёзса, шу муҳаббат ҳиссини бошдан кечиргани яхшироқ ёзади.

Ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса тўғрисида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди. Демак, куйдириш учун куйиш, ардоқлаш учун ардоқланиш шарт. Ҳис қилинмасдан ёзилган нарса қоғоздан қилинган гулга ўхшайди.

* * *

Кўпинча шундай ҳоллар бўлади: ёзувчи асарини битириб одамларга ўқиб беради. Бу ерда асарнинг камчиликлари кўрсатилади. Ёзувчи кўпинча ўша камчиликларни ўзи камчилик ҳисобламагани ҳолда фақат билимдонларнинг сўзини иккита қилмаслик учун тузатишга киришади. Бундай вақтда ёзувчи ўз маъшуқасига бировнинг сўзи билан муҳаббат изҳор қилаётган ошиққа ўхшаб қолади. Ҳис қилмасдан асарни тузатиш дуторни икки киши чалгандай гап: парда босган киши ҳам, зарб берган киши ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди, бундай машқдан ҳеч ким лаззат олмайди.

* * *

Қашқадарёдан Тўра Жуман деган бир ёш шоир шеър ёзиб, бундай депти:

Қоракўл, ёғ, пилладан

Олган планингиз вақтида тўлди.

Яшанг, азаматлар, оқ олтиндан ҳам

Лафзни оқладингиз. Юрт хурсанд бўлди.

Бу - бир хабар. Танқидчининг назарида, бу хабарни шеър қилган нарса авторнинг шу ҳодисага муносабати - яъни хурсанд бўлганлиги. Чуқурроқ ўйлаб кўрайлик. Область хўжалик планини бажарганига бир ёш йигитнинг хурсанд бўлиши фавқулодда бир ҳодисами? Ватанпарварлик халқимизнинг олижаноб туйғусидир, бир ёш шоир чиқиб: "Мен ҳам Ватанни яхши кўраман" деса, бу фавқулодда бир нарса бўладими? Наҳотки шоирнинг вазифаси фақат қўл кўтариш бўлса! Шоирнинг вазифаси қўл кўтаришгина эмас, мана шу олижаноб туйғуни ҳеч ким қилолмайдиган бир тарзда қисқа, сермазмун, чиройли, мусиқий, кишини ҳаяжонга соладиган қилиб ифодалашдир.

* * *

 Ёзувчи ўз ижодий ишидан ҳеч қачон қаноат ҳосил қилмайди, қаноат ҳосил қилган куни, менимча, ёмон қариган лақма чолга айланади...

* * *

Агар ёзувчининг ахлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик билан шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир.

* * *

 Албатта, шира нимжон ўсимликни енгади, бизнинг ёш талантларимиз нимжон эмас, лекин "офарин" айрим ёшларга винодай таъсир қилиши, кўпини маст-карахт қилиб қўйиши мумкин. Хусусан, ўртамиёна асарларга ўқилган "офарин" бахил кўрнинг тилагига ўхшаб кетади: ҳасти Хизир саҳрода бир кўрни кўриб раҳми келибдию: "Эй, бандаи худо, тила тилагингни", депти. Кўр худодан кўзига нур тилаш ўрнига: "Эй ҳасти Хизир, худодан тилаб бергин, оламдаги ҳамма одамларнинг ҳам кўзи кўр бўлсину, менинг аламим босилсин", деган экан.

* * *

Адабиётимиз тарихида шундай ҳодисалар бўлган: ёзувчи битта асар ёзадию, мақтов кутиб атрофга қарайди, ҳеч ким эътибор қилмаса хархаша бошлайди, нима учун мен фалон рўйхатда йўқман? Нима учун мен фалон рўйхатда фалончидан кейин ёзилибман? Нима учун асарим газетанинг фалон саҳифасида эмас, фалон саҳифасида босилди? Нима учун китобимнинг муқовасига отим катта қилиб ёзилмайди? Нима учун фалон танқидчи мени кўтармайди?

Ёзувчини ҳеч қачон ҳеч ким кўтармайди. Яхши ёзувчини яхши асарлари кўтаради, яхши ёзувчи кўтарилиб кетганини ҳатто ўзи билмай қолади.

* * *

Ичкилик одамни иркит, кишининг таъби тортмайдиган бебурд, субутсиз, ёлғончи қилиб қўяди. Ёзувчи эса покиза, чиройли, бурдли, субутли, ҳақгўй бўлиши керак.

* * *

Лаганбардорнинг курортга кетган бошлиғига хати: "...Боқи сўзим шулким, Неъматжонингиз ширингина кайф билан келиб мени урди, чап бетимга икки, ўнг бетимга бир, жами уч шапалоқ тушди: болагинанинг қўли лат емасин, деган мақсадда йиқилдим, бироқ йиқилишда хатога йўл қўйганим учун зинадан юмалаб тушдим ва оқибатда қаншарим ёрилди. Кечирим сўрайман..."

* * *

Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катта қилиб кўрсатадиган микроскоп керак. Сатира ўтига учраган киши виждони бўлса одамларнинг юзига қаролмайди, виждони бўлмаса оғзидан кўпик сочиб, ёзувчининг кетидан болта кўтариб югуради.

* * *

Болалигимда бир картина кўрган эдим. Бош ролни Чарли Чаплин ўйнаган эди шекилли. Қаҳрамон ношуд, нотавон - ҳеч ишга ярамайди. Ниҳоят, бир қариндоши уни ўт ўчириш командасига ишга олади.

- Бу ерда нима иш қиламан? - деб сўрайди қаҳрамон.

- Мана бу шланг, - дейишади унга, - қаерда ўт ё тутунни кўриб қолсанг, дод солиб, сув сепаверасан.

Қаҳрамон шу ишга ярайди, лекин унинг олдида на чироқ ёқиб бўлади, на папирос чекиб - дод солиб сув сепаверади.

Фаросатда шунга тенг келадиган бақироқ нотиқ, бақироқ танқидчидан худо сақласин!

* * *

Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак. Лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo