Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 июнь, жума. 2021 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

08.06.2021


ТАЛИМАРЖОН ИЭСДА ЯНА ИККИТА ЗАМОНАВИЙ ЭНЕРГОБЛОК ҚУРИЛАДИ

Пресс-тур

 Мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар учун "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамияти объектларига пресс-тур ташкил этилди.

 Икки кунлик тадбир давомида журналист ва блогерлар субъект фаолияти, унда амалга оширилган инвестицион лойиҳалар билан яқиндан танишди. Келгуси    режалар ҳақида маълумот олди.

 Маълумки, "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" АЖ тасарруфидаги илк энергоблок 2004 йилда ишга туширилган эди. Ўз даврида Марказий Осиёдаги энг йирик шу турдаги мажмуа сифатида эътироф этилган ушбу қувват Россия технологияси асосида барпо этилган бўлиб, у соатига 800 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

 2017 йилда эса мазкур станцияда яна иккита замонавий энергоблок ишга туширилди. Жанубий Кореянинг "Hyundai Engineering and Construction" ва "Daewoo International Corporation" компаниялари консорциуми томонидан қурилган ушбу блокларнинг ҳар бири соатига 450 МВт электр энергияси ишлаб чиқаради.

 Журналист ва блогерлар дастлаб ушбу икки энергоблокнинг ишлаш тартиби, уларнинг афзаллик жиҳатлари билан танишди.

 - Ушбу буғ-газ қурилмаси ишлаб чиқариш харажатларини кескин камайтириш имконини берди, - дейди "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" АЖ бош муҳандиси Раҳматилла Қодиров. - Мисол учун, Россия технологияси асосида қурилган биринчи энергоблокда бир кВ/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 314 грамм ёқилғи (табиий газ) сарфланса, 2017 йилда қурилган энергоблокларда эса бу кўрсаткич 220 граммни ташкил этади. Янги энергоблокларимизда газнинг тўлиқ ёниши (99 фоиз) эвазига атмосферага чиқариладиган заҳарли моддалар миқдори ҳам кескин камаяди. Бу ҳам янги қурилмамизнинг энг асосий афзалликларидан бири.

 Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур электроблоклар тўлиқ автоматлаштирилган тизимда ишлайди. Ходимлар уларни фақат компьютерлар орқали, махсус дастурлар асосида бошқаради.

 Эътиборли томони, айни пайтда "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" АЖда яна иккита замонавий электроблок қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга ошириш босқичида.

 - Соатига 900 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини берадиган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 944,87 миллион АҚШ долларини ташкил этади, - дейди жамият раиси Олим Юсупов. - Шундан 450 миллион доллари Осиё тараққиёт банки, 237,6 миллион доллари эса Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан тақдим этиладиган кредитлар ҳисобидан шакллантирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 94,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилаётган бўлса, қолгани жамиятнинг ўз маблағи ҳисобланади. Айни пайтда ижрочини аниқлаб олиш бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилмоқда. Лойиҳага дастлаб 31 та компания қизиқиш билдирган бўлса, бугунги кунга келиб 6 та йирик компания  тендер савдосининг сўнгги босқичида иштирок этмоқда. Жорий йил сўнггига қадар тендер савдоси натижалари эълон қилиниб, қурилиш ишлари бошланади.

 Жамият мутахассисларининг маълумот беришича, тўртинчи ва бешинчи  блок ҳам ишга туширилгач, станциянинг умумий ишлаб чиқариш қуввати соатига 2600 МВт га етади. Яна камида 120 нафар янги иш ўрни яратилади.

 "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалардан яна бири "500 кВли  "Суғдиёна" нимстанцияси ҳаво линияси ва очиқ тақсимлаш қурилмаси қуриш" лойиҳасидир.

 Аслида бу борадаги ишларнинг бир қисми 2011-2013 йилларда амалга оширилган бўлиб, кейинчалик етарли даражада маблағ ажартилмагани ва бошқа омиллар таъсирида лойиҳа тугалланмай қолиб кетган эди. 

 Президентнинг 2019 йил 27 мартдаги тегишли қарорига асосан, лойиҳа доирасидаги ишлар ниҳоясига етказилмоқда. Ажратилган 188,496 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига ҳозирги кунга қадар 560 дона темир таянч устунлари ўрнатилиб, 218 километр масофга 500 кВли ҳаво линияси тортилган. Бундан ташқари, аварияга қарши ҳимоя  тизимини яхшилаш учун қатор станциялар оралиғига  оптик толали алоқа тармоғи монтаж қилинмоқда.

 Журналист ва блогерлар "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган шу ва шу каби ишлар билан бевосита жойига бориб танишди.

 Шунингдек, Пресс-тур давомида матбуот анжумани ташкил этилиб, унда жамият масъуллари журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 Мисол учун, ОАВ ходимлари жуда кўп ҳолларда электр энергияси билан боғлиқ узилишларга "Талимаржон иссиқлик электр станцияси"да авария ҳолати юзага келгани асос қилиб кўрсатилиши сабаби ҳақида сўради.

 Саволга жамият директори Олим Юсупов жавоб берар экан, "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" айнан маълум ҳудудларга электр энергияси етказиб бермаслигини таъкидлаб ўтди.

 - Биз белгиланган режа асосида электр энергияси ишлаб чиқарамиз ва уни Марказий Осиё халқали линиясига узатиб берамиз, - дейди у. - Бу линияга биз каби яна кўплаб ишлаб чиқарувчилар электр энергияси беради. Содда қилиб айтганда, ана шу халқада ҳамма ишлаб чиқарувчилар томонидан узатилган электр энергияси айланади ва истеъмолчиларга тақсимланади. Шундай экан, қайсидир аниқ бир ҳудудда электр энергияси узилиб қолиши "Талимаржон иссиқлик электр станцияси"га боғлиқ бўлмайди. Тўғри, халқали линияга биз электр энергияси бермай қўйсак, бу қаерлардадир қувват етишмаслиги ва чироқ ўчишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо яқин орада станциямизда  йирик авария ҳолати ёки энергоблокларнинг узоқ муддатли ишламаслиги кузатилгани йўқ.

 Масъулнинг қўшимча қилишича, станцияда ўрнатилган энергоблоклар энг замонавий хавфсизлик технологиялари билан таъминланган бўлиб, агар бирор нимстанция ёки узатиш линиясида авария ёки қисқа туташув содир бўлса, энергоблок автоматик равишда ўчади. Бу тизимда жуда кўп миқдордаги техникавий ва молиявий талафотларнинг олдини олиш имконини беради. Блокни қайта ишга тушириш учун эса бирмунча вақт талаб этилади. Бу ҳолни айнан "Талимаржон иссиқлик электр станцияси"даги авария сифатида тушуниш ва талқин этиш нотўғри.

 Дарҳақиқат, жорий йилнинг 4 июнь куни ижтимоий тармоқларда "Талимаржон ИЭС"да аварияли ўчиш юз берганига оид хабарлар тарқалганди. Якунда бундай бўлиб чиқмади. "Иссиқлик электр станциялари" ахборот хизматининг ёзишича, 4 июнь куни соат 22:17 да Талимаржон ИЭСдан 18,5 километр узоқликдаги "Ўзбекнефтгаз" тизимидаги "Шўртан" нимстанциясидан чиқувчи 220 кВли электр узатиш тармоғида узоқ муддатли (4,7 секунд) қисқа туташув юзага келган. Шу сабаб 220 кВ кучланишли тармоқ кучланиши 35 кВгача камайиб, Талимаржон ИЭСнинг 1-сонли энергоблоки ҳамда 2-сонли буғ-газ қурилмасининг автоматик ҳимоя тизими муваффақиятли ишга тушган.

 "Шўртан" подстанциясидан чиқувчи 220 кВли электр узатиш линиясида қисқа туташув авто техникаларнинг 220 кВли электр узатиш тармоғига рухсат этилмаган масофагача яқинлашиши оқибатида содир бўлган. Агар Талимаржон ИЭСдаги энергоблокларнинг автоматик ҳимоя тизими юз берган ушбу туташув натижасида энергоблокларни тўхтатмаганда, бу электр энергияси узатиш тизимида жуда катта миқдордаги техникавий ва молиявий талафотларга сабаб бўлиши мумкин эди", дейилади расмий изоҳда.

 Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo