Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.08.2022


ТАЛИМАРЖОН ИЭСДА ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИДАН ҲАМ САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА

 

Пресс-тур

“Талимаржон иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти ҳудудида 9 та қуёш фотоэлектр станцияси монтаж қилиниб, улар томонидан бугунги кунгача жами 70 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, натижада атмосферага  қарийб 8,6 тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.

Бу ҳақда куни кеча “Талимаржон ИЭС” АЖда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари учун ташкил этилган навбатдаги пресс-тур вақтида маълум қилинди.

Журналистларга “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнида ёқилғи сарфини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳақида маълумот берилар экан, жумладан,  “Талимаржон ИЭС” АЖда мамлакат Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Масалан, станциядаги сув насосларининг электр двигателларига 4 та (2 та 22кВт ва 2 та 110 кВт қувватли) частота ўзгартирувчи қурилма, маъмурий бино ёритгичларига эса 30 дона ҳаракат датчикларининг ўрнатилиши ҳисобига 32 минг киловатт-соат электр энергиясини тежаб қолишга эришилгани ва  атмосферага 3,8 тонна зарарли газлар чиқиши бартараф этилгани алоҳида қайд этилди.  

- Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларни бажариш бўйича ҳам корхонамизда тизимли ишлар олиб борилаяпти, - деди журналистлар билан мулоқот чоғида “Талимаржон ИЭС” АЖ бош директори Олим Юсупов. – Мисол учун, жамият автотураргоҳи ва станция тасарруфидаги истироҳат боғига ўрнатиш учун автоном қуёш ёритқичларига ҳамда станция тасарруфидаги бир қатор ҳудудларга 2022 йил якунига қадар ўрнатилиши лозим бўлган 1038 кВт қувватдаги қуёш фотоэлектр станцияларига тегишли ташкилотларга буюртма берилган. Шунингдек, энергия тежамкорликни ошириш мақсадида станцияда ҳар бирининг сиғими 200 литрдан бўлган 10 дона қуёш сув иситгичлари ўрнатилди. Мазкур ускуналар сувни ёзда 95 даража, қишда эса 50 даражагача иситиш имконига эга.

Пресс-тур давомида “Талимаржон ИЭС” АЖ ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бажарилган ишларга ҳам алоҳида урғу берилиб, журналистлар бу мавзуда ҳам ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олишди.

Маълумот учун: ҳозирги кунда Талимаржон иссиқлик электр станциясида учта энергоблок мавжуд бўлиб, биринчиси (800 мегаватт қувватга эга) 2004 йилда ишга туширилган. 2017 йилда ҳар бирининг қуввати 450 мегаваттга тенг иккинчи ва учинчи буғ-газ қурилмаси ўз фаолиятини бошлагандан сўнг станцияда ўрнатилган қувват 1700  МВтга, ишлаб чиқариш  қуввати эса 1650 МВт-соатга етказилган. Ишлаб чиқариш сифати ва миқдорини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳисобига корхонада 17,614 миллион куб метр табиий газ тежаб қолиниб, бунинг натижасида 11,625 миллиард сўм иқтисод қилишга эришилди. 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo