Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 май, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

18.05.2023


Талимаржон ИЭСда кенг кўламли қурилиш бошланди

Инвестиция лойиҳалари

"Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамиятида умумий қуввати 900 мегаваттга тенг яна иккита буғ-газ қурилмасини бунёд этишга киришилди.

Бу ҳақда электр станцияси мутасаддилари ва пудрат ташкилотлари вакилларининг гапларига асосланиб "O'zbekiston 24" телеканали маълум қилди. Хабар берилишича, яқинда Талимаржон ИЭСнинг янги буғ-газ қурилмалари барпо этиладиган 12 гектарлик қурилиш майдончасида геология ва геодезия изланишлари ниҳоясига етказилиб, кенг кўламли қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Соҳа мутахассислари таъкидлаганидек, "Талимаржон ИЭСни умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги икки дона буғ-газ қурилмасини қуриш билан кенгайтириш" лойиҳаси Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳанинг бош пудратчилари этиб Испаниянинг "Intecsa Ingeniera Industrial S.A." ва Япониянинг "Mitsubishi Corporation" компаниялари танланиб, улар билан ўтган йилнинг ноябрь ойида шартномалар имзоланган. 

Ҳозир Талимаржон ИЭСда ҳар йили ўртача 11 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилаётган бўлса, яна иккита буғ-газ қурилмаси бунёд этилганидан сўнг мазкур кўрсаткич 7,2 миллиард киловатт-соатга ёки 65 фоизга ошади. Юқори тежамкор технологиялар ҳисобига 520 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 1 минг 500 тоннага камаяди.

Эслатиш жоизки, Талимаржон ИЭСнинг биринчи - қуввати 800 мегаваттга тенг энергоблоки 2004 йилда ишга туширилган. 2017 йилда эса Жанубий Кореянинг "Daewoo" ва "Hyundai" компаниялари консорциуми ҳар бирининг қуввати 450 мегаваттни ташкил этадиган иккита буғ-газ қурилмасини фойдаланишга топширган эди. Яна иккита буғ-газ қурилмасининг бунёд этилиши Талимаржон ИЭСнинг қувватини соатига 2 минг 600 мегаваттга етказади.

Ўз мухбиримиз

Report typo