Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДАГИ “ЙИҒ-ЙИҒ”ЛАР ҚАЧОН ТУГАЙДИ? ФАҚАТ ТАЪТИЛДАМИ?

Абдиолим ЭРГАШЕВ

26.05.2018


ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДАГИ “ЙИҒ-ЙИҒ”ЛАР ҚАЧОН ТУГАЙДИ? ФАҚАТ ТАЪТИЛДАМИ?

Афсуски, мазкур ўзгаришлар, силжишлар жараёнида ислоҳотлар мазмун-моҳиятини англаб етмаётганлар ҳам учраб турибди. Буни мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан турли баҳоналар билан йиғиб олинаётган пуллар мисолида кўрса бўлади. Муассасага эмас, фақат йиғувчининг манфаатига хизмат қиладиган бундай “йиғим”лар ўзи шундоқ ҳам рўзғор аравасини амаллаб тортиб турган ота-оналарни қийин аҳволга солиб қўйса, бола кўнглида ўксиклик, ҳаётдан норозилик туйғусини шакллантиради.

Тўғриси, бундай “йиғ-йиғ”лар ўтган аср 70-80-йилларида илдиз ота бошлаган, боиси, хароба мактабларни ремонт қилиш, баҳору ёзда хашак тўплаш, пахтани ягана, ўтоқ қилиш, чилпиш ва териш, чорвани тўл пайтида қўзилатишга жалб этиш – барча-барчаси ўқитувчилар зиммасига юкланган, каттаю кичик ўқитувчиларга буйруқ беришга, хўжайинчилик қилишга ўтиб олганди.

70-йиллар охирида ўзим мактаб раҳбари бўлгач билдимки, тизимга оид кўп ҳужжатлар қуйи бўғинларга етиб келгунига қадар ўрта бўғин истагига кўра минг бир ўзгаришга учрар экан. Бир қарасам, “ДОСААФ”, сўнг “Қизил ярим ой”, изидан “Табиатни қўриқлаш” каби жамиятларнинг маркаларини олиб келишади-да, “районо билади”, “райком бобо” айтди деб, ўқувчиларга сотиб бериш учун деб 500 дан 1000 тагача ташлаб кетишади.

Бунда ўқитувчиларни кўп ҳам айблаб бўлмасди. “Юқори”дагиларнинг талабидан келиб чиқиб, “маркабозлик” қилишга мажбур бўлишарди. Бироқ бугун вазият ўзгарган. Бундай бемаъни одатларга қонун ҳужжатлари билан чек қўйилган. Бироқ ўқувчиларга турли баҳонаю сабаблар билан “солиқ солиш” ҳеч тўхтамаяпти.

Яқинда ишдан қайтаётганимда, қаршимдан яқин қариндошлиги бор, икки боласи билан ижарада турадиган ёлғиз аёл чиқиб қолди. Хомуш, кўзлари қизарган. Кўнгил сўрашим билан: “Домла, ҳозир етим-есирларга, бева-бечораларга ёрдам берилаяпти. Бу бизда амал қилмайдими? 1-синф ўғлимга мактабдан яна 30 минг сўрабди...” деб йиғлаб юборди. Кейин бир парча қоғозни берди. Гарчи ўқитувчи ўз ўқувчисининг аҳволини билса ҳам, етти яшар бола қисиниб-қимтиниб, “Онам ремонтга пул беролмас экан” деса ҳам, мана бундай “чипта” ёзиб, кундалик орасига қўшиб юборибди:

“Ремонт 30000, яна қурбингизга қараб беринг”.

Хайрият дейман, “қурбингизга қараб” дебди-ку. Шу жойда бир савол туғилади: бир синфда 30-35 ўқувчи ўқиса ва уларнинг ҳар биридан 30 минг сўмдан ремонтга деб олинса, шунинг ўзи 900 минг-1 миллион сўм атрофида бўлади. Наҳотки бир синфни оқлаш ёки айрим стол-стулларни бўяш учун шунча маблағ кетса?

Агар ўқитувчидан: “Нега таъмирлашга, у ёки бу тадбирга, синфни безатишга пул йиғаяпсиз? Ахир бу бирор ҳужжатда кўрсатилмаган-ку”, десангиз, “Директор (ёхуд ўринбосарларидан бири) буюрди” деган жавоб тайёр. Мактаб раҳбари эса бундай йиғимларни мутлақо билмаслигини, ўқитувчи ўзбошимчалик қилаётганини айтади.

Аслида ҳалол, ўз ишини биладиган директор қўл остидаги ходимларнинг нима қилаётганини билмаслиги мумкинми? Билади, яхши билади, аммо индамайди, кўз юмади. Чунки у ҳам умидвор.

Май ойининг сўнгги ҳафтаси ва июнь ойининг ярми мактаблар, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ниҳоятда нотинч, фарзандлари 1-, 4-, 9-синфларни, коллеж ва лицейларни битираётган ота-оналар учун беҳаловат, ўқувчилар учун эса ёшига қараб гоҳ қувончли, гоҳ ҳайратли, гоҳ армонли кунлардир. Гап тўйлар каби басма-басига авж олаётган битирув кечалари, синф тугатар тадбирлари ҳақида бормоқда.

Айни шу кеча-кундузда бу тадбирларга тайёргарлик қизғин. Ўқитувчилар ҳам анча фаол. Чунки уларга аталгани ҳам кўп-да. Ўзига тўқ ота-оналар учун бундай кечалар малол келмаслиги мумкиндир, бироқ моддий қийинчиликда яшаётганлар айни шу тадбирлар арафасида изтиробга туша бошлашлари ҳам айни ҳақиқат. Чунки ҳеч ким боласини бировдан кам қилиб қўйгиси келмайди. Қарз олиб бўлса-да, энг қиммат кийимларни олади, имкони етмаса-да, устозларга совға-салом уюштиради.

Ўқитувчи, устоз деган рутба нақадар шарафли эканини унутмаслик керак. Педагогнинг асосий вазифаси пул йиғиш эмас, таълим-тарбия бериш эканини ҳамиша ёдда тутайлик. Ўйлайманки, тизим мутасаддилари мамлакатимизда кечаётган кенг ўзгаришлар жараёнига ҳамоҳанг тез-орада бу каби масалаларга амалий ечим топишга қодир.

Абдиолим ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

 

 

 

 

 

 

Report typo