Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

10.09.2021


ТАҚИҚ КИШИДА ЯШИРИН НОРОЗИЛИКНИ УЙҒОТАДИ

Сараланган сатрлар

Нидерландиядаги сўлим шаҳарлардан бири Утрехтда ўқиб юрган Мартин ёзги таътилни қаерда ўтказиш ҳақида ўйлаб, кутилмаганда хаёлига Римга бориш фикри келади. Бу ерда кўрган туши таъсирида тўрт яшарлигида айнан Римда вафот этган онаси ёдига тушади. Сўнг онасининг қай сабаб билан вафот этгани, дипломат бўлиб ишлайдиган отаси нега уни узоқ йиллар Италияга боришга қўймаганига қизиқиб қолади. Шубҳаланишга эса сабаблар мўл: айтишларича, онаси хаёлпараст, ўз дунёси билан яшайдиган аёл бўлган ва дипломатнинг хотини бўлишга у қадар лойиқ эмас, бир вақтлар онасига дугона бўлган ва эндиликда отасининг хотинига айланган аёл эса элчига чинакам муносиб аёл - замонавий, киришимли. Бироқ бу аёлни айблашга ҳеч қандай далил йўқ, унинг ўзини тутиши бирор гумонга асос бермайди. Отасидан гумон қилиш эса нақ гуноҳнинг ўзи: чунки у хотинининг вафотидан қаттиқ мусибатга учраган, ўзини ўнглаб олиши ниҳоятда оғир кечган...

Мартин Римда болалигида ўзи яшаган уй, бувиси, оилага алоқадор кишиларни топади, улар билан суҳбатлашади ва ҳақиқий қотил ким эканини билиб олади. Нидерланд адибаси Вилли Корсарининг "Мангу изтироб" (аслиятда "Чуқур қайғу билан маълум қиламизки...") романи ушбу аянчли қотиллик тафсилотларини баён қилади ва асар якунида ўлимга сабаб бўлган киши очиқлангач, чинакамига ҳайратга тушасиз ва "Воҳ!" дея кафтни кафтга урганча асарни яна қайта ўқиб чиқишга тутинасиз. Ишонаверинг, завқу ҳайратнинг чеки бўлмайди ва воқеалар биз айтганчалик ва сиз тасаввур этганчалик содда-жўн эмас, фикрлар теран, ифода равон, изчил... Сюжет ҳақида эса бошқа гапирмаймиз - бизга у қадар маълум бўлмаган голланд адабиётига мансуб китобни тўла ўқишингизга имкон қолдирамиз.

Муаллиф ҳақида айтадиган бўлсак, Вилли Корсари 1897-1998 йилларда яшаган, "Сен ва мен", "Мундирсиз киши", "Экспресс тўхтади", "Орамиздагилардан бири" каби романлар муаллифи. "Чуқур қайғу билан маълум қиламизки..." романи гарчи детектив намунаси сифатида эътироф этилса-да, аслида уни роман-жумбоқ кўринишидаги психологик асар сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.

* * *

Ҳар қандай ёлғон тасаллининг, таскиннинг ҳам чек-чегараси бўлиши муқаррар. Бундай омонат таскинлар киши ҳаётий воқелик билан юзма-юз келганида дарё соҳилидаги муваққат тумандек кўздан ғойиб бўлади-қолади.

* * *

Ёдимга инглиз мактаб-интернатида ўқиган бир болакай тушди, уни ҳам қўрқинчли тушлар бот-бот безовта қилиб турарди. Уни даволовчи шифокор болакайга доимо ётоқхонасидаги ғаладон устига бир варақ оқ қоғоз ва қалам қўйиб ухлашни, агар бирон бир туш кўргудек бўлса, нималарни кўрганини имкон қадар аниқ қилиб шу қоғозга ёзиб боришини тавсия этганди. Кейинчалик улар биргаликда боланинг бундай тушларига сабаб нима эканини таҳлил қилишга уринишарди. Болакай ўзининг бу қадар чигал ва сирли, ваҳшатга тўла тушларига сабаб бўлган воқеалар баъзан у кундалик ҳаётида кўрган, эшитган ёки қаердадир ўқиган, ўта жўн ҳамда бемаъни нарсалардан иборат бўлиб чиққанини айтиб берганди. Жуда кулгили ҳолат, шундай эмасми?! Бироқ шифокорнинг маслаҳати чиндан ҳам хайрли таъсир кўрсатиб, орадан бирор фурсат ўтиб болакай даҳшатли тушларидан мутлақо қутулган, даҳшатлар таъсирида юзага келган руҳиятидаги тушкунлик, юрагидаги оғриқлардан ҳам фориғ бўлганди.

* * *

Сайр учун шаҳарнинг энг чигал ва тор кўчаларини танлардим. Бундай кўчаларнинг ишчан жўшқинлиги, машиналарнинг одатий тирбандлиги, автобуслар, дўконлар ҳамда қаҳвахоналарнинг одамларга лиқ тўлалиги менга ҳам ўзига хос хотиржамлик ва ишчанлик руҳини бахш этиб, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмасдан фикр юритиш имконини берарди.

* * *

Ҳар қандай тақиқланган нарса ўз моҳиятига кўра ўта хавфли жалб қилувчи кучга эга. Тақиқнинг ўзи кишида яширин норозиликни уйғотади.

* * *

Ўлим... вафот этиш... тўй - бу каби сўзларнинг маъно-мазмунини мен, мурғак болакай, у пайтларда қаердан ҳам билардим дейсиз! Эртакларда, одатда, фақат ёмон одамлар, ёвуз куч вакиллари, яъни бағритош ўгай оналар, жодугарлар, бўрилар ва ҳоказолар ўлишарди. Яхшилар, шаҳзода ва маликалар эса доим мурод-мақсадларига етишиб, узоқ ва    бахтли ҳаёт кечиришарди-да. Шунинг учун онам кўрсатган альбомдаги ўлиб кетганларнинг ҳаммасини ёвуз одамлар сифатида тасаввур этардим. Ҳаётда баъзан яхшилар, айтайлик, маликалар ҳам ўлиб қолиши, йўқ, "Уйқудаги малика" ёки "Оппоғой" каби эртаклардагидек сеҳргар фариштанинг ишораси билан бахтли кунларнинг бирида қайта тириладиган тарзда эмас, балки росмана тарзда ўлиб қолиши мумкинлиги мурғак онгимнинг ҳатто етти ухлаб тушига ҳам кирмасди. Эҳтимол, шунинг учун онамнинг ногаҳоний ўлими менга қаттиқ таъсир қилиб, чуқур изтиробга солгандир.

* * *

Одамлар билан фақат хизмат пиллапояларидан кўтарилиш учун дўст бўлишни ёки, аксинча, шаъним, мартабам, обрўйимга зарар келтириши мумкин бўлган яқинларимдан воз кечишни истамайман. Ўз уйимда севган китобимни варақлаб ором олиш имконияти бўла туриб, кимларнидир зиёфатга чорлашни ёки, аксинча, аллақандай қабул маросимларида, тантанаю асъасаларда иштирок этишни мутлақо хоҳламайман... Мен уйланадиган қиз баъзан хаёлимда тасаввур қилганим каби ўта меҳрибон ва назокатли бўлиши керак. Фақат ана шундай аёл билан, ўз дўстларим ҳамда уч-тўртта ўзимга ёқадиган, энг яқин дўстларим қуршовида яшашни хоҳлайман. Мен ниқоб остидаги номаълум инсон эмас, аксинча, ўзлигига эга шахс сифатидаги мавжудликни истайман.

* * *

Анчадан буён болалар ва ўсмирлар учун битилган асарларни ўқимай қўйганман. Улар менинг ғашимга тегади. Уларда тасвирланган болаларнинг бирортаси ҳам таниш дўстларимга, ошналаримга сира ўхшамайди. Атрофимдаги оламда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан ҳаёт ҳақида шунчалар кўп нарсани билиб олдимки, энди китоблардаги "барибир, ҳаёт жуда гўзал!" деган чучмал ва аҳмоқона хулосаларни эътироф этишга ҳечам хоҳишим йўқ.

* * *

Биз синфдош дўстларимиз билан эътиқод, абадият, охират, нариги дунё ва яна шунга ўхшаш ўта муҳим, жиддий тушунчалар хусусида обдан суҳбатлашгандик. Шунда дўстларимдан бири бу дунёдаги тирик мавжудотларнинг барчаси, хусусан, одамзод ҳам ҳамиша бир-бири билан узвий боғлиқ бўлади, агар атрофимизда кимдир вафот этадиган бўлса, унинг ўлими бизнинг ҳаётимиздан, турмуш тарзимиздан ҳам бир қисмини ўзи билан бирга олиб кетади деган фикрни айтганди.

* * *

У ҳамиша ҳамма нарсани жуда тез илғайди ва бу борада унинг қобилиятига тан бермасликнинг иложи йўқ. Боз устига, у одамларнинг фарқига яхши боради, ким аслида кимлигини бир қарашдаёқ баҳолайди. Ҳолбуки, дипломатия соҳасида улкан муваффақиятларга, иззату мартабага эришишда айни мана шу фазилатнинг аҳамияти беқиёс.

* * *

Фақат ўзингга маълум бўлган нарсалар хусусидагина фикр юритиш жуда мушкул иш. Ахир ўзингга маълум далилларни улар сенга кўрсатадиган таъсир кучидан қандай ажратиб олиш мумкин?

* * *

Мудҳиш хато! Нақадар жарангдор сўз. Аммо бирор йил инглиз мактабида таҳсил олсангиз, беихтиёр ўзингизни бунақанги жарангдор ва баландпарвоз сўзлардан олисроқ тутишга, уларни ҳуда-беҳуда тилга олишдан тийилишга ўрганиб қоларкансиз. Мен ҳамиша инглизларнинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўта босиқ ва вазмин муносабатни сақлаб туришларига қойил қолиб, уларнинг бу фазилатига ҳавас билан қараб келганман. Бу чиндан-да ўта донолик нишонасидир. Баъзан биз тилга оладиган муайян сўзлар ҳам умримизда содир бўлажак воқеаларга бевосита таъсир қилиши мумкинлиги хусусида ўйлаб қоламан. Масалан, бирорта нарса, буюм ёки воқеа-ҳодисани таърифлай туриб уни "жуда қўрқинчли", "даҳшатли" ёки "юз бериши муқаррар" ё бўлмасам "мудҳиш" дея тилга олсак, у чиндан ҳам айни шу ифодага мос кўриниш касб этади. Агар ўша "мудҳиш" нарсани бир оз енгилроқ тарзда "нохуш" ёки "ёқимсиз" деб атасак, унинг ҳаётимиз учун қўрқинчлилик ва мудҳишлик даражаси хийла пасайгандек бўлади.

* * *

Баъзан ҳаётда шундай ҳам бўларканки, кимнидир улкан ҳурмат-эҳтиром билан энг юқори шоҳсупага ўзинг чиқариб қўясану, унда олий фазилатларни, илоҳий бир сифатларни кўришни истайсан. Аммо вақт ўтиб бу одам ҳам ҳамма қатори инсон экани, унинг-да яхши ва ёмон томонлари борлигини пайқаб қолганингдан сўнг ранжиб ундан кўнглинг совийди.

* * *

Менинг назаримда, барча жиноятлар ичида энг манфур ва жирканчи шантаждир. Бундай разил юмушни ўзларига касб қилганлар қанчадан-қанча инсонларнинг сокин ҳаётига рахна соладилар, файзли турмушларини дўзахга айлантириб умрига зомин бўладилар...

* * *

Биласанми, киши қаригандан сўнг ҳамма нарсага сал бошқачароқ назар ташларкан... Ҳатто, назаримда, қарияларга Тангрининг бу оламдан, ҳар биримиздан кўзлаган асл мақсадлари ҳам қайсидир маънода янада аёнроқ бўлиб боравераркан.

* * *

Умуман тушунмайман, одамзодга қурол-аслаҳа нима учун керак экан? Илгарилари, айтайлик, қадим ўтмишда у яшаб қолиши учун ов қилгандир. Бунисига майли. Кейин-чи, кейин? Кейин у эрмак учун ҳайвонларга қирон келтирди... Бора-бора яқинларини, ўз қавмини қира бошлади. Оҳ, бу қурол дегани одамзоднинг ўз бошига яратган балои азим бўлди! Айни шу қурол-аслаҳалар, аслида, қотилларни яратади, турли беҳуда урушларни келтириб чиқаради.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo